Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Мен террорчи эмасман!»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Мен террорчи эмасман!»

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳга ҳамд, Расулига салоту салом бўлсин!

Афсуски, кечаги постим кўпчиликни ташвишга солиб қўйибди. Аслида унда айтилган гаплар баъзи жиҳатларга хос эди. «Гап эгасини топади», қабилида пост орқали муносабатимни билдираман десам, кўпчилик уни ўзи истаган томонга буриб, ўзи қандай тушунса, шундай талқин қилиб ташлади.

Гўзал водийнинг Фарғона, Марғилон ва Қўқон каби ҳар бир минтақасида бизнинг кўп йиллик қадрдонларимиз, дўстларимиз ва Ҳазратимнинг мухлислари жуда кўп. Ҳазратим бу юртларга борсалар, мухлислари бошларига кўтариб, эъзозлаб, эҳтиромларини жойига қўйиб олиб юришарди. Улардан кўп ҳурмат кўрганмиз, бунда ҳеч бир муболаға йўқ.
Гап мазкур меҳмондўст, бағрикенг халқ ҳақида эмас эди, бундан мутлақо йироқмиз.

Келинг, гапни бир бошдан бошлай қолай, токи сиз азизларнинг ҳам, ўзимизнинг ҳам қалбимизда ноўрин аразу гиналар, шубҳаю гумонларга ўрин қолмасин.

Икки йиллар аввал Қўқондан расмий отинойилардан бири ҳузуримизга ташриф буюриб, Қўқонга мухлисалар билан учрашувга таклиф қилди. «Насиб бўлса, борамиз», дедим. Бироз муддат ўтгач, Қўқондаги учта муассасага расмий таклифнома келди. Бири институт, бири аёл-қизлар қўмитаси, яна бири отинойилар билан учрашув. Ҳокимиятнинг ҳам рухсати бўлибди. Таклифномалар расмий бўлгани учун сўзсиз қабул қилдик. Булардан ташқари, хонадонларда меҳмондорчилик ҳам режалаштирилган эди.
Қисқаси, Қўқонга икки кунлик сафар режалаштирилди. Поездга чипталар олинди. Бир нечта кишилик жамоа сафарга тайёргарликни бошладик. Бизнинг боришимиз ҳақидаги хабар бутун Қўқон аҳлига тарқалган. Поезд йўлга тушишига бир неча соат қолганда барча расмий учрашувлар бекор қилингани, юқоридан рухсат бўлмагани ҳақида хабар келди.  Биз ҳам «Майли, насиб қилмаган экан-да», деб, тунда чипталарни қайтариш ҳаракатига тушдик. Аммо бизни таклиф қилган, ташрифимиз учун анчагина ҳаракат қилиб қўйганидан кейин бундай нохуш хабардан ниҳоятда тушкунликка тушиб қолган отинойи йиғлаб, қайта-қайта боришимизни илтимос қилиб сўрайверди. Гўёки остонадан қувилган меҳмон бўлсак-да, у ердаги суҳбатимизга муштоқ бўлиб турган опа-сингилларимизнинг кўнгли чўкишини ўйлаб, йўлга отландик. Иккита хонадонда меҳмон бўлдик. Одам у қадар кўп эмасди. Борлари ҳам тушкунликка тушиб қолишган эди. Борганимиздан то қайтгунимизча уларга тасалли бериш билан овора бўлдик.

Табиийки, мезбон отинойидан нима бўлганини сўрадик. Айтишича, ҳамма нарса ўз йўлида кетаётганида вилоят бош отинойиси: «Бу ишларни мендан берухсат қилибсиз», деб тўхтатиб қўйибди. Мезбон отинойи дастлаб бизни интститутга таклиф қилиш ташаббуси билан чиққанида, у ердаги мутасаддилар ниҳоятда хурсанд бўлиб кетишган ва дарров ишга киришиб кетишган экан. Бир айланиб, улар ҳам мезбон отинойига тамоман терс муносабатда бўлишибди. Бошқа ерларда ҳам аҳвол шундай бўлибди. Биз гап нимада эканлигини билиш учун вилоят бош отинойисининг келишини сўрадик. Чунки бўлиб ўтган ишлардан ҳамма хабар топган, жуда нохуш ҳолат юзага келган эди. Аммо у киши келмади, ҳатто телефон орқали гаплашишни ҳам рад этди.

