Исломий ҳукмлар асло машаққатли эмас
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замонамизнинг буюк ҳанафий, мужтаҳид олими Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Муҳаммад Шафиъ Усмонийнинг “Енгил амаллар” номли китобида мусулмон киши кундалик ҳаётида дуч келадиган, одатда эътибордан четда қоладиган амаллар ҳамда уларга бериладиган ажру мукофотлар ҳақида сўз юритилади.  “Такмилату фатҳил мулҳим”, “Буҳус фи қазоё фиқҳия муъо  саро”,“Аҳкомуз забҳ”, “Ма ҳиян насрония”, “Улумул Қуръон ва усулут тафсир”, “Асан никиян”, “Ислоҳи хутубот”, “Ислоҳи мажалис” ва “Маканатут тақлид фи мизониш шаръия”, “Инъомул борий”, “Дарси Термизий”, “Фатаво Усмоний”  каби бир неча машҳур асарлар муаллифи бўлган аллома бутун ҳаётини таълим-тарбия, китоб ёзиш ва фатво беришга бағишлаган.

Китобдан айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этишни ният қилдик. Аллоҳ таолодан китобда келтирилган кўрсатмаларга тўлиқ амал қилган ҳолда савобли амалларимизни кўпайтиришга ҳар биримизни муваффақ қилсин.

 

Исломий ҳукмлар асло машаққатли эмас

 

Барча нарсага Ўзи кифоя қилувчи Зот – Аллоҳ таолога ҳамд ва Унинг танлаган бандаси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло бу дунёни бандалари яхши амал қилиб охиратга захира тўплашлари ва бу билан Роббиларини рози, хушнуд қилишлари учун яратди. Лекин биз бандалар дунёнинг олди-берди ишларига алданиб, асл мақсаддан йироқлашиб, ғафлатда қолмоқдамиз. Бизнинг ҳаётимиз фақат эрта-ю кеч дунёвий истакларимизни қондириш ва умримизни янада роҳату фароғатда ўтказиш йўлида саъй-ҳаракат қилиш билан ўтиб кетмоқда. Саноқли бандаларгина дунё илинжида шошиб-пишиб ҳаракат қилиш асносида охиратини обод қилиш ҳақида ҳам ўйлайди. Ваҳоланки, бир кун келиб, бу дунёдан кетиш борлигини ҳеч ким, ҳатто даҳрий ҳам инкор қилмайди. Бу дунёни тарк қилиш муқаррардир, лекин банда қачон охират ҳаётига сафар қилишини билмайди. У дунёга чақириқ қачон кели шини фақатгина Яратганнинг Ўзи билади! Шундай экан, ўтаётган вақтни ғанимат билиш лозимдир.

Ислом дини охиратни обод қилишнинг осон ва содда йўлини кўрсатган. Бу йўлни танлаган инсоннинг дунёвий ҳаёти ҳам осуда ўтади. Афсус билан қайд этиш керакки, бугунги кунда инсонлар қалбига Ислом таълимотларига амал қилиш “қийин, машаққатли иш”, деган тушунча ўрнашиб қолган. “Бунинг учун кўплаб дунёвий манфаатлар, лаззат ва оромдан воз кечиш керак”, деган қўрқув ҳам йўқ эмас. Шу боис, кўплаб инсонлар Ислом дини кўрсатган йўл қийин деган тасаввур билан, у томон бир-икки одим ташлашга ҳам ботина олишмайди. Аслида эса, воқеълик батамом бунинг аксидир.

Биринчидан, исломий ҳукмлар асло машаққатли эмас. Агар банда уларга амал қилишни чин дилдан истаса, албатта, унга Аллоҳ таоло томонидан мадад берилади. Натижада, унинг бу дунёси ҳам, охирати ҳам мунаввар бўлади.

Иккинчидан, бирор ҳукмга амал қилиш фаразан бироз қийин ва машаққатли бўлиб туйилса-да, лекин охиратдаги абадий саодат олдида, бу умуман билинмай кетади. Ахир инсон кундалик ризқ-рўзи бут бўлиши учун ҳам мамнуният билан меҳнат қиладику! Чунки меҳнат қилса – қорни тўяди. Акс ҳолда эса – оч қолади. Шунингдек, исломий ҳукмларга амал қилиш орқали, охиратда бугун тасаввуримизга сиғдира олмайдиган ноз-неъматларга эга бўламиз. Агар охират учун ҳозир захира тўпламасак, эртага ҳолимиз жуда аянчли бўлади. Шундай экан, улуғ мақсад йўлида озгина машаққатдан қочмаслигимиз керак.

