Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамиз аҳолисининг 15 фоизи (бир миллиарддан ортиқроқ инсон) ногиронликнинг у ёки бу туридан азият чекади. 60 ёшдан ошганларнинг 46 фоизини ногиронлар ташкил қилади. Ер юзидаги ногиронлиги бор инсонларнинг 10 фоизи эса болалардир.
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли қарорига асосан ҳар йили “3 декабр – Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол исботидир.
2020 йилнинг 5 декабр куни “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жомеъ масжидида “Сиз бизга кераксиз” шиори остида ўтказилган шодиёна тадбир ҳам юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Вақф хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида уюштирилди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан қутладилар. Сўнгра юртимизда олиб борилаётган ишлар, хусусан, аҳолини ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини тўлақонли ҳаёт кечириши, ишлаши, таълим олиши ва саломатлигини тиклаши учун олиб борилаётган ишлар, зарур шарт-шароитлар, имкониятлар ҳақида нутқ сўзладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Аллоҳ таоло бундай инсонларга сабрлари ва гўзал хулқлари учун ваъда қилган мукофотлари, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг улар хусусида қилган башоратлари ҳақида гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Диний идора бўлим мудири Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов кўзлари ожиз саҳоба Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу ҳақида ҳикоя қилдилар. Абаса сурасининг нозил бўлиши сабаблари ва бу сура Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қиссаси билан бошланиши ҳақида сўзлаб бердилар. Бу ҳикоялар бизни беихтиёр саодат асри томон етаклади... Кўзларимиз намланди. Айниқса, қироат илми катта уламоси Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги таъсирли ҳикоялар...
Гўзал табриклар ва фойдали мавъизалардан сўнг иштирокчилар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида салавоту нашидлар айтилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хайрли дуолар қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, тадбир жараёнлари, суҳбатлар, мавъизалар меҳмонлар ва иштирокчиларга сурдо таржимонлар ёрдамида таржима қилиб турилди.
Тадбирдан сўнг барча меҳмонлар имконияти чекланган ҳунармандларнинг қўл меҳнати билан ясаган маҳсулотлари кўргазмасини томоша қилдилар. Ҳомийлар томонидан барча иштирокчиларга эсдалик совғалари тақдим этилди.