Кейинчалик ҳам гапнинг тагига ета олмадик, аслида нима бўлганини аниқ била олмадик. Билганимиз шу бўлдики, ҳамма айб мезбон отинойининг бўйнига юкланибди, уни ўртага олиб муҳокама қилишибди… Кейин ишдан ҳайдашибди.

Танишларимиз вилоят бош отинойисига алоқага чиқишганида «Одинахон устозни кутиб олишга етарли ҳозирлик кўришмагани учун учрашувларни бекор қилдик», деган важни айтибди. Шунинг учун ташрифининг хабари бутун вилоятга тарқалган меҳмонни қувиб солиш керак эканми?! Ажиб... 

Мен, Аллоҳнинг содда бандаси  ўзимча: «Ҳали хижолат бўлишар. Энди тез орада ўша бекор қилинган учрашувлар ўрнига ундан яхшиларини ташкиллаштириб, узр сўраб таклиф қилишади», деб ўйлабман.

Шундан кейин орадан салкам икки йил ўтиб, шу кунларга Андижонга яқин қариндошларимизнинг тўйига борадиган бўлиб қолдик. Шу баҳона бир-икки катта тадбирларга таклиф қилишди. Йўл-йўлакай Фарғонага кириб ўтишни ҳам ният қилдик, чунки у томондан яна икки жойга таклиф қилишганди: бири хонадон, бири ўқув маркази. Бир-иккита ўзимизга ўхшаган содда опа-сингилларимиз бир юртдан бошқа бир юртга устоз келяптилар экан, илмларидан, суҳбатларидан, дуоларидан кўпроқ аёллар баҳраманд бўлиб қолишсин, деб яна ўша вилоят бош отинойисига чиқишибди. (Маълумки, у ерларда ишлаб чиқариш корхоналари кўп, аёл-қизлар турли завод-фабрика ва шу каби жойларда ишлаб, давлатимизга, халқимизга хизмат қилишмоқда. Мана шу тоифадаги аёлларимиз учун бир мотиватция бўлсин, руҳиятларини кўтарайлик, илмга қизиқишларини, меҳнат самародорликларини оширайлик, деган мақсадда суҳбатлар уюштирмоқчи эканлар) Вилоят бош отинойисидан дарҳол рад жавобини олишибди. У киши ҳеч нарсага кўнмабди. Тиниб-тинчимаган бош отин Тошкентдаги хизматгача хабар қилибди. Аммо бизникилар «тадбир бўлмасин», дейишмабди ёки «бўлса ҳам, ихчам бўлсин», дейишмабди. «Мавзулар мўътадил бўлсин», дейишибди, холос. Лекин биз Фарғонага етиб бормасимиздан гап-сўзлар кўпайиб кетибди. Бош отин тинмай учрашувни ташкил қилган опамизга алоқага чиқиб, «Нима бўляпти?» деб сўрайверибди, жуда тинчини йўқотиб, чиқмаган жойи қолмабди.

Аввал бир мухлисларимизнинг хонадонига бордик. Одам кўп эмасди. Оддий суҳбат бўлди. Лекин опа-сингилларнинг бесаранжомлиги юз-кўзидан кўриниб турар, бош отинойининг сиқувлари сабабли саросимада эдилар. У ерда узоқ қолмасдан, ўқув маркази томон йўл олдик. Кичиккина бир бино ичидаги кафтдеккина хонага кирдик. Тўпланган аёллар сони қирқтага ҳам бормайди. Ўша заҳоти назоратчилар келиб, рўпарамизга ўтиришди. Мен у ерда бомба ясашни, уни қандай портлатишни ўргатмоқчи эмасдим. Балки илмга рағбат учун икки оғиз сўз айтмоқчи эдим, холос. Ҳатто, илмларни диний ва дунёвийга ажратмаслик, барча илмларни мустаҳкам ўрганиш зарурлиги хусусида қисқагина гапирдим. У ерга боришимиздан асосий мақсад, ўша ерда ўқиб турган етим ва беваларнинг кўнглини кўтариш, уларга таълим бераётган ўқитувчиларни тақдирлаш эди, холос. Хуллас, бу муассасани ҳам тезда тарк қилиб чиқиб кетдик.

