Истиғфор айтишга тарғиб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Истиғфор айтишга динимизда кўп бор тарғиб қилинган. Бунга Аллоҳнинг Расули, саҳобаи киромлар қаттиқ амал қилганлар, улардан кейинги тобеинлар, табаъ тобеинлар, барча ўтган азиз уламолар, солиҳ зотлар ҳам уларга эргашиб ўтган. Албатта, биз ҳам ушбу шарафли йўлнинг давомчиларидан бўлиб, Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришиш йўлида астойдил ҳаракатда бўлишимиз лозим.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг муборак каломида марҳамат қилади:

      وَاسْتَغْفِرِ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا

Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.   (Нисо сураси, 106-оят).

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан кўп Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», деб айтганларини эшитдим».  

Имом Бухорий ривояти

Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни гуноҳ қилишдан асраб қўйган, шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтаман демоқдалар. Бошқа бир ривоятда юз марта дейилган. Аллоҳ таоло фаразан гуноҳлари бўлса ҳам, аввалгию охиргисини кечириб қўйган Зот бир кунда етмиш ёки юз марта истиғфор айтган бўлсалар, биз, гуноҳкор бандалар бир кунда неча марта истиғфор айтишни ўйлаб кўраверайлик.

Шунингдек, истиғфор айтиш учун гуноҳ қилиш шарт эмас, яъни биз истиғфор айтадиган иш қилмадик,  деб ўйламай истиғфор айтишимиз керак. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истиғфор айтишга аёлларни алоҳида тарғиб қилганлар.  Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Эй, аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизни аҳли дўзахнинг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар.

 Улардан бир гапга уста аёл:  «Эй, Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, аҳли дўзахнинг кўпи эканмиз?» деди.  У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларни ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар».

 Ҳалиги аёл:  «Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди.  У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ақлнинг нуқсонига келсак, икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».

Бухорийнинг иборасида:  «Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар.  Улар:  «Худди шундоқ», дейишди. У Зот: «Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.  

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Ўтган азизларимиз ҳам истиғфор айтишга тарғиб қилиб келганлар: «Нажот кемаси бўла туриб чўкиб кетгандан ажабланаман» дедилар Суфён Саврий.  «У нима эди?» – деб сўраганларида, «Истиғфор» - дедилар. Уламолар ҳар бир гуноҳдан сўнг истиғфор айтиш вожибдир дейдилар.

Оддий ҳолларда эса доим истиғфор айтиб юришлик мустаҳаб амал ҳисобланади. Айниқса, саҳар вақтида айтишлик жуда яхшидир. Аллоҳ таоло Каломида мўминларнинг сифатларидан бир нечтасини келтириб, жумладан қуйидагини айтади:

                                   وَالْمُسْتَغْفِرِينَ بِالْأَسْحَارِ

«... Ва саҳарда истиғфор айтувчилардир». (Оли Имрон, 17-оят)

Ҳадиси шарифда ҳам кечанинг учдан бири қолганда истиғфор айтишга тарғиб қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Кечанинг охирги учдан бири қолганида Роббимиз дунё осмонига тушиб: «Ким Менга дуо қилади, ижобат этаман, ким Мендан сўрайди, сўраганини бераман, ким Менга истиғфор айтади, гуноҳларини кечираман», дейди», дедилар.

 Имом Бухорий ривоятлари

давоми бор...

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Таҳорат қилиш чоғида таҳорат синиб қолса, қайтадан таҳорат қилинадими ЖАВОБ Таҳоратни давоми...

21:35 / 17.03.2017 4515
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ўзи эшитган озорга сабр давоми...

05:58 / 20.11.2016 5566
Бола меҳр кўрмай ўсса, гиначи, жаҳлдор, давомли совғасалом билан эркалаб ўстирилса, қизғончиқ, ҳаддан ортиқ давоми...

21:01 / 26.09.2023 1732
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг ҳузуридаги энг яхши давоми...

19:40 / 09.12.2016 5809