Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Эй илм! Жоҳилнинг қаршисида турма беҳол. Беамал ишларида бўлма ҳайрон-лол. Сенга бағишлагум бутун умримни. Кел, мен тарафга бир бор назар сол.
Эй илм! Лоқайднинг қаршисида титраб турдинг, Бир карра боқишин қанчалар кутдинг. Сени хор қилганни сен ҳам зор айлаб, Сени унутганни сен ҳам унутдинг.
Эй илм! Сени изладилар дунё, лаззат учун, Восита бўлдинг-ку бойлик, мансаб учун. Илло лойиқмас улар сендай шарафга, Нолойиқлар ҳузурида турмоқлик нечун.
Эй илм! Тупроққа қоришиб ётгайсан бул кун. Китобларда, тилларда бўлдинг сен тутқун. Сени хўрлаганлар, қарши турганлар. Роббим ҳузурида қийналар ҳисоб кун.
Эй илм! Денгизсан мавжланган, туганмас битмас. Боамаллик кемадир ҳеч қачон чўкмас. Сувга кемасиз тушган беамал афсус. Тавбасиз шўр қисматдан қутилиб кетмас.
Эй илм! Қуёшсан мисоли тонгда нур сочган. Зиёдурсан, шуъладурсан қалбимни очсам. Сени суйиб интилсам, сен томон юрсам. Онамсан, меҳрибон, бағрини очган.
Эй илм! Сени чашма булоғинг сувга тўлибди. Ундан ичган ташна бахтга тўйибди. Сендан қониб неча қақраган қалблар. Яшнабди, гуллабди, саодатга чўмибди.
Эй илм! Бойликсан Ухуддай олтин, кумуш, зар, Сени мерос қилди ҳар бир Пайғамбар. Тиним билмай ўқиб ўрганган олимни, Расулуллоҳ ўзларига ворис этганлар.
Эй илм! Кимгадир неъмат, роҳату олий ҳасанот, Яна кимга зарар азобсан дўзахга ҳужжат. Сени холис Аллоҳ ризоси учун излаганга. Фирдавссан, Аднсан, Маъвосан фақат ва фақат.
Нурхоним Мустафий