Кичкина болага «эй ўғлим» дейиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Ажалон ал-Муҳорибий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Ибн Зубайрнинг лашкарида эдим. Амакиваччам вафот қилди ва туясини Аллоҳнинг йўлига атаб васият қилди. Бас, мен унинг ўғлига:

«Туяни менга бер. Мен Ибн Зубайрнинг лашкаридаман», дедим. «Юр! Ибн Умардан сўрайлик», деди. Ибн Умарнинг олдига бордик. У: «Эй Абу Абдурроҳман! Менинг отам вафот қилди ва бир туясини Аллоҳнинг йўлига атаб васият қилди. Манави – амакимнинг ўғли. У – Ибн Зубайрнинг лашкарида. Туяни унга берсам бўладими?» деди. Ибн Умар: «Эй ўғлим! Барча солиҳ амаллар Аллоҳнинг йўлидир. Агар отанг Аллоҳ Азза ва Жалланинг йўлида бир туя атаган бўлса, бир мусулмон қавмни мушрик қавмга қарши ғазот қилаётганини кўрсанг, туяни уларга берсанг бўлади. Манави ва унинг шериклари бир қавмнинг ғуломлари йўлида қай бири муҳрни қўяркин, деб уришишяпти», деди».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан сўнг Маккада хилофат эълон қилиб, Муовия розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлар. Лашкар тузиб, Муовия розияллоҳу анҳу юборган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий бошчилигидаги аскар билан қаттиқ жанг қилганлар. Демак, бу қиссани айтаётган ровий Маккада ўн йилча хилофатни тутиб турган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг лашкарлари сафида бўлган. Мусулмон мусулмон билан уришса, Аллоҳнинг йўлидаги амал бўлмайди. Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг йўлига аталган туяни уларга беришни раво кўрмадилар. Бу ҳадиснинг бобга тааллуқли жойи, Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг туяни беришни сўраб келган йигитга «эй ўғлим» деб айтган гапларидир. Шундай улуғ саҳоба бу сўзни айтдиларми – демак, бу нарса жоиз экан. Катта ёшли, илмли, виқорли кишилар ўзидан кичикларга болам, ўғлим, деб мурожаат қилса, бўлар экан. Баъзан бировнинг боласини болам деб бўлмайди, ўғлим деб бўлмайди, деган маъноларга тўғри келмас экан. Боласи эмаслиги аниқ, болам бўлади, деб даъво ҳам қилмаяпти. Ёши катта одам сифатида ўзидан кичик одамга болам, ўғлим, қизим, демоқда, холос. Бу нарса жоиз экан.

Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: «Жарирнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга раҳим қилмаса, Аллоҳ Азза ва Жалла унга раҳим қилмайди», дедилар деганини эшитдим». Шарҳ: Бу ерда лафз бировни ўғлим, болам дейишдан узоқ. Бироқ раҳим-шафқат маъносида бировни ўғлим, қизим дейиш мумкинлигига ишора бор. Имом Бухорий шу сабабдан ушбу ҳадисни мазкур бобга киритиб қўйганлар.

Қубайса ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умарнинг: «Ким раҳим қилмаса, унга ҳам раҳим қилинмайди. Ким бировни кечирмаса, уни ҳам кечирилмайди. Ким бировни афв қилмаса, уни ҳам афв қилинмайди. Ким бировни бирор нарсадан сақламаса, уни ҳам биров бирор нарсадан сақламайди», деганини эшитдим». Шарҳ: Демак, қандайдир яхшиликдан умидвор бўлган одам ўша яхшиликни ўзи қилиши керак экан. Аллоҳ таоло менга раҳим қилсин, деган одам бировга раҳим қилиши керак экан. Аллоҳ таоло мени мағфират қилсин, деган одамнинг ўзи кечиришга қудрати етса, бировни кечириши керак экан. Аллоҳ таоло мени афв қилсин, деган одамнинг ўзи афвга қудрати етса, бировни афв қилиши керак экан. Аллоҳ таоло мени турли нарсалардан сақласин, деган одамнинг ўзи бировларни қўлидан келгунча ҳимоя қилиши, сақлаши керак экан.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордикrdquo Анбиё сураси, давоми...

21:48 / 18.10.2023 2158
Муборак Рамазон ойи рўзаси холис Аллоҳ учун тутилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Меҳрибон Аллоҳ бизга бу давоми...

19:00 / 16.05.2018 1883
  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

19:23 / 03.06.2017 5997
Автобусда кетаётиб, кўпинча шундай воқеаларнинг гувоҳи бўлиб қоламан мактаб ёшидаги болалар автобусга давоми...

21:00 / 20.10.2019 3541