Менинг гўзал хотираларим
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

«Албатта, бир кун келиб, Ҳазрат ҳақларида ёзаман. Ахир оддий бир инсоннинг чин ихлос билан қилган орзуси, албатта, амалга ошишини инсонлар ҳам билишсин.  Бўлмасам, мен қаерда-ю, бутун олам танийдиган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаерда эдилар? Агар бу чин дилдан Аллоҳдан сўралган тилакнинг ижобати бўлмаса,  нима эди?» деб ўйлардим. Аммо бу ёзиладиганлар Шайх ҳазратлари ҳақларидаги хотиралар бўлади, деб асло ўйламагандим...

Келинг, яхшиси, бу ағдар-тўнтар хаёлларни тартибга солиб, тарихан кетма-кетликни тўғрилаб, ҳаммасини бошидан бошлаймиз.

         Тахминан, 1989 йиллар бўлса керак. Ўша пайтларда  бизнинг ҳам оила аъзоларимиз  турли ойнома (журнал)ларга   обуна бўлишганди. Биз ҳар ой «Фан ва турмуш»ни олардик. Ота-онам уни ўқишарди. Мен ҳам ўқиган бўлардим-у, лекин у ердаги кўплаб мақолалар мени қизиқтирмас эди. Шу журналнинг навбатдаги сонида сўнгги муқовада бир сурат чоп этилди. Бу суратда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад  Юсуф, қизлари Одинахон ва ўғиллари Исмоилжон  бор эдилар. Мен тез-тез шу суратга тикилиб ўтирадиган, бу фарзандларнинг шундай отаси борлигидан уларга ҳавасим келадиган, айниқса, Одинахон ўраган оппоқ рўмолга ҳавас билан тикиладиган бўлдим (ҳозир орадан 26 йил ўтган бўлса-да, ўша сурат ҳамон кўз ўнгимда турибди).

Ота-онам турли сабабларга кўра менга рўмол ўрашга рухсат бермаганлар. Шу боис  рўмол ўрайдиганларга  ҳавасим келарди. Бир куни кўпайиб кетган журналларни макулатурага топширадиган бўлишди. Мен эса шошиб-пишиб ўша сонни излардим. Ўша сурат бор муқовани олиб қолиш учун  шошардим. Суратли муқовани топиб, қирқиб олдим. Кейин уни кўп йиллар энг муҳим ҳужжатларим турадиган папкада асрадим.

         2003 йил. Телевидениеда ишлаб юрган пайтларим.  Кунларнинг бирида менга радиодан янги эшиттириш қилиш таклифини айтишди. Келаётган рамазон ойида бир эшиттириш қилиш керак. Бироқ уни қай ҳолда, ким тайёрлаши, маълумотларни қаердан олинишини  ҳеч ким билмасди. Диний маълумотим бўлмаса-да, шунчаки динга бўлган қизиқишим ва ибодатда эканим сабаб дастурга таклиф қилишганини айтишди. Орада жуда оз фурсат қолганди. Чамамда 5 кун. Шу фурсат ичида ҳар куни ярим соатдан эфирга чиқадиган диний-маърифий эшиттириш қилиш керак. Радиодагилар учун энг муҳим жиҳати ― дастурга ҳомий борлигида эди. Ҳомийси бор дастурлар эса радииони «боқади». Хуллас,  вазифани олдим-у, дарров режалар туза бошладим. Ўша кунларда «Халқ сўзи»  газетасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг мақолалари чиққанини айтиб юришганди. Мен Ҳазрат Ватанга қайтганларидан роса хурсанд эдим. Дастур ҳақида ўйларканман, қанийди, Ҳазрат иштирок этсалар деб,  орзу қилардим. Фақат биргина тўсиқ бор эди: Шайх ҳозир қаердалар, қайси шаҳарда яшайдилар, ким орқали улар билан боғланиш мумкин. Шу фикримни ҳамкасбимга айтдим. Улар мени қўллаб-қувватлаб, Ҳазрат билан таништириб қўйиши мумкин бўлган инсон борлигини ва мени олиб боришини айтдилар. Радиодагиларга бу фикрларни айтиб, Шайх ҳазратлари билан савол-жавоб қилиш керак. Ҳамманинг ўзини қизиқтирган саволи бор, уларга кимдандир жавоб олишни истайди. Агар жавобни берадиган инсон Ҳазрат бўлсалар, жавоблар жуда ишончли бўлади», дедим. Улар рози бўлишди.

 Биринчи дастурни ёзиш учун  диктофон беришди. Ундан қандай фойдаланишни ўргатишди. Ўзимда йўқ хурсандман. Шодман. Ичимга сиғмай кетяпман. Ахир бугун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни кўраман. Биринчи дасурни ёзамиз. Тавба, дейман ўзимга ўзим. Инсон чин дилдан хоҳласа, Аллоҳ шуни бераркан-да. Ҳалиги журналнинг муқоваси ёдимга тушади. Хуллас, биз Ҳазратникига бордик. Ҳали эшик олдида турибмиз. Бирга келган инсон: «Рўмол ўраб оласизми?»  деди. Уйдан ҳар эҳтимол деб олиб чиққан рўмолимни олдим. Оддий орқамдан ўтказиб ўрадим. «Олдингиздан  ўраб олаверинг, олим одамнинг ҳурмати»,  деди шеригим. Мен рўмолни олдимдан қилиб ўраб олдим. Шу туришда ўзимдан бошқа ҳеч ким ҳис қила олмайдиган бахтни туяётган эдим. 14 йилдан бери рўмол ўраш орзусида юриб, ўзим учун идеал бўлган инсоннинг олдига шу бахтга эришиб кириб кетяпман! Ичимга сиғмасдим. Эшик очилди. Ҳазрат бизни илиқ қарши олдилар.  Орадаги одам мени уларга таништирдилар. Таклифимиз Ҳазратга маъқул тушди.  «Биринчисини ёзиб оламиз унда»,  дедим мен.

 Сумкамдан бояги диктофонни чиқардим. Қани энди ўргатилган нарсалар ёдимда бўлса. Уни қандай ёқиб, қандай овоз ёзишни унутган эдим. Ҳазратнинг салобатлари босарди. Ёнимдаги одам ҳам эплай олмади. Ҳазрат ускунани қўлимиздан олиб, хотиржамлик билан ёқдилар-да, «Бошлаймизми?» дедилар. Овоз ёзишга келиб, уни эплолмаганимдан бир уялсам, Ҳазратнинг ёнларида ўзимни тўғри тутяпманми, деб яна ўйлардим. Хуллас, ҳаммага бурро-бурро бериладиган саволлар Ҳазратга қоғоздан зўрға ўқиб берилди. Шу тариқа кейинчалик халқимизга севимли бўлган   «Ҳикматли дунё» радиоэшиттиришининг биринчи сони ёзилди.

         Биз Ҳазратникидан ташқарига чиқдик. Мен тамом  ўзга бир дунёга тушиб қолгандим. Бу олам жуда гўзал эди. Йўл-йўлакай  рўмолимни ечдим. Суҳбатдошим: «Ечмай қўяверинг энди»,  дедилар. «Худо хоҳласа» деб жавоб қилдим ва рўмолни сумкамга жойладим. Янглишмасам, бу Рамазондан бир ёки икки кун аввал эди. Хуллас, мен ҳар куни Ҳазратникига бориб, дастурни ёзиб кетишим керак эди. Кейин Шайх ҳазратлари  бизга қулай бўлиши учун саволларни ташлаб кетсак, ўзлари жавобларни дискка ёзиб, тайёр қилиб қўйишларини айтдилар.

Рамазоннинг учинчи куни эди. Аниқ эсимда. Мен Ҳазратдан дискни олиб, аввал уйга кириб, кейин радиога кетаман деб ўйладим. Одатимга кўра, икки-уч эшик ўтгач, рўмолимни ечиб олишим керак эди. Аксига олиб (аслида менинг бахтимга) ўша куни қўшниларникида йиғин бўлаётган экан, кўчада одам кўп эди. Бурилишга ўтиб, ечиб оламан деб ўйладим. Одатда, бу пайтда кўчада ҳеч ким бўлмасди, аксига олиб ўша бурилишда ҳам  одам кўп. Яна мен ҳақимда нотўғри ўйлашмасин  деб, анча жойгача юриб бордим.  Хуллас, икки бекат нарида жойлашган уйимизгача пиёда юриб, одам йўқ жойни тополмадим. Ҳазрат сабаб бўлиб ўралган рўмол ечилмади. Алҳамдулиллаҳ, ҳамон бошимда.

         Аслида Ҳазрат тўғриларидаги фикрларим, хотираларим ва билганларим жуда-жуда кўп, уларнинг  ҳаммасини ифодалашга салкам бир китобга етгулик қоғоз кетади, аммо сиз ҳам билишингиз муҳим бўлган айрим  ҳолатларни ҳам илингим келди.

         Кунларнинг бирида режиссёримиз менга: «Шайх ҳазратларининг овозлари шум билан (яъни ортиқча овозлар, шовқин қўшилиб) чиқяпти. Шунга эътибор берсинлар»,  дедилар. Агар ҳозирги билимим, Ҳазрат тўғриларидаги тасаввурларим ва одобим ўша пайт бўлганда, мен бу гапни икки дунёда ҳам айтмаган бўлардим. Аммо ўша пайт бунга шижоатим етди. Ҳазрат, режиссёрнинг ўзи келсин, дедилар.  Режиссёримиз бордилар. Ҳазрат шунақа гўзал жавоб берганларки, бошқа одам бундай сабр ва тадбир билан жавоб бера олмасди.

Ҳазрат, менинг вақтим жуда тиғиз. Ҳар бир ишим соатма-соат ёзилган бўлади. Ҳар доим атрофимда инсонлар бўлишади. Наҳорга дастурхон ёзиб, эшигим тагида кутиб туришади. Кейин соат 11°° да яна амри маъруф. Пешинда ҳам шу аҳвол. Кечга бориб эса ундан ҳам кўп инсонлар билан муомала қилишимга тўғри келади. Менга энг қулайи саҳар пайтидир. Берилган саволларга мен саҳарда жавоб ёзаман. Маълумки, саҳарда қушлар сайрашади. Сиз эшитган шовқин ўша қушларнинг сайрашидир, деганлар. Бу жавобдан режиссёримиз лол бўлиб қолганлар. Шу дастур неча йил давом этган бўлса, ҳеч ким овоздаги бирор камчилик бўйича эътироз билдирмаган.

         Орадан анча вақт ўтиб, «Ҳикматли дунё» дастури нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам машҳур бўлди. Унинг дисклари ҳам сотувларга чиқди. Кўплаб саволларга жавоблар олинди. Уларнинг сони ортгани сайин аввалгилари унут бўлиб кетмаслиги ва халқимизнинг турли қатламларига етиб бориши, исталган пайт улардан фойдаланиш имкони бўлиши учун айни савол-жавоблар кичкина китобча шаклида чоп этиладиган бўлди.

Ҳозирги кунда барчамиз севиб ўқийдиган «Зикр аҳлидан сўранг» жамланмасидаги илк саволлар ўша биз тайёрлаган «Ҳикматли дунё» дастурида халқимиз томонидан берилган саволлар ва уларнинг жавобларидир.  Мен Ҳазрат сабаб бўлиб, балки ўзим ҳаддим сиғиб ҳеч қачон амалга оширолмайдиган орзуим амалга ошганидан ва Шайх ҳазратларидек инсон билан ҳамсуҳбат бўлганимдан бениҳоя бахтиёрман. Инсонларга бугунга қадар фойдаси тегаётган дастурлар, китобчаларга қачонлардир алоқам бўлганидан, савобини умид қилишга чоғланганимдан бахтиёрман.

         Дунёда шундай инсонлар бўладики, улар берган тарбия оиласини намунавий оила даражасига олиб чиқади. Яна шундай инсонлар бўладики, уларни минглаб инсонлар танийди ва унга эргашади. Ва яна шундай инсонлар борки, улар нафақат ўз даври, балки ўзидан кейинги авлодлар учун ҳам йўлни ёритувчи машъала бўлиб қолишади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат ўзбек халқига, балки биз ва биздан кейинги мусулмон умматига мана шундай машъала ёқиб кетдилар. Интилганлар бу нур билан ўз йўлларини ёритишади. Истамаганлар эса зимистон қўйнига ғарқ бўлишади. Аллоҳ барчаларимизни йўли ёруғ бўладиганлардан қилсин!

                            Ирода Асилбекова

Мавзуга оид мақолалар
Бизни шундай жаннатмакон юртда яшашлигимизни насиб этган Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин. Бизга давоми...

16:38 / 16.03.2017 13181
Бугун Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин Кўкча масжидида Қуръон мусобақаси 2018 танловининг Республика давоми...

21:32 / 07.04.2018 3596
gallery linkfile ids7316,7317,7318,7319,7320,7321,7322,7323,7324 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган Ўрта Осиёдаги давоми...

13:57 / 06.02.2017 12297