Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ассалому алайкум. Турмуш қурганимга олти йил бўлди. Кекса қайнонам, хўжайним ва иккита ўғлим билан яшайман. Тўғриси, умрим давомида хотиржам яшай олмадим. Хўжайним асабий, жаҳлдор, дарров қизишиб кетиб, кўп калтаклайди. Қари қайнонам ҳам қаровга муҳтож. Бир томонда хўжайним, бир томонда қайнонам, бир томонда болаларим. Турли муносабатлардан, ҳолатлардан ҳаддан зиёд чарчадим. Хўжайнимга бу ҳақда айтсам, "Бу сенинг вазифанг, қилишинг керак", дея баттар жаҳллари чиқиб, сўкиб, калтаклайди. Имкон қадар сабр ва дуо қилиб яшаб келяпман. Аммо кейинги пайтларда уларнинг зуғуми ортиб кетди. Турли хил тиғли нарсалар билан калтаклаб, жароҳатлар етказмоқда. Ота-онамга бу ҳақда айтганимда, уйимизга келиб, олиб кетмоқчи бўлишди, аммо уларни ҳайдаб солди. Бу ҳолатда сабр қилишим керакми ёки ажрашсам бўладими? Нима қилсам бўлади?
Ҳуқуқшунос Лайло Қаршибоева жавоб беради:
– Ваалайкум ассалом Ушбу ҳолатга чидаб яшашга мажбур эмассиз. Ҳатто турмуш ўртоғингиз томонидан сизга нисбатан содир этилган ушбу зўравонликлар учун қонунда жавобгарлик мавжуд. Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуннинг 126-прим 1 моддасига асосан, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек, башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ажрим масаласига келадиган бўлсак, ўртангизда фарзанд бўлганлиги сабабли ФҲДЁ органига эмас, балки судга мурожаат қиласиз.
Дастлаб, ФҲДЁ органидан сиз турмуш ўртоғингиз билан никоҳдан ажратиш тўғрисида биргаликда ёзилган аризани бермаганлигингиз тўғрисидаги ёхуд уни бериб, турмуш ўртоғингиз никоҳдан ажратишни рўйхатдан ўтказишга келмаётганлиги тўғрисидаги маълумотномани оласиз;
Судга борасиз ва даъво ариза берасиз. Судга сиз қуйидагиларни тақдим этишингиз лозим:
3 нусхада никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси (суд девонхонасининг қабул қилинганлик белгиси қўйилган нусхаси сизда қолади, иккинчи нусхаси турмуш ўртоғингизга берилади, учинчи нусхаси унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга судда қолади);
никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
паспорт нусхалари;
сизнинг яшаш жойингиз ва турмуш ўртоғингиз яшаш жойида (энг яхшиси – манзиллар бюросидан) маълумотномалар;
болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари (агар фарзандингиз бўлса)
давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитанция.
Савол бериш учун:
Savollar.muslimaat.uz
#Савол_жавоб
T.me/muslimaatuz