Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Мен, Аллоҳга беҳисоб шукр, яқин йиллардан бери “Мuslimаat.uz”, “Bintu Sodiq” каналларини кузатиб бораман. У ердаги иймонни қувватлантирадиган, динимизни тушуниш, уни чуқурроқ ўрганишда катта кўмак берадиган маълумотларни ўқиганим сари сув ичиб, чанқоғи қонаётган одам каби роҳатни ҳис қиламан.
Бу каналларни кузата бошлашим ҳаммани уйга боғлаб қўйган карантин давридан бошланди. Устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқнинг сермазмун, мулоҳазали, доно, теран фикрларини, сокин, гўзал суҳбатларини тинглаганим сари қалб кўзим очилиб, Аллоҳ таолога яқинлашиб бораётганимни ҳис қилардим...
Шундай кунларнинг бирида, “Мuslimaаt.uz” нинг бир ходимаси ўз уйида, иш жойида ўтириб, синовли дамларда киши ўзини қандай тутиши лозимлиги ва бу борада динимизнинг кўрсатмалари қандайлиги ҳақида сўзлар эди. Овози кимнидир эслатар, жуда таниш овоз эди. Телефонни қўлимга олиб, диққат билан қарадим: ҳа, мен янглишмаган эдим. Бу ўша – болаликдан мактабда энг фаол ўқувчилардан бўлган, энг аълочи, энг жонкуяр, тиниб-тинчимас, ҳар қандай маданий-маърифий, маънавий тадбирларни қойилмақом қилиб тайёрлаб, юқори савияда ўтказиб берадиган, жарангли, қўнғироқдай овози билан мактаб, туман, вилоят тадбирларида саҳналарни “портлатган”, зиммасига юклатилган топшириқни аъло даражада бажарадиган, ўқитувчиларнинг энг севимли ўқувчиси бўлган Барно опам эдилар. Мен Барно опам билан бир мактабда, улардан бир синф кейин ўқир эдим, кўпгина тадбирларда бирга иштирок этардик. Барно опам барча масъулиятни зиммасига олганларидан, ўтаётган тадбир қайси ўқитувчи томонидан ташкиллаштирилаётганини ҳам билмасдик. Тақдир тақозоси билан мактабдошим, маҳалладошим Барно опамни узоқ йиллардан бери кўрмаган эдим, улар ҳақида деярли маълумотим ҳам йўқ эди...
Мен Барно опамни топганимдан жуда ҳам хурсанд эдим. Уларнинг фаолиятлари ҳақида, айниқса, азиз инсон, буюк олим, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига кўрсатган хизматлари ҳақида билганимдан кейин уларга бўлган ҳурматим янада ортди. Шайх ҳазратларининг китобларини ҳар сафар қўлимга олиб, варақлаганимда, кўпинча «Муҳаррир: Барно Саидраҳмон», деган ёзувга кўзим тушарди. Лекин бу — ўша болаликдаги қадрдон, мен жуда ҳурмат қилган Барно опам эканликларини билмаган эдим...
Барно опамнинг динимиз ривожига қўшган, қўшаётган ҳиссаларини кўриб, севимли Устозамиз, Қуръон ходимаси, муслималарнинг чинакам йўлбошчиси, фақиҳа, ҳаммамиз учун қадрли инсон Ҳазратимиз раҳимаҳуллоҳнинг суюкли қизлари – Одинахон Муҳаммад Содиқ билан биргаликда фаолият олиб бораётганларини билгач, уларга янада ҳавасим келди. Орадан маълум вақт ўтиб, мен Аллоҳ таолонинг изни билан “Сарҳисоб – 1443” тадбирида қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. Устозамиз “Йилнинг хос мукофоти” ҳақида гапираётганларида кўз олдимга фақат Барно опам келдилар. Туйғуларим алдамаган эди. Уларнинг номларини эълон қилишлари билан севинчдан кўзларим порлаб, юрагим ҳапқириб кетди. Мукофот ўз эгасини топган эди... Фурсатдан фойдаланиб, опажоним Барно Саидраҳмонга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик тилаб, қилаётган эзгу ишларида, меҳнат фаолиятларида куч-қувват, ғайрат-шижоат у кишини ҳеч қачон тарк этмаслигини, яна узоқ йиллар Устозамизга елкадош бўлиб, динимиз ривожига янада кўпроқ ҳисса қўшиб юришларини Аллоҳ таолодан сўраб қоламан.
Чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан, Қундузхон Озодхон қизи. Пискент шаҳри