ФЕЙСБУКДА «УЛАШИШ» - «SHARE» БИЛАН БОҒЛИҚ ОДОБЛАР
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5-ФАСЛ ФЕЙСБУКДА «УЛАШИШ» - «SHARE» БИЛАН БОҒЛИҚ ОДОБЛАР Эй мусулмон биродар, билгинки, фейсбукда ёзишишнинг жуда катта одоблари бор. Фойдали, солиҳ, Аллоҳ жалла ва аъла ҳузурида мақбул бўлган хабарни улашишни истовчи ҳар бир киши мазкур одоблар билан зийнатланиши керак. Аллоҳ таолонинг изни билан қуйида уларни баён қиламиз: 

1-Ихлос Инсон барча амалларию гап-сўзларида Аллоҳ таолога ихлосли бўлиши вожибдир. Мана шу Аллоҳнинг амри бўлиб, бу ҳақда У Зот шундай марҳамат қилади: «Айтгин: «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир» (Анъом сураси, 162-оят). Менинг барча амалим Аллоҳ таоло учундир, нафсимда ёки вужудимда инсонлар учун бирор нарса йўқ. Ҳаётим давомида келтирганларим, Аллоҳ менга жорий қилганлари, мамотимда менга тақдир қилинганлари барча-барчаси «...Оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ...» (Анъом сураси, 162-163-оятлар). Эй оламларнинг Робби, нафсимда, ҳаёту мамотимда инсонлар ҳамда улардан бошқалардан ҳеч ким Сенга шерик бўла олмас. Менинг барча амалларим ҳеч кимни, ҳеч нарсани Сенга шерик қилмасдан, фақат Сен учундир. Сен мен учун, мавжудотларнинг барчаси учун ягона Молик Зотсан. Мана шу мусулмон киши ҳар бир ҳолатда лозим тутиши вожиб бўлган асл(эътиқод)дир. Айниқса дунёнинг турли бурчакларидаги инсонлар – эркагу аёл жамланадиган Фейсбук оламида! Эҳтимол, банда риёга йўл қўйиши, махфий бўлган кичик ширк сабабли Аллоҳга ўзгани шерик қилиши мумкин. Буларнинг барчасида ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳдир! Бир одам ўз саҳифасига бир постни қўяди, одамларга бу солиҳ амал бўлиб кўринади. Аслида эса бу иш қалбдаги ният сабабли фасод бўлган фосид амалдир. Зотан, Аллоҳ азза ва жалла қалбдаги ҳар бир нарсани билади, қиёмат куни фақат қалбдаги нарсалар учун жазо ва мукофот беради. Роббимиз жалла ва аълонинг қуйидаги қавли бунга далилдир: «Албатта, У Зот уни қайта тирилтиришга қодирдир… сирлар фош бўладиган Кунда…» (Ториқ сураси, 8-9-оятлар) Суфён раҳимаҳуллоҳ: «сирлар фош бўладиган Кунда»дан мурод «хабардор имтихон қилинадиган кундир», деган. Қатода раҳимаҳуллоҳ эса: «Албатта, сирлар ошкор бўлувчидир. Бас, шундай экан, яхшиликни сир тутинглар, агар кучингиз етса, уни эълон қилинглар. Ваҳоланки, Аллоҳдан ўзгада қувват йўқдир», деган. 

2-Ҳаё Ҳаё ҳар бир қабиҳликнинг жиловидир. Ким Аллоҳга эътибор қаратса, У Зотдан ҳаё қилади. Ким бандаларга эътибор қаратса, улардан ҳаё қилади. Ким икки тарафга ҳам эътиборли бўлса, уларнинг ҳар бирига ҳаёдан ҳаққини беради. Ҳаёдан мосуво бўлган кимса қабиҳлик ва ёмонликлардан истаганини қилаверади. Абу Масъуд Уқба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга етиб келган нубувват сўзларидан бири «Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер», деган гапдир», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «нубувват сўзларидан» деганларидан мурод шуки, ҳаёнинг иши собитликда, истеъмоли эса аввалги нубувват замонидан бери вожибликда давом этиб келмоқда. Ҳеч бир пайғамбар йўқки, у ҳаё билан юборилган ва ҳаёга чақирган бўлмаса. Аввалги набийларнинг шариатлари насх бўлиб, уларнинг ўрни бошқасига алмаштирилган, лекин ҳаё насх ҳам бўлмаган, алмаштирилмаган ҳам. Зеро, у ҳақиқати билинган, фазли равшан, ақллар унинг гўзал иш эканига иттифоқ қилган, сифати насх ҳамда алмаштирилиши жоиз бўлмаган ишдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «хоҳлаганингни қилавер», деганларидан мурод Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлидир: «....нимани ҳоҳласангиз, қилаверинг....» (Фуссилат сураси, 40-оят). Бу эса таҳдид йўли билан ишни уларнинг ўзига ҳавола қилишдир. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ эса шундай деган: «Айтадиларки: У таҳдидли иш бўлиб, унинг йўналиши ва маъноси: «Агар сендан ҳаё тортиб олинган бўлса, ҳоҳлаганингни қилавер. Бас, албатта, Аллоҳ унинг учун сени жазолайди», деганидир. Бунда ҳаёнинг улкан иш эканига ишора бор». Шундай экан, Фейсбукка оид хабар улашаётган киши Аллоҳ ва Унинг бандаларидан ҳаё қилиб, ҳаё одобига хилоф бўлган нарсаларни тарқатмаслиги лозим. 