Бир зум ўтмай хабар келдики, учрашув учун узоқ-яқиндан келган мухлисаларни киритмай, ҳайдашибди. Кўпчилик қон йиғлаб қайтибди. Биз кетишимиз билан ўқув марказини Ички ишлар ходимлари босиб, мутасаддиларни сўроқ қилишибди, уларга лицензиясини олиб қўйиш билан таҳдид қилишибди. Орага бизга қарашли одамлар аралашиб, минг илтимослар билан Устознинг, шу ерда ўқиб турган етимларнинг ҳурматидан бу гал кечиришларини сўраб, тушунтириш хатларини ёзиб берганларидан кейин иш ҳал бўлибди.

Ҳали ҳокимиятга, ҳали ўқув марказига, ҳали ўртада турган масъулларга қўнғироқ қилиб ҳаловатини йўқотган вилоят бош отинойиси бош ролда ўзи эканлигини билдириб қўйди. Бир кўришиб, гаплашиб олишни илтимос қилган эдик, бу сафар ҳам учрашишдан бош тортди. Шунингдек, бу ишга дахлдор эмаслигини айтиб, бошқалар ҳам ўзини олиб қочишди. Агар алоқага чиқишганида, менинг уларга айтадиган гапларим бор эди. 

Бу не адоват?! Мазкур вилоят бош отинойиси билан бир-биримизни таниймиз. Қуръон мусобақасида бирга бўлганмиз. Агар ростдан ҳам юқоридан шундай буйруқ бўлганида, бизга нисбатан бироз эҳтироми бўлганида, ўзим билан икки оғиз гаплашиб, бу иш тепадан бўлаётганини айтмасмиди? Мен ҳам бундай ишларни яхши тушунаман, сувнинг оқимига қараб иш қиладиган одамлармиз.

Катакдек ерда юрагини ҳовучлаб, зўрға таълим бераётган ожизаларга бу қадар зуғумнинг нима кераги бор? Ваҳоланки, бу заифаларнинг қўлидан ёмонлик келмаслиги кундек равшан. Бу содда халқ ҳеч бўлмаса ихлос қўйган инсони билан бир дийдорлашиб, дуосини ҳам ола олмайдими? Етимларнинг шунчалик ҳурмати  йўқми? Динни  исташмаётган экан, ҳеч бўлмаса, ақалли инсонгарчиликни ҳам йиғиштириб қўйишмаса бўларди.

Юртимизда дин йўлида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда бу муомалани, бу тазйиқларни қандай тушуниш мумкин?! Ахир  Ўзбекистоннинг ҳамма жойида қонунларга бирдек амал қлиниши керакмасми?! Пойтахтда ҳар ойда бир нечта ташкилотларда, ўқув муассасаларида учрашувлар ташкил қилиниб, бир неча юзлаб муслималар, толиби илмлар билан суҳбатлар уюштирилиб турган бир пайтда мусулмонобод деб билганимиз водийнинг бир гўшасида бундай чекловлар ўрнатилишини нима деб тушунишимиз керак?!

Бу саволларимга ким жавоб беради? Тўғриси, дардимни кимга айтишни ҳам билмаяпман. Шунинг учун  мана шу ердан мурожаат қиляпман.

Аслида бу фикрларнинг ҳаммаси аввалги сафарги ҳолатда кўнглимиздан ўтган эди. Лекин яхши гумон қилиб, бирор сўз ёзишдан тийилган эдик. Бу сафаргиси дилимизни хуфтон қилиб юборди. Бунинг устига одамларимизнинг гапни бошқа томонга буриб юборганлари бор гапни ёзишимизга сабаб бўлди.
Буларни ёзишдан асосан иккита мақсад кўзланди. 
Биринчиси – қуйидагиларни билдириб қўйиш:

Мен террорчи эмасман!!! Аёлларни жиҳодга тарғиб қилаётганим йўқ, уларни давлатга қарши қўяётганим ҳам йўқ. Айтганимдек, отам қилмаган ишни қилмайман. Аёлларга айтадиган барча гапларимнинг хулосаси: «уйингнинг ичида ҳам, ташида ҳам яхши бўл» – шу холос! Қолаверса, ҳозирги кунда кўпчилик аёлларнинг маърузани тўлиқ англашга ҳам ҳоли йўқ. Кўпчилиги руҳан синиқ. Уларга дийдор керак, холос. Аксарияти маъруза пайтида хаёли паришон ўтиради. Кўзёши қилиб енгиллайди, холос.