Учинчидан, исломий ҳукм ва таълимотларнинг баъзилари нисбатан кўпроқ меҳнат талаб қилса-да, Аллоҳ таоло кўплаб бошқа амалларни ортиқча меҳнат, вақт ва пул сарфлашсиз бажариш мумкин қилиб қўйган. Уларни адо этиш учун кишида озгина ҳафсала бўлиши етарлидир. Мўмин, озгина эътибор қилиб, Аллоҳ таоло томонидан кўрсатилган амалларни бажаришга киришса, ҳеч қандай машаққатсиз, маблағ ҳам сарфламай ўзининг номаи аъмолидаги ажру савобларни кўпайтириб олади. Энди, бу амалларни муттасил қилиб борса, иншааллоҳ, ўзи сезмаган ҳолда охирати учун захира жамлаб қўяди. Номаи аъмолимизда яхшиликларни кўпайтириб боришнинг аҳамиятини бугун ҳеч биримиз етарлича тушуниб етмаймиз. Лекин, Қиёмат куни кўзлар юмилган ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳузурига бориб, ҳисоб-китобга дуч келганимизда энг кичик яхшиликнинг ҳам нечоғлик қийматли эканига гувоҳ бўламиз. У ерда яхшиликни сотиб олиш учун танга ҳам, қоғоз пул ҳам бўлмайди. Қиёмат куни тилла ва кумуш ҳеч қандай наф бермайди. У ернинг пули – яхшиликдир. Ҳисоб-китоб куни бериладиган ягона савол: “Қанча яхшилик билан келдинг?” бўлади. Номаи аъмолда бирорта яхшилик бўлмаса, инсон: “Дунёда шунча яшаб нимага яхшиликларни жамлаб олмаган эканман?” деб ҳасрат-надомат қилади-ю, лекин уни тўғрилашга жуда кечиккан бўлади. Чунки эзгу амалларни бажариб, яхшиликларни ғамлаб

олиш фурсати ниҳоясига етган бўлади. Шу сабабли у куннинг ҳасрату надомати ҳеч қандай наф бермайди. Саҳобаи киромлар серажр ишларнинг қадру қимматини яхши билганлари сабабли, савобли ишларга жуда ҳарис эдилар. Фалон ишни қилсанг, сендан Аллоҳ рози бўлади, деган гапни эшитсалар, ўйлаб ҳам ўтирмай унинг пайидан бўлар, аксинча, қайсидир савобли амал ҳақида кечроқ маълумот олсалар, “нимага бу гап бизга етиб кел маган экан-а?”, “аввалроқ билганимизда унга амал қилган бўлар эдик”, деб надомат қилар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким жанозага намоз ўқилгунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот савоб, ким дафн қилингунича ҳозир бўлса, унга икки қийрот савоб бўлади”, дедилар”. Шунда “Икки қийрот нимадир?” дейилди. “Икки улкан тоққа ўхшаш нарса”, дедилар”. (Бешовлари ривоят қилганлар). Бошқа ривоятда: “Икки қийротнинг энг кичиги Уҳуд мисличадир”, дейилган. Ибн Умар жаноза намозини ўқиб, қайтиб кетар эди. У кишига Абу Ҳурайранинг ҳадиси етганда: “Бас, кўплаб қийротларни зое қилибмиз”, деди”. Ҳадисда келтирилган воқеанинг тафсилоти қуйидагичадир: Ибн Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини эшитгач, бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан сўради. Онамиз ҳам Абу Ҳурайранинг ҳадисини тасдиқ қилдилар. Шунда Ибн Умар жиддий тортиб: “Кўплаб қийротларни зое қилибмиз-ку”, дейди.

Биз ҳам Аллоҳ таолони рози қилувчи ва хушнуд бўлишига сабаб бўладиган ҳар қандай ажру савобли иш қадрли эканини билишимиз лозим. Бу орқали тириклик чоғимизда уларни амалга ошириб, охиратимизга захира тўплаб олишимиз мумкин. Айниқса, ортиқча машаққат ва алоҳида тайёргарликсиз бажариладиган яхши, ажрли ишларни қилишга улгуришимиз керак. Бепарволик билан бундай амалларни тарк қилиш – ўрни тўлмайдиган йўқотиш бўлиб, албатта, охират куни бунинг учун ҳасрат-надомат қилинади...

Мўмин-мусулмон биродарларимиздан илтимосимиз: “Олтинга тенг бу амалларни чуқур тафаккур билан ўқиб чиқиб, ҳаётингизга татбиқ қилишга урининг. Шояд, шу кичик амаллар туфайли Аллоҳ таолонинг марҳамати билан  ҳаётимиз Аллоҳнинг розилигига мувофиқ бўлиб, ишларимиз ўнгидан келса!”

Аллоҳ таоло Ўз фазлу инояти билан мен фақир ва барча мусулмонларга китобда келтириладиган савобли ишларга амал қилиш тафвиқини берсин ва амалларимизни Ўз даргоҳида қабул қилиб, охиратларимизни обод қилсин. Омин, Омин!

Муҳаммад Тақий Усмоний

(Китоб муқаддимасидан олинди)

Мавзуга оид мақолалар
Ислом билан бир давр ўз ниҳоясига етди, унинг ўрнида қиёматгача давом этадиган янги давр бошланди. Ботил давоми...

09:21 / 02.01.2022 3542
Руҳиятшунос табиблар инсонга кечаги оғриқларни унутишни ва бугунги кун воқеалари билан яшашни тавсия давоми...

22:00 / 08.11.2021 2555
Дунё мусибатлари кўп. Мўмин киши дунё имтиҳон ва синов диёри эканини билади. Мана шу синовга ҳар лаҳзада давоми...

22:00 / 02.01.2022 2700
Оиша онамиз Али розияллоҳу анҳу билан жанг қилишга чиққанларини иддао қилган рофизийлар, мазкур давоми...

09:00 / 24.11.2021 5353