Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бола туғилди, у учун топишмоқ бўлган ёруғ дунё энди унинг кўз ўнгида турибди. Чақалоқ дунёга келган лаҳзалариданоқ завқли ва қизиқишларга бой ривожланиш жараёни кеча бошлайди, атрофини ўраб турган мавжудликларни ва ўз шахсий лаёқатларини ўрганишга киришади у.
Боланинг икки ёшгача ривожланишини шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин:
Биринчиси, бола дунёни, атрофидаги воқеликларни териси орқали ўрганадиган пайт.
Иккинчи, у фаол ҳаракатларни бошлаган пайт.
Учинчиси, болакай илк қадамини ташлаган пайт.
Янгиликлар, боланинг ҳар бир босқичидаги ўзгаришлари унинг ўзи учун ҳам, яқинлари учун ҳам қадрлидир, шунинг учун унинг изланишлари чегараланиб қолмайди. Туғруқдан кейинги биринчи лаҳзалардаёқ боланинг ҳайрат сезгилари иш бошлайди. Ушбу лаҳзага қадар бола ўз танасига бевосита тегишни жуда кам ҳис қилади. Фақат туғилган лаҳзасидан бошлаб унинг сезувчанлик қобилияти уйғонишни бошлайди. Болани қўлингизга олганингизда, қучоқлаганингизда ва баъзан силаб қўйганингизда у биринчи марта ниманидир ҳис қилади. Шунингдек, бола танасининг турли қисмлари қўлингиз тегишидан турлича таъсирланади. Биринчи марта кўкракка яқинлаштирганингизда унда нафақат овқатга нисбатан хоҳиш, балки хотиржамлик ҳам уйғонади. Бир неча кундан кейин у ўзидан 30 см гача узоқликда бўлган нарсаларни оқ-қора рангда илғай бошлайди. Лекин у ҳали дунёни кўзи билан кўриб эмас, териси орқали ҳис қилиб фаол ўрганади. Мана шу даврда ҳар қанча нозик бўлмасин, барча тегишлар унга таниш бўлади. Тегиш орқали уни жуда кўп нарсадан хабардор қилиш, миясининг фаол ривожланишига таъсир кўрсатиш мумкин. Секин-асталик билан бола ҳаракатланишни бошлайди. Бошини тутади, тўнкарилишни бошлайди, ўтиришга ҳаракат қилади, ўрмалашни ўрганади. У эмаклашни кутилмаганда бошлайди. Эмаклашни ҳар хил кўринишлари бўлиб, бола ўзига қулай бўлган ҳаракатни танлайди. Боланинг ҳаракатларига ҳеч нарса ҳалақит бермаслиги керак. Унга ҳар жиҳатдан қулай шароитни яратиб бериш лозим. Ва ниҳоят, болажон биринчи қадамини ташлайди. Кўпгина болалар бир ёшнинг нари-берисида юриш илмини ўрганиб оладилар. Юришни бошладими, у энди ўзини мустақил сезади. Баъзи ота-оналар боласининг ҳаракатлари мутахассислар белгилаб берган меъёрдан ўтиб кетгани ёки орқада қолаётганидан ташвишга тушадилар. Болалар ҳар хил тезликда ривожланадилар. Ҳар бир бола ноёб ва такрорланмасдир. Боланинг ҳаракатларини кузатиб бориш, ривожланишнинг ҳар бир босқичида унинг изланишларини қўллаб-қувватлаш, шароит яратиб бериш зарур, шундагина у сизнинг кўз ўнгингизда сиз истагандек ўсади.«Ҳадемай она бўласиз» китобидан олинди.