Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ қилганлар. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун мувофиқ ва лойиқ равишда жиҳозлаши шарт. Ундаги кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, гиламлар – барча нарсалар куёв томонидан олиб берилган келиннинг мулки ҳисобланади. Куёв улардан ўз мулки сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.
Ҳанафий мазҳабида уй жиҳозларини тайёрлаш худди аёлга нафақа ва кийим бериш каби эрга вожибдир.
«Маҳр» деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ. Чунки маҳр сеп ва жиҳоз сотиб олиш учун эмас, келиндан ҳузурланиш муқобилига бериладиган нарса.
Бир одам маҳрга минг динор берди. Одатда, бунчалик кўп маҳр олган келин кўп сеп билан келар эди. Аммо бу келин оз сеп билан келди. Шундай ҳолатда эр: «Сен кўп жиҳоз билан келишинг керак эди», дейишга ҳаққи йўқ.
Келин ўзи билан олиб келган сепига ўзи эга ҳисобланади. Эрнинг у нарсаларда ҳаққи йўқ.
Агар эр маҳрдан ташқари, жиҳоз олишга алоҳида пул берган бўлса, келин ҳеч нарса олмай келса, эр талаб қилиши мумкин. Аммо маълум муддат индамай юрса, рози бўлган ҳисобланади ва кейин талаб қилишга ҳаққи қолмайди.
Агар ота, урф-одатга биноан, қизига сеп олиб берган бўлса, кейин уни қайтариб олишга ҳаққи йўқ. Ота вафот этгандан кейин бошқа меросхўрлар ҳам ололмайдилар.
Ота қизи кичкиналик пайтида унга сеп бўладиган нарсани сотиб олиб берган бўлса, кейинчалик орада низо чиқиб, ота: «Омонатга берган эдим», деса, қиз эса: «Сепга берилган эди», деса, ҳужжат-далиллари бўлмаса, қизнинг гапи ўтади. Агар қиз вафот этганидан кейин низо чиқса, унинг эрининг гапи ўтади.
Агар она уйдаги нарсалардан баъзисини отадан сўрамай қизига берса, ота индамаса, у нарсалар қизга сеп бўлади, қайтариб олиш мумкин эмас.
Агар куёв қизнинг валийларига тўйни тезлаштириш учун бирор нарса берса, кейинчалик: «Ўша нар-сани қайтариб беринглар», дейишга ҳаққи бор. Чунки у нарса ришва – пора ҳисобланади.
Агар келинга ота‑онаси сеп ва уй жиҳозлари тайёрлаб беришни истасалар, бу уларнинг муруввати ҳисобланади, мажбурияти эмас.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг "Бахтиёр оила" китобидан.