Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш учун кўз-кўзлаш эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди.
Шунингдек, аёлларга шаҳват билан қарамаслик эркакларга ҳам айтиб қўйилди.
«Зийнатларини кўрсатмасинлар...»
Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас.
«...магар...»
қуйидагиларга кўрсатсалар, майли:
1. «Эрларига...»
Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.
2. «...ё оталарига...»
Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатса, ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман, шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса, бўлади. Юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган.
«Оталар» дейилганда катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.
3. «...ё эрларининг оталарига...»
Яъни қайин оталарига. Бунга қайин отанинг оталари ва катта қайин оталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсаларнинг бўлиши мумкин эмас.
4. «...ё ўғилларига...»
Бунга ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира ва чеваралар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш, умуман, мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам муслима аёлга уларга зийнатини кўрсатишга рухсат берилган.
5. «...ё эрларининг ўғилларига...»
Яъни эрларининг бошқа хотиндан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.
6. «...ё ака-укаларига...»
Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланадилар, сингилларининг зийнатини кўрсалар, майли.
7. «...ё ака-укаларининг ўғилларига...»
Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш, умуман, бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори булар ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам жиянларига аммаларининг зийнатларига қарашларига рухсат берилган.
8. «...ё опа-сингилларининг ўғилларига...»
Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса бўлади.
Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ, деб фатво берилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатишга рухсат бор.
Ҳадис илми соҳасидаги энг мўътабар олти китобда ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Абул Қуъайснинг укаси Афлаҳ келиб, у кишининг ҳузурларига киришга изн сўраган. У Оиша онамизга эмикдошлик орқали амаки эди. Оиша онамиз бу ҳақда шундай дейдилар:
«Мен унга изн беришдан бош тортдим. Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида қилган ишим хусусида у Зотга хабар бердим. У Зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам менга унга (Афлаҳга) изн беришимга амр қилдилар».
Имом Абу Довуд қилган ривоятда бу яна ҳам равшанроқ баён этилган:
«Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:
«Ҳузуримга Афлаҳ келган эди, ундан яшириндим. У:
«Амакинг бўлсам ҳам, мендан қочасанми?!» деди. Мен:
«Қаердан менга амаки бўласан?!» дедим. У жавоб берди:
«Сени менинг акамнинг хотини эмизган», деди. Мен:
«Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас», дедим. Сўнг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, мен бўлган гапни айтиб бердим. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у амакинг бўлади, ҳузурингга кираверсин», дедилар».
Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Яъни уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир.
Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни опа билан никоҳда турган эркакка унинг синглисига уйланиши ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.
Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламо аҳлларининг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.
Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайинсингиллари бўлади ва у Зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.
Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббос аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламо аҳли, юқорида айтилганидек, бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилади, деганлар.
Шунингдек, қариндошлиги шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.
Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатса, бўладиган шахсларнинг зикри келади.
9. «...ё аёлларига...»
Яъни мўмина аёллар аёлларга зийнатларини кўрсатсалар бўлади. Уламо аҳли бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Баъзилари «аёллар»дан мурод ҳамма хотинлар, деганлар. Баъзилари мусулмон аёлларни назарда тутганлар, бошқа бирлари эса, ўзларига тегишли хотинлар, деб айтганлар. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.
10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганларга...»
Бу иборадан қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатсалар, бўлаверади, деган маъно чиқади.
Аммо уламо аҳллари бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтишган. Улардан бир тоифаси бундан мурод фақат чўрилар, қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, шаҳвати бор, озод бўлгандан кейин ўз аёл хўжайинига уйланиши мумкин, дейдилар. Ундай бўлса, аввал «аёлларга» деб туриб, кейин «чўриларига» дейишнинг нима ҳожати бор? Чўри ҳам аёл-ку, деган эътирозга, аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмасин учун улар ҳам санаб ўтилди, дейдилар.
Иккинчи тоифа эса, «ё ўз қўлларида мулк бўлганларга» жумласидан мурод, муслима аёлнинг мулки бўлган қул ва чўрилардир, бунда нафақат чўри, балки қул ҳам кўзда тутилган, дейдилар ва ўз гапларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтирадилар.
Имом Абу Довуд Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қул олиб келиб, Фотима розияллоҳу анҳога совға қиладилар. Фотима розияллоҳу анҳонинг эса биттагина кийими бўлиб, бошини беркитса, оёғи очилиб қолар, оёғини беркитса, боши очилиб қолар эди. У кишининг қийналиб қолганини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Майли, сенга ҳеч гап йўқ. Булар сенинг отанг ва ғуломинг», дедилар.
