Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал энг яхши амал?»– деб сўралганида, У Зот:«Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғингдир», дедилар. Инсонларнинг бир-бирларига салом беришлари уларнинг қанчалик одобу ахлоқга эга эканлиларига далолат қилувчи гўзал амаллардан биридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай гўзал ахлоқ соҳиби эдиларки, ўз умматларига то қиёматгача чиройли амаллар қилишлик таълимини бериб кетдилар. Бу амалларни қилишлик билан Пайғамбаримизнинг муҳаббатларига, охиратда шафоатларига мушарраф бўламиз, иншааллоҳ. Булардан энг машҳурлари инсонларнинг ўзаро салом беришларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ораларингизда саломни ёйинглар, дейишлик билан бирга ўзлари бу амалда намуна бўлдилар. Ҳаттоки ёш болаларга ҳам биринчи бўлиб салом берардилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга етиб келдилар. Мен ёш болалар ичида турган бир бола эдим. Бас, у Зот бизга салом бердилар.Сўнгра менинг қўлимдан ёки қулоғимдан ушлаб туриб бир иш билан юбордилар. Ўзлари эса, мен ҳузурларига қайтиб келгунимча, девор соясида ёки деворга суяниб ўтириб турдилар.
Бизнинг давримизга келиб саломлашиш камайиб кетмоқда. Одамлар фақат ўзларига таниш инсонларни кўргандагина салом берадиган бўлиб қолишган. Агар икки киши гаплашиб туришса, шулардан бири таниш киши бўлса, ўшанга салом беришади. Ёнидаги одам эса қолиб кетаверади. Бу каби хос саломларнинг кўпайиб кетаётганлигига сабаб саломга тарғибнинг камайиб кетаётганлиги ҳамда Ғарбга тақлиднинг кучайиб кетаётганлигидир.
Замонамизда саломни қисқартириб, бузиб талаффуз қилишликни маданият деб ўйлайдиган «маданиятлилар» кўпаймоқда. Аллоҳ таоло:«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёҳуд худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир», деган. (Нисо, 86)
Азиз диндош опа-сингилларим! Сиз бу суннатни тирилтиринг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқолиб бораётган суннатни халқ ичида барпо қилган инсонларга жаннат кафолатини берганлар. Жаннатга киришни хоҳлайсизми? Унда шошилинг! Фарзандларингизга гўзал салом беришни ўргатинг. Кўчада кўрган кишингизга салом беринг. Шундай салом берингки, бу салом сизнинг Аллоҳга ва унинг Расулига муҳаббатингиз қанчалик кучлилигини билдириб турсин. Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббат жаннат билан мукофотлангай. Аллоҳнинг жаннати қандай гўзал макон!!!
Дилором