Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сиз Адунни Аденинг нигериялик актриса ва модел эканлигини эшитгансиз. У 1976 йил 7 июнда АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Квинс шаҳрида туғилган. Унинг миллати америкалик, у Нигерияда актриса ва модел сифатида ишлайди. Унинг отаси мусулмон, онаси эса насроний. Актриса ўз ҳикоясини ўзининг Инстаграмдаги расмий саҳифасига жойлаштирди. Қуйида унинг ҳикоясидан баҳраманд бўлишингиз мумкин:
“Биласизми, нега мен бу ерда дин тўғрисида зўрға гапираман? Бу мен учун жуда оғир ва таъсирчан мавзу. Ташқи кўринишимдан мени қандай динга эътиқод қилишимни билишингиз қийин. Сиз қандай диний амалларни қилаётганимни билишингиз учун менга жуда яқин бўлишингиз керак. Шундай қилиб, савол берган қизиққонлар учун: “Ҳа, мен мусулмонман. Мусулмон оиласида туғилганман ва мусулмон сифатида тарбия топганман”.
Менинг меҳрибон мусулмон отам бор, у ўз фарзандларига христиан ёки ислом динини ёки ўзлари истаган ҳар қандай динни танлаш имконини берган. Менинг онам христиан, аммо амалий жиҳатдан унинг эътиқоди бошқача. Ўгай онам ҳам христиан, ўгай опа-сингилларим ҳам христиан, ўгай акаларим эса мусулмон.
Илгари черковда бўлганманми? Жуда кўп. Мен бир мартта христианликни қабул қилганман, доим черковларга борар эдим. Бироқ, бир нарса аниқ эди, Ислом ҳеч қачон мени тарк этмади. Менинг одоб-ахлоқим, тарбиям аввал фақат мусулмон бўлганимни яққол билдириб турар эди. Бироқ “Яна исломга қайтсам, нима дер экан? Қандай бўлар экан?” деган хаёллар тарк этмасди.
Тахминан 4 йил олдин, 2016 йил 31 декабр куни мен ўз ҳаётимни ўзим учун яшашга қарор қилдим. Ёлғиз мен! Исломга қайтдим. Мен ҳақиқатдан бахтиёр эканимни ҳис қиляпман. Мен бахтлиман. Ислом туфайли жуда ҳам кўп баракага эришдим. Тўнғич ўғлим Исломда. У ҳозир намоз ўқийди ва рўза тутади.
Ҳа, тўғри, мен хоҳлаган нарсамни кияман, камтаринми ёки йўқми? Сиз менинг ички мақсадларимни қаердан ҳам била олардингиз?
Биласизми, сиз ҳозир ўтириб турли тахминлар қилишингиз осон, аммо мени таниган одамларнинг фикри бошқача. Билишимча, Исломда фақатгина Аллоҳ қалбимизга қараб ҳукм чиқаради. Сиз кўраётган нарса эмас, ўшанинг ичидаги нарса муҳим. Мен ҳеч кимдан мени шу тарзда қабул қилишини кутмаяпман. Мен одамлар ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб яшашларини истайман. Бошқа одамлар нима қилаётганидан хавотирланманг. Камроқ баҳо беринг, ғийбат қилманг, эътиборни фақат ўзингизга қаратинг ва қандай мўъжизалар содир бўлишини томоша қилинг.
Мусулмонларга маълумки, Рамазон ойида бизнинг дуоларимиз қабул бўлиши учун осмон эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Аллоҳнинг буюклигини ўтган Рамазон ойида кучли ҳис қилдим. Мен бу йил ва ундан кейинги йилларда ҳам Аллоҳнинг баракасини олишни сабрсизлик билан кутаман. Умид қиламанки, баъзи бир нарсаларга аниқлик кирита олдим...”
Дилноза Мамадалиева таржимаси