Имом Термизий ва бошқа имомлар Умму Салама онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига:
«Агар сизлардан бирортангизнинг мукотаби (баҳосини тўлаб, озод бўлишга келишган қули) бўлса ва у (ўз баҳосини) адо этишга имкони бўлса, ундан ҳижоблансин», деганлар.
Яъни бу одам озодлиги жуда яқинлашиб қолди. Энди у қул бўлмайди, шунинг учун ундан қочиш лозим, деганларидир.
11.«...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга..»
Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркакликлари ўлган кимсалар бўлиб, қорин тўйғазиш учун одамларнинг хизматини қилиб юрадилар. Уларда, умуман, шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл ана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса, бўлади.
12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса, майли)...»
Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, билмайдилар.
Кўриш орқали фитна содир бўлмаслиги, зинога элтиш эҳтимоли уйғонмаслиги учун уларнинг йўли тўсилгандан кейин, энди эшитиш орқали фитна туғдирадиган йўлларни ҳам тўсиб, мўмина аёлларга:
«Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар», дейилмоқда.
Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилиши ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.
Шунинг учун махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда таъқиқланди.
Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб, шаҳвати қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам эътиборга олган.
Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғотадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атирлардан сепиб чиқишлари ман қилинган.
Имом Насаий бундай ривоят келтиради:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларига йўлиққан бир аёлда хушбўй ҳидни сезиб қолиб:
«Эй Жабборнинг чўриси, масжиддан келдингми?!» дедилар. У аёл:
«Ҳа», деб жавоб қайтарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Мен ўз ҳабибим, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Аллоҳ таоло ушбу масжидга хушбўй атир сепиб келган аёлнинг намозини то у аёл жунубликдан кейин ғусл қилгандек ғусл қилмагунича қабул қилмайди», деганларини эшитганман, дедилар».
Имом Термизий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир кўз зинокордир. Қайси бир аёл атир сепиб олиб, бир мажлис аҳли олдидан ўтса, бундоқдир, бундоқдир», деб оғир нарсани айтганлар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ширали овоз билан эркаклар эътиборини тортишини ҳам ман қилганлар.
«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки нажот топсангизлар».
Яъни ушбу баён қилинган ҳолатларда сиздан хато ўтган бўлса, Аллоҳга тавба қилинг ва бу хатоларни бошқа такрорламанг. Шундагина нажот топишингиз мумкин.
Ўрни келганда, ушбу ҳукмларга боғлиқ бошқа масалаларни ҳам эслаб ўтиш лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларни бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса, бўлади.
Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эри ғойиб аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», деганлар.
Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.
Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида завжаи мутоҳҳаралари София онамиз кечаси у Зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб турганларида ансорийлардан икки киши ўтиб қолдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез юриб кета бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига:
«Шошманглар! Бу аёл София бинти Ҳуяйдир», дедилар. Улар:
«Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим», дедилар.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ ман этганлар.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб:
«Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли, аёл киши зинҳор сафарга маҳрамсиз чиқмасин», дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим», деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар.
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз ўзини юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами бўлиб ҳажга бориш лозим эканлиги таъкидланмоқда. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга унинг маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиши керак.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб кетишини жуда қаттиқ ман қилганлар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд ал-Ансорий айтадиларки:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга: «Сизлар орқада қолинглар, сизлар йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».
Жамоат бўлиб намоз ўқиш, жума намозини адо этиш нақадар аҳамиятли эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Жума фарз. Жамоат намозини эса баъзилар вожиб, баъзилар суннати муъаккада, дейдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:
«Хоҳлар эдимки, бировни одамларга жамоат намозини ўқиб беришга буюриб қўйиб, ўзим бориб, жамоат намозига келмаганларнинг уйига ўт қўйиб юборсам», деганлар. Қолаверса, бундан ҳам шиддатлироқ маънони англатувчи ҳадислар жуда кўп. Жума намозини узрсиз қолдирган одамнинг гуноҳи ҳақида эса гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Лекин эркак-аёл аралашиб юриши яхши эмаслиги эътиборга олиниб, аёл кишига жумага бормасликка рухсат берилган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамоат билан жума ўқиш ҳар бир мусулмон учун ҳаққу вожибдир. Фақат тўрт кишигагина: қулга, аёл кишига, ёш болага ва касал одамга (вожиб эмас)», деганлар.
Жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликлари афзал экани хусусида бундан ҳам очиқроқ айтганлар.
Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳумайд ас-Соғидий исмли аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман», дебдилар. У Зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, сенинг мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Сенинг уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавминг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир», деб жавоб берганлар.
Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга масжидга келиб намоз ўқишга рухсат берганлар. Лекин бу шартли рухсатдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хотинларингизни масжиддан ман қилманглар. Уйлари улар учун яхшироқдир», деганлар.