Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ассалому алайкум, муҳтарам диндошларим! Ҳазратимизни йўқотганимиз барчамизга оғир жудолик бўлди. Ҳали орзуларимиз бисёр эди. 10 март тун ярмида ҳазратимиздан айрилиб қолганимиз ҳақида эшитиб, нима қиларимни билмай қолдим. Илк бор кўз ўнгимга келган нарса Устознинг «Кўкалдош» мадрасасида тушган, 1989–90 йиллардаги «Шарқ юлдузи» журнали ва «Ислом нури» газеталарида берилган сурати бўлди. Эсимни таниб, биринчи ихлос қўйганим, биринчи муҳаббат қўйган кишим Шайх ҳазратлари эдилар. Имомлик вазифасини севишимга ҳам, асосан, Ҳазратим сабабчи бўлганлар.
Ёш бола эдим. Ҳазратнинг «Кўкалдош» мадрасасида тушган ўша суратини кўтариб юрардим. Катта бўлсам, «Кўкалдош» мадрасасида ўқийман, деб гапириб юрардим. Толиби илм бўлиш истаги ҳам илк бор Устознинг муборак юзлари, чиройли ярашган саллалари сабабли бўй кўрсатган. Кимнинг бошида салла кўрсам, «Муфтий ҳазратларининг салласи», дер эдим. Устозга бўлган муҳаббатимни Аллоҳ сийлаб, Ислом олийгоҳида ҳам ўқидим. Ҳазратимизнинг изларини эъзозлаб, имомлик вазифасини зиммамга олдим. Имом бўлгач, Ҳазратимизнинг қадрларини яна ҳам яхшироқ англай билдим. Дин ғамида қанчалар буюк ва оғир хизматларни қилганларини ҳис этиб, Ислом йўлидаги шижоатларини, меҳнат ва жасоратларини англай бошладим. Устозни масжидимизга олиб келиш, жамоатимизни у кишининг суҳбатларидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш ниятим бор эди, афсуски, орзуйим рўёбга чиқмади. Ишонгим келмайди. Наҳот энди ҳаммаси армон бўлса? Ёки туш кўряпманми? Ҳазрат чиндан ҳам бизни ташлаб кетдиларми? «Дийдор қиёматда» деган гапгина тасалли бўлади. Кўз ёшларимиз шашқатор бўлса‑да, қалбимиз Аллоҳнинг тақдирига розидир, албатта. Кўз ўнгимизда Устознинг маҳобати, дин йўлидаги қуввати муҳрланиб қолди. Биз энди у киши билан асарлари орқалигина суҳбатлаша оламиз, холос. Исломнинг чироғи, юртимизнинг файзи, умматнинг устози эдилар. Устозни Аллоҳ раҳматига олсин! Сизни жуда ҳам соғиндик, Ҳазратим!
Ҳазратим, келаман мен сизни қумсаб,
Тупроқни ҳовучлаб йиғлаб қайтаман.
Дуолар қиламан руҳингиз ёдлаб,
Соғинч хатларимни йўллаб қайтаман.
Жудолик тиғидан юрагим пора,
Дилимда минг армон, айрилиқ дарди.
Истайман сизни, лек йўқ асло чора,
Кўзимга тўтиё пойингиз гарди.
Ўғлингиз Исмоил Муҳаммад Юсуф,
Қизингиз Одина, Оминахонлар
Биз учун ёдгорлик, Ҳақ Ўзи рауф,
Уларга фидодир биздан бу жонлар.
Ҳали сиз келмаган тўйлар кўп эди,
Афсус тилар келин‑куёвлар бағрин.
Сизга етолмаган диллар кўп эди,
Армонга тўлдириб кетибсиз барин.
Жоним сизга фидо, Азиз Ҳазратим,
Гар умрим беролсам, қолмасди армон,
Чорасиз, ожизман, кўпдир ҳасратим,
Розиман, не келса Роббимдан фармон.
Саъдий
Қибрай тумани «Тўқай-тепа» жомеъ масжиди имом хатиби