3-Имло қилиш ва ёзишдаги адолат Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин... Унинг валийси адолат билан айтиб турсин...» (Бақара сураси, 282-оят). Ушбу оят умумий ҳолда имло қилиш ва ёзишда адолатли бўлиш вожиблигига далолат қилади. Яна Аллоҳ билгувчи. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин!» (Бақара сураси, 79-оят). Мен айтаманки, туну кун фейсбук саҳифаларида улашиладиган нарсаларнинг аксари мана шулардир. Шунингдек, фейсбук саҳифасидаги кўп сонли жоҳиллар имомлар ва уламоларнинг тушунчалари, фикр-мулоҳазаларини аҳмоқлик деб номламоқдалар. Фақиҳларни эса Аллоҳнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ирода қилган нарсаларини англамасликда айблаяптилар. Ваҳоланки, улар ёлғон, фужур, уйдирма, инсонлардан нафратланиш ва уларни менсимасликдан бошқа бирор илмга эга эмаслар. Ана ўшалар сўзларни ўз ўрнидан ўзгартириш ҳамда тушунмаган нарсаларини гапириш учун фейсбук саҳифаларидан жой топганлар. Аллоҳ Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилсин. Қуртубий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Бу оятда шариатга қўшимча киритиш, ўзгартириш ва алмаштиришдан огоҳлантириш бор. Алмаштирган, ўзгартирган ёки Аллоҳнинг динидан бўлмаган ва унда жоиз бўлмаган ишларда янгилик киритган ҳар бир кимса мана шу шиддатли таҳдид ва аламли азоб остига киради». Бу таҳдид остида икки иш бор: 1-Адаштириш мақсадида ботилни ёзиш. 2-ёзилган нарсани Аллоҳнинг ҳузуридан дейиш. Бу иккисини жамлаш эса катта мункар ишдир. Қуръони карим балоғатининг кўринишларидан бири – юқоридаги оятда оддий гапириш эмас, ёзиш (китобат) зикр қилинганидир. Чунки ёзиш (китобат) гапириш(қавл)нинг ичига киритилиб, унга зиёда қилинганда у тил ва қўлнинг ёлғони бўлади. Мана шу балоғатлироқ бўлади. Зотан, қўл орқали бўлган каломнинг расми қолади, сўзлашувнинг эса асари йўқолади. Лекин агар инсон ичида ботил нарса зикр қилинган постни огоҳлантириш учун тарқатса ҳамда очиқ-ойдин ҳақни баён қилишга қодир бўлса, бунинг зарари йўқдир. Аллома Из ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Ботилга амал қилиниши учун ёзиш ҳаром, уни тушунтириш учун ёзишдан қайтарилади. Ботилни ботил қилиш учун воситачи бўлиш ботилдир». 

4-Рост сўзлаш Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар» (Тавба сураси, 119-оят). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида эса қуйидагичадир: «Содиқлардан бўлинглар». Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост сўзлайверади, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқлардан», деб ёзилади. Ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон сўзлайверади, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида «каззоблардан», деб ёзилади», дедилар». Муслим ривоят қилган. Фейсбук фойдаланувчиларининг аксари тарқатадиган хабарларида бир қанча мақсадлар учун ёлғон сўзлайдилар. Аллоҳдан ўзгада куч ва қувват йўқдир. Мазкур ёлғонга воқеликка хилоф бўлган латифалар, ёлғон ва ҳазиллардан иборат Фейсбук постлари ҳам киради. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмини кулдириш учун бирон сўз сўзлаган кимсага вайл бўлсин. Бас, у ёлғон гапиради. Унга вайл бўлсин, унга вайл бўлсин!» деганлар. Инсон ҳазилни касб қилиб олиши, унда зўр бериб, ҳаддан ошиши улкан хатолардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унга вайл бўлсин, унга вайл бўлсин!» деган сўзларига эътибор беринг. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мазаҳ қилувчининг ҳалокати шиддатли бўлишини маълум қилиш учун сўзларини такрор-такрор айтдилар. Зотан, ёлғоннинг ёлғиз ўзи барча мазаммат қилинган ишларнинг боши, барча ёмонликларнинг жамловчисидир. Агар бу ёлғонга қалбни ўлдирувчи, унутишга олиб борувчи, енгилтакликка етакловчи кулги ҳам қўшилса, у ҳолда бу қабиҳ ишларнинг энг қабиҳи бўлади. Шунинг учун ҳаким зотлар: «Аҳмоқлик билан ҳазиллашиш қабиҳликнинг ниҳоясидир», деганлар.

Мавзуга оид мақолалар
Саодатли хонимларCАВДА БИНТ ЗАМЪАрозияллоҳу анҳо 1савол Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотидан кейин давоми...

20:37 / 02.09.2020 4767
Aёлдаги гўзаллик Қандай аёл гўзалроқТўрт томонимиздан қуршаб олган турли масалаларда кунига минглаб давоми...

10:18 / 01.03.2021 3982
Қиз фарзанди дунёга келар келмас унинг сепини йиғишни бошлайдиган оилалардан иборат мўминлар жамиятининг давоми...

23:15 / 04.07.2020 6226
Эримнинг муносабатлари ўзгарган...Ҳурматли устозМени афв этасиз, деган умидда бир савол сўрамоқчи эдим. Бу давоми...

07:18 / 28.03.2020 4123