Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таолонинг маърифати ва ваъдасининг тасдиғи ҳосил бўлса ҳамда умрнинг қисқалиги англаб етилса, ўша қисқа умрда қисқаликка йўл қўймаслик вожиб бўлади. Нафс бир нарсани қайта-қайта такрорлайверса, уни малол олиб қолади. Шунинг учун уни турли ишларга солиб туриш керак.
Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида: «Эртаю кеч Роббинг исмини зикр қил. Ва кечасида ҳам Унга сажда қил ва узоқ кечаларда Унга тасбиҳ айт», деган (25-, 26-оятлар).
Бу ва бунга ўхшаш бошқа оятлардаги маънолар Аллоҳ таолонинг йўлида юришда вақтни тартибга солиш ва уни вирдлар ила давомли равишда обод қилиб туриш кераклигини англатади.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир», деган (62-оят). Яъни кечада қила олмай қолганини кундузи ёки аксинча қилади. Шундай қилиб хилма-хиллик юзага келади.
Кундалик вирдлар ва уларнинг тартиби
«Кундалик вирдлар ва уларнинг тартиби» деганда, бугунги куннинг таъбири билан айтганда, муриднинг кун тартиби кўзда тутилади. Албатта, бунда муриднинг ёши, илми, касби, шахси ва бошқа барча омиллар ҳисобга олинади. Китобларда умумий тарзда айтиб ўтилса ҳам, алоҳида ёлғиз бир шахсга келганда ана ўша умумий нарсалардан унга мос келгани татбиқ қилинади. Ўтган машойихлар ҳам бу нарсага алоҳида эътибор берганлар.
Хусусан, имом Fаззолий роҳматуллоҳи алайҳи жуда нодир тарзда ажойиб фикрларни баён қилганлар: «Билки, бир кеча-кундуз йигирма тўрт соатдан иборатдир. Унинг учдан бирида, яъни саккиз соат ухлаш мўътадилликдир. Ким бундан оз ухласа, бадани учун изтиробдан омон бўла олмайди. Ким бундан кўп ухласа, дангасалиги зиёда бўлади. Кечаси етарли ухлаган киши кундузи ухламайди. Кечаси уйқуси кам бўлган одам, наҳорда камини тўлғазиб олади».
Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» – деб сўралди. У киши: «Йўқ! Ул Зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди?!» – дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Наҳорги вирдлар
Вирдлар тонг саҳардан бошланади. Субҳ чоғи шарафли ва баракали вақтдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Таквир» сурасида субҳ ила қасам ичган: «Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам» (18-оят). Уйқудан уйғонган мурид Аллоҳ таолони зикр қилмоғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқимоғи лозим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонган вақтларида: «Бизни ўлдирганидан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва тўпланиш Унинг Ўзигадир», дер эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодир» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса». Термизий ривоят қилган.
Кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки Бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда: 1. Унга ўн ҳасанот ёзилур. 2. Унинг ўн хатоси ўчирилур. 3. Унинг ўн даражаси кўтарилур. 4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур. 5. Шайтондан сақланур. 6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.
Бомдоднинг фарзини ўқиб бўлганидан сўнг, намоздан кейин қилинадиган зикр ва дуоларни ўқийди. Иложи бўлса, «Йаасин» сурасини ўқиб, қуёш чиққунича кутади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Бомдодни ўқисалар, то қуёш чиққунча намозгоҳларида ўлтирар эдилар.» Термизий ривоят қилган. Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча бўлган вақт қанчалар фазилатли вақт эканини билиб олдик. Бу пайт ер юзида фаришталар алмашиш учун жам бўладиган пайтдир. Нима амал қилинса, ўша жам бўлган фаришталар гувоҳ бўладилар.
Бу пайтда ризқ улашилади. Ана шундоқ пайтни зикр қилиб ўтказиш катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтни зикрда ўтказганлар. Биз ҳам шунга одатланмоғимиз лозим.
Кечанинг вирдлари
Уйқу. Машойихларимиз уйқуни вирд ҳисоблашлари бежиз эмас. Агар унинг одобларига риоя қилиб, ният билан қилинса, ибодат ҳисобланади. Улуғ саҳобий Муоз розияллоҳу анҳу: «Мен уйғоқлигимда савоб умид қилганимдек, ухлаганимда ҳам савоб умид қиламан», деган экан.