Қолаверса, оддий бир домла Ҳазратнинг номларидан фойдаланиб, катта имтиёзларга эришаётган бир пайтда муборак номларини кўтариб юрган, қонларини қонларида ташиётганлар ким эканлигини ажрата ололмай ғафлатда қолаётганлардан ҳайронман. Аслида Ҳазратимизнинг номларини ҳар ерга аралаштиргим келмайди. Аммо на динимиз, на миллатимизга мансуб бўлмаган кишилар бу улуғ инсонни эҳтиром қилиб турганида ўзимизникиларнинг бундай қилиқлари инсонни лол қолдирмоқда.

Иккинчиси – биз истамаган ҳақиқат юзага чиқиб қолгани учун афсус-надомат чекаётганимизни изҳор қилиш:

Минг афсуслар бўлсинки, ўртадаги мана шунақа «салла-каллачи»лар халққа давлатни, раҳбарларни душман қилиб кўрсатмоқда. Бу жуда хатарли ҳолатдир. Ваҳоланки, биз шу кунгача барчадан ҳурмат кўриб келяпмиз, раҳбарлар ҳам бизни, Ҳазратимизни эътироф қилишган, алҳамдулиллаҳ. Лекин улар ўзларининг ўйламай қилаётган тасарруфлари ила Ҳазратимизнинг оилалари билан ўша минтақадаги мухлислар орасида ноқулай вазиятни юзага келтиришмоқда.

Хуллас, мен бу вилоят бош отинойисининг кимлигини тушуна олмай қолдим. Ким бўлган тақдирда ҳам, унга ҳам ҳай, дейдиганлар бордир? Устидан гапи ўтадиганлар бордир? Агар бор бўлса, у кишини тартибга чақириб қўйишларини сўрардим! Мен ҳаётим давомида бирор марта бу каби инсонга, кечагидек ҳолатларга дуч келмаган эдим. Ўзим учун мутлақо хафа эмасман. Чунки кўпинча ўзимга ёқмаган ҳолларга дуч келсам-да, сабр қиламан, вазминлик кўрсатаман. Қонун олдида ҳамма бир, дейман. Вазият шундай, дейман. Аммо шунча аёл-қизларимизнинг тушган ҳолларини кўриб, чидаб тура олмадим.

Дарвоқе, агар бир динсиз одам шундай иш қилганида, вақт сарфлаб, буларни ёзиб овора бўлиб ўтирмасдим. Ҳар ҳолда бу гапларнинг, воқеа-ҳодисаларнинг ортида «отин» деган ном турибди. Шуниси ўйлантиради кишини.

Шуни яна алоҳида таъкидлаб ўтаманки, бу гаплар маълум шахсларга қаратилган. Шу сабаб азиз биродарларимиздан фикр-мулоҳазаларни кўпайтирмасликларини илтимос қилардим. Муносабат билдирмоқчи бўлсалар, дуо билан кифоялансинлар, зеро, энг керак сўз дуодир.

Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасини ҳидоятидан айирмасин!

 

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм 2016 йил  июль ойининг 19 куни «Islom.uz» порталининг «muslimaat.uz»  сайтида Рамазон ойида ўтказилган «Рамазоннинг менинг  ҳаётимга давоми...

12:10 / 10.03.2017 2329
Бошни фидо айла ато қошиға Жисмни садқа қил ано бошиға... Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Сайтимизнинг муҳтарама фойдаланувчилари. Муборак давоми...

23:55 / 07.02.2017 1933
Улар эришган манзара сизни ҳам ҳайратга солади. Замзам суви черковларда чалинадиган қўнғироқ овозидан қораяди, азон ёки Қуръони Карим ўқилганда эса тиниқлашади. давоми...

09:47 / 02.01.2017 1767