БАХТ УЛАШИНГ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУҚАДДИМА

Агар инсон ҳаётнинг моҳиятини англаганида унда бахтни рўёбга чиқарадиган кўплаб сабабларни топган, дунё ҳаётини жаннатга айлантирган, охират дунёсига бормай туриб, жаннатни кўрган бўлар эди.

Баъзида инсон ўзига ўзи савол беради: ҳаётда яшашдан мақсадим нима? Тўплаётган бойлигимми? Ёки эришадиган мансабимми? Ёки мисқоллаб топаётган обрўйимми? Ёки барча роҳатбахш неъматлар ичида ғалаба ва муваффақият лаззатини татиган ҳолатимми? Мана шундай ҳолат кунма кун сирларини очиб келаётган илмми? Ёки бу ҳолат Парвардигоримга яқинлаштирадиган ва нафсимга хотиржамлик берадиган тақвоми?

Кўплаб хаёлпарастлар бахт бу ҳақиқати йўқ бўлган сўздир, у гумон пайдо қиладиган хаёлдир, ҳаёт уни ёлғонлигини исботлайди, деб айтадилар. Бундай инсонлар жоҳил ёки алданган кишилар экани аниқ. Зеро, Аллоҳ таоло бизларни мана шундай улкан борлиқ, яхшилик, неъматлар ва баракалар ичида яратиб, сўнг барчамизни бахтсиз бўлишимизни ирода этиши ақлга тўғри келмайди. Қолаверса, Аллоҳ таоло Ўз Расулига шундай деган: Тоҳо. Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ (Тоҳа сураси, 1-2-оятлар).

Аллоҳ таоло айтади: Агар Мен томонимдан сизга ҳидоят келганида, ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас (Тоҳа сураси, 123-оят).

Аллоҳ таоло бадбахтлар дўзах аҳли эканини айтган: Бас, бадбахт бўлганлар дўзахдалар. У ерда улар дод-фарёд қилурлар (Ҳуд сураси, 106 оят).

Шунингдек, бахтлилар жаннат аҳли деган: Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомики осмонлару ер бор экан, абадийлар (Ҳуд сураси, 108 оят).

Ана ундай хаёлпараст инсонлар наздида бахт бу – улар ҳис қилмайдиган нарса экани маълум бўлади.

Эпиктет айтади: ким ҳаётда бахтсиз бўлса, фақат ўзини маломат қилсин! Чунки унинг ўзи бахтсиз эканига сабабчидир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонларни фақат бахтли бўлиш учун яратган. Яхшилик Аллоҳ таолодандир. Ёмонлик эса, ўз нафсимиздан. Ҳақиқат шуки, бизнинг табиатимиз бизни бахтли ёки бахтсиз қилади, ҳолатимиз ёки вазиятимиз эмас...

Дунёда очиқ яхшилик ёки очиқ ёмонлик борми?! “Ярамас” сўзи “с” ҳарфи билан тугаганининг боиси ундан сўнг “саодат” бошланишига ишора эмасмикан?! “Умид” сўзидаги “м” ҳарфи сўз ўртасида келганининг сабаби “алам”нинг ниҳоя топгани учун эмасми?! Ҳаёт низоми ва борлиқ дастури мана шундай. Ҳар бир нарса ўзининг зидди орқали маълум бўлади. Агар бахтсизлик бўлмаганида бахт бўлмас эди. Тун бўлмаганида кун бўлмас эди. Зулмат бўлмаганида нурнинг гўзаллиги бўлмас эди.

Бахтли киши ўз ҳолатидан қандай рози бўлишни биладиган кишидир. Бахт бу бойлик ва ундан фойдаланиш эмас, мансаб ва унинг машҳурлиги ҳам эмас, муҳаббат ва унинг лаззати ҳам эмас, илм ҳам, унинг нур ва фойдаси ҳам эмас, жоҳиллик ҳам, унинг зарари ва мусибати ҳам эмас, гўзаллик ва унинг шафоати ҳам эмас. Бахт буларнинг бирортаси эмас. Буларнинг барчаси ҳам эмас. Балки, бахт бу – бахтли киши ўзини бахтли деб ҳисоблашидир!

Шубҳасиз, ҳаётда бахтли лаҳзалар бўлади. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Бу лаҳзани тақводор банда Парвардигорининг ҳузурида ҳис қилса, олим киши янги бир кашфиётни ихтиро қилганда, талаба ўз мақсадига етганда, табиб касал инсон шифо топганда, оддий ишчи ўз ишини тамомлаганда, аёл киши мурғак боласининг илк сўзларини эшитганда, оила раҳбари соғлом ва табассум қилиб турган фарзандлари бағрида ҳис қилади.

Ҳақиқат шуки, сиз Аллоҳ таолонинг неъматлари билан бурканган борлиқ ичида яшайсиз. Лекин инсон ана ўша неъматларни идрок қилиши лозим. Қанча инсонлар борки, Аллоҳ таолонинг фазлини идрок қилмайдилар. Идрок қилсалар ҳам, қайсидир неъматдан маҳрум бўлганларидан сўнг англайдилар!

Доктор Мустафо Сабоъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:

“Йилда бир бор суд идорасига кел! Шунда Аллоҳ таолонинг сенга берган гўзал хулқини англайсан.

Ойда бир бор касалхонага кел! Шунда Аллоҳ таоло сенга берган соғломлик неъматини англайсан.

Ҳафтада бир бор истироҳат боғига кел! Шунда Аллоҳ таоло сенга берган табиатнинг гўзаллигидаги неъматни англайсан.

Кунда бир бор кутубхонага кел! Шунда Аллоҳ таоло сенга берган ақл неъматини англайсан.

Ҳар лаҳзада Парвардигоринга қайт! Шунда Аллоҳ таоло сенга берган ҳаёт неъматини англайсан”.

Оз нарсага қаноат қил бахтли бўласан. Нафсингда улуғ ва буюк бўл, инсонлар наздида ҳурматли бўл. Ўрта ҳол бўл. Ҳаддан ортиқ бойлик эгаси бўлма. Дуч келган нарсанга очиқ юз ва шижоат билан сабр қил. Мағлубиятни гўё яхши кўрган нарсанг сингари қабул қил. Ғалабани эса, доимий ҳамроҳинг сингари кутиб ол. Доим гўзал нарсалар ҳақида фикр юрит. Фақат яхши сўзларни гапир. Инсонларга ҳасад қилма. Чунки агар сен улар бошидан ўтказаётган нарсанинг ҳақиқатини билганингда эди уларга раҳминг келар ва ўзинга ҳасад қилар эдинг. Сен қачон ўзингдан рози бўлсангина бахтли бўласан, хотиржам ва кўнглинг роҳат топади. Лекин нафсингни текширган вақтингда доим ўзингни рози қиладиган нарсани топмаслигинг мумкин. Қилишинг керак бўлган ишлар ҳали кўп, қилган ишларинг эса, жуда кам. Шу онда сен ўзингда ноёб сифатлар бор экани ва ўзингдан рози бўлишинг учун у сифатларни ривожлантиришинг кераклигини тушинасан.

Ҳақиқий мўмин киши дунё матоси йўқ бўлиб кетиши, мансаб, бойлик ва гўзаллик доимий эмаслигини билади. Шунинг учун Парвардигорини рози қилиш учун ҳаракат қилади. Бу ҳаётда Аллоҳ таоло берган нарсаларга қаноат қилади. Дунё учун абадий яшайдиган кишидек ҳаракат қилса, охират учун эртага ўлиб қоладиган кишидек ҳаракат қилади.

Бахт Аллоҳ таолога итоат қилишда, инсон ўзининг биродари бўлган инсонни яхши кўришида, камбағалга ёрдам беришда, жароҳат олган инсонга тез ёрдам кўрсатишда, йиқилган инсонни тургазиб қўйишда, оч инсонни тўйдиришда, кийимсизни кийинтиршда, меҳрга муҳтож инсонга меҳр кўрсатишдадир.

Хулоса шуки, инсоннинг саодати мукаммал бўлиши учун танаси соғлом бўлиши, ҳаёти тўкин бўлиши, хулқидан рози бўлиши, охирати учун ҳаракат қилувчи бўлиши керак. Агар мана шундай бўлса, бахтли бўлади. Бундай бўлмаса бахтли бўлмайди!

Улуғлардан бири айтган экан:

“Эй болажоним, бир кеча ва кундузда маълум вақтни тайин қилигин! Бу вақтда сени йўқдан бор қилган Правардигоринга қайт! Қаердан пайдо бўлганинг ва қаерга боришинг ҳақида фикр юрит. Ўтказган умрингда ўз нафсингни ҳисоб-китоб қил! Агар унда яхшиликни кўрсанг, шукр қил! Агар камчиликни кўрсанг, ҳаракат қил!”

Кўп вақтингни Аллоҳ таолони зикр қилиш билан ўтказ! Аллоҳ таоло шундай деган: “Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз” (Жумуъа сураси, 10 оят).

Бу китобни беш фаслга бўлдим:

Биринчи фасл “бахт қаерда?” деган номда бўлиб, унда бахт молу дунёдами ёки мансаб-обрўдами ёхуд бошқа нарсадами деган саволларга жавоб қидирилади.

Иккинчи фасл ҳақиқий бахтнинг манбаи бўлган имон ҳақида.

Учинчи фаслда бошқаларни қандай бахтли қилиш ҳақида сўзлашамиз.

Тўртинчи фасл эр ва хотин турмушидаги бахт ҳақида бўлиб, эр хотинини қандай бахтли қилиши ва хотин эрини қандай бахтли қилиши тўғрисида сўз боради.

Бешинчи фасл бахтнинг софлигини булғайдиган бадбинлик ва умидсизлик ҳақида гаплашамиз.

Аллоҳ таолодан ушбу китобнинг дунёга келишида хизмати синган барча-барча учун икки дунё бахт-саодатини сўраб қоламан! Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир!

Жидда, 19.05.2000 м.й.

15-Сафар, 1421 ҳ.й.

Доктор Ҳассон Шамсий

Калит сўзлар: Бахт улашинг
Мавзуга оид мақолалар
Самолётда бир ёрдамчи учувчи ва бир бошқарувчи учувчи бўлади. Иккиси ҳам самолётни бошқаради. Лекин қарорни фақат биттаси қабул қилади. Оилада ҳам қарор қабул давоми...

22:48 / 09 ноябрь 458
Катта соябон ва кичик соябонРоббимиз Аллоҳ оламларнинг Роббидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом оламларга раҳматдир. Китобимиз Қуръони Карим барча давоми...

22:00 / 06.03.2020 2196
Саодатли хонимлар31савол Хадижа розияллоҳу анҳонинг аввалги турмушларидан дунёга келган учта фарзандлари ҳам Исломни қабул қилганмиЖавоб Ҳа, ҳаммалари Исломни давоми...

22:03 / 12.07.2020 1675
Солиҳа аёлларга ўхшашни истайман... Ёшим 20 да. Университетда ўқийман. Шу ёшгача онамнинг барча қилган ҳаракатларига қарамай, на ўраниш ҳақида, на намоз ҳақида давоми...

15:22 / 09.04.2020 3063