– Уйқунинг одобларидан бири – таҳорат билан ётиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлсалар, емоқ ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: «Руҳлар ухланаётган вақтда осмонга олиб чиқилади ва Аршнинг олдида сажда қилишга амр қилинади. Агар таҳоратли бўлса, Аршнинг олдида сажда қилади. Аммо таҳоратли бўлмаса, Аршдан узоқ жойда сажда қилади».
– Уйқудан олдин тавба қилиш. Зеро, сирти таҳоратли бўлгандан кейин, ичи ҳам тоҳаратли бўлиши керак. Эҳтимол, уйқусидан турмай вафот этар.
– Уйқунинг одобларидан бири – мусулмон кишига нисбатан қалбида ғилли-ғаш бўлса, уни кетказмоқ, зулм қилишни ният қилмаслик ва уйғонганда гуноҳ қилишга азм қилмаслик.
– Васият қилиши лозим бўлган одамнинг васиятини ёзиб қўйиб ухлаши ҳам уйқунинг одобларига киради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Васият қилгудек нарсаси бор мусулмон кишига васиятини ёзилган ҳолда ҳузурига қўймай икки кеча (бемор бўлиб) ётиб қолиши дуруст эмас», – дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
– Уйқунинг одобларидан бири – уйқу ғолиб келмагунча ухламаслик. Салафи солиҳларнинг одатлари шундай бўлган.
– Қиблага қараб, ўнг тарафи билан, ҳадисларда келган дуоларни ўқиб ётиш уйқунинг одобларидан.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган ҳадисда:
«Бисмика Роббий, вазоъту жанбий ва бика арфаъуҳу. Фа ин амсакта нафсий фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳаа фаҳфазҳаа бимаа таҳфазу биҳи ибадакас-солиҳийн», деган дуо ўқилиши айтилган. Маъноси: «Исминг ила Роббим, ёнимни қўйдим ва Сенинг ила уни кўтарурман. Агар жонимни тутиб қоладиган бўлсанг, унга раҳим қилгин. Агар уни қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳ бандаларингни муҳофаза қиладиган нарса ила муҳофаза қил». Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннааси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига етган жойигача бошлари ва юзларидан бошлаб олд тарафларига суртиб ётардилар. Буни уч марта қилар эдилар».
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Икки хислат ёки одат бор. Мўмин банда уларни муҳофаза қилса, албатта, жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбиҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозуда бир минг беш юзта. Қачон ётар жойини олса, ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозуда мингта». «Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Уларнинг оз бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандоқ?» – дейишди. «Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдин ҳолатини эсига солади», – дедилар». Сунан эгалари ривоят қилишган.
Мурид уйқусидан олдинги охирги каломи Аллоҳ таолонинг зикри бўлиши учун ҳаракат қилади. Шунингдек, кечаси таҳажжудга уйғонганда ҳам, аввалги каломи зикр бўлиши учун ҳаракат қилади.
Кечанинг бешинчи вирди
Кечанинг олтидан бири қолган вақт. Буни саҳар вақти ҳам дейилади. Бу вақт истиғфор айтиладиган вақтдир.
Аллоҳ таоло «Заарият» сурасида:«Ва улар саҳарларда истиғфор айтарлар», деган (18-оят).
Саҳар чоғида туриш, истиғфор айтиб, гуноҳининг кечирилишини сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган кишилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар.
Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча: «Тавба қилувчи борми, тавбасини қабул қиламан; истиғфор айтувчи борми, мағфират қилиб, гуноҳини кечаман; сўровчи борми, сўраганини бераман», дейди». Шунинг учун иложи борича, саҳарда туриб, ибодат қилиш, истиғфор айтишга уриниш лозим.
Товус раҳматуллоҳи алайҳи бир кишини саҳар чоғи келиб сўраса, ухлаётганини айтишибди. Шунда у: «Саҳар чоғи бирор киши ухламаса керак, деб ўйлардим», деган экан.