Ҳазратим Доктор Ваҳба Зуҳайлини яқин оғайним дер эдилар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
[gallery ids="9090,9091,9088,9087,9089"]
Ҳазратим Доктор Ваҳба Зуҳайлини яқин оғайним дердилар. У кишига бўлган муҳаббатлари ўзгача эди. Деярли, ҳар бир мажлисларида Докторни эсга олардилар, у киши ҳақида мақтов сўзларини айтардилар, илмий фаолиятларини тақдирлардилар. Аллоҳим, икковларини Ўз раҳматингга олгин, дин учун тақдим қилган хизматларини ўзларига ҳамроҳ қилгин, ажри савобларини кўпайтириб бергин!
Аллоҳим, бу зотларнинг ишларини давом эттиришда аҳли илмларимизнинг ҳимматларини юксак қилгин! Барчани илмий меросларидан баҳраманд айлагин!
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғириш ила суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади…
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ:«Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар»,– деганлар.
«Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар».
«ИННАА ЛИЛЛАҲИ ВА ИННАА ИЛАЙҲИ РОЖИЪУУН»
Ваҳба аз-Зуҳайлий 1932 мелодий йили Дамашқнинг Дияри Атийя шаҳарчасида дунёга келдилар. Оталари Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган, Қуръонга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот эдилар.
Ваҳба аз-Зуҳайлий оилалик ва беш фарзанднинг отасидирлар. Фарзандларнинг охиргисидан ташқари, бошқа ҳаммалари университетни тамомлашган. Охирги кенжа фарзанд эса ўқиш ярмида.
Ваҳба аз-Зуҳайлий бошланғич мактабни туғилган маконларида тамомладилар. Академик лицейни Дамашқдаги шаръий факултет қошида олти йил давомида 1952 йили аъло баҳога битирдилар.
Сўнгра илмий таҳсилни Азҳари шарифнинг шариат факультетида давом эттирдилар. 1956 йили аъло баҳо билан дипломни қўлга киритиб, сўнгра Азҳари шарифнинг араб тили факультетидан дарс бериш мутахасислигини қўлга киритдилар. Мана шундан кейин дипломлари бутун дунё тан оладиган дипломга айланди. Ана шу аснода ҳуқуқ илми мутахасислиги бўйича ўқишни давом эттириб, 1957 йили «Айнуш шамс» университетидан ҳуқуқ бўйича лиценциат (илмий унвон)ни қўлга киритдилар.
1959 йили Қоҳира университетининг ҳуқуқ факультетида магистерлик дипломини қўлга киритдилар.
1963 йили ажнабий университетлари билан рисола алмашуви ўтказиб, Ислом шариати бўйича докторлик дипломