Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оламлар Роббиси Аллоҳ таолонинг зотига муносиб саловат ва саломлар бўлсин! Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Каримни ва йўлбошчимиз ва шафоатчимиз бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларида мустаҳкам туриб, оят ва ҳадисга амал қилишни ўргатиб кетган саҳобаи киромлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Ислом, иймон, тақво илмини бизларга тўғри ва тўлиқ етказиш йўлида куну тунлар тинмай, машаққат билан меҳнат қилиб, китоблар битиб кетган ва битаётган уламоларимизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Ислом динини ихтиёр қилиб, Аллоҳни таниб, унинг розилиги учун Ўзи кўрсатган йўлдан юриб, икки дунё саодатини истаган бахтиёр инсонлар қаторида яшашни насиб этганига қанча шукр қилсак, шунча оз.
Эртаю кеч ибодатларимизда Роббимиздан Ўзи ўргатган дуо билан, яъни «Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта, Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилгувчисан», дея ёлворамиз. Чунки биз онгсиз бандалармиз. Синов, имтиҳон майдони бўлмиш бу ҳаёти дунёда агар Роббим Ўзи асрамаса, залолатга кетиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
Аллоҳ таоло – ўз бандаларининг қалбидаги ниятларини билгувчи Зот. Мўмин-мусулмон нима амал қилса ҳам, ўша амали Аллоҳ даргоҳида ҳусни қабул бўлишини истайди. Шу туфайли билиб-билмай қилган гуноҳларини мағфират қилинишини, шунингдек, ўша амалидан ажр-савобга эга бўлишини, ўша ажр-савоблардан вафот этиб кетган ота-оналари, жигарлари ва ёру биродарларининг руҳлари ҳам баҳраманд бўлишини истайди.
Яқинда бир қариндошимизнинг аёлини оналари вафот этди. Таъзияга бордик. Уй-жойлари айтарли даражада эмаслиги учун ўша аёл таъзия маросимини ўз уйида ўтказишини айтиб, бизни ҳам таклиф қилди. Айтилган кунда эҳсонга бордик. Дастурхон ниҳоятда тўкин. Неъматларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Ҳозирги кундаги нарх-навонинг юқорилигига қарамасдан, дастурхондаги ҳўл мева, олма, анор, нок, апелсин, банан ва ҳатто ананасгача қўйилган. Ундан ташқари, хандон пистаю бодомдан тортиб, ҳинд ёнғоғигача бекаму кўст қўйилган.
Меҳмонларнинг баъзилари ҳавас билан, баъзилари ҳасад билан неъматларга қўл узатишар экан, кимдир уй эгаларининг ва марҳуманинг ҳақларига яхши дуолар қилди. Яна бошқаси ҳайрату хурсандчиликка қўшимча қилиб, пулинг бўлса, чангалда шўрва. Ўзиям солиқ назоратида ишлагани боис, таниш-билишлари кўп, бозорчилар билан келишиб, ҳаммасини ижарага олибди, деб қўйди.
Ана холос..... Бу гапни эшитганлар туриб кетгунларича, ўша айтган нарсаларни тановул қилиш учун уларга қўл теккизишмади. Буларни қўйиб туринг. Дастурхонга меҳмонлар учун тортилган таомларни қаранг: аввал ширгуруч, холвайтар, кейин мошқовоқ, ундан кейин ивитилган туршак ва ҳоказолар. Бир нарсани ҳеч тушунолмайман. Нега инсон қилаётган ишларини оқибатини ўйламай шу қадар бепарво?!
Қилинаётган бу каби эҳсонлардан қандай наф? Шунча ҳаракат, шунча ҳаражат қилиб, инсон савоб оладими ёки гуноҳкор бўладими? Ижарага ҳўл меваю чақир-чуқур, турли хил ширинликларни олиб, нафақат тўйлар, балки эҳсонларни қилиш одати қаердан чиқди?
Эҳсонларимиз Аллоҳнинг даргоҳида ҳусни қабул бўлиши учун ,аввало, уни чин ихлос билан, чин дилдан, беминнат, бериё қилишимиз керак. Албатта, имкониятимиз даражасини ҳисобга олиб, юзлаб кишиларга эмас, кичикроқ қилиб ўн-ўн беш кишиларга бўлса ҳам, қарзга ботмасдан, ижарага олиб дастурхон безатмасдан, малол келтирмасдан қилишимиз мумкин-ку?!
Энг ачинарлиси, вафот этганларнинг руҳларини шод қилиш, савоблардан баҳраманд қилиш учун ўтказиладиган барча эҳсонларда ўликка атаб, ширгуруч, мошқовоқ, холвайтар, ток оши, ивитилган туршакларни дастурхонга тортиш тобора кучайиб боряпти. Буларни қурби етган ҳам, қурби етмаган ҳам қилиши шарт бўлиб қолди.
Бу каби ишлар одатлардаги бидъат ҳисобланади. Бидъат эса янги пайдо бўлган иш. Бу турдаги бидъатларнинг келиб чиқиш сабаби Қуръон ва Суннат таълимотларини билмаслигимиздан, ҳавои нафсга эргашишимиздан, урф-одатларни маҳкам ушлаб олиб, ота-боболаримизнинг қилган ишини диндан деб билишимиздан ва тақлидчилигимиздандир.
Азиз муҳтарама опа-сингиллар! Амалларимиз хабата бўлмасин десак, бундай бидъат-хурофотлардан нари бўлайлик. Аллоҳ барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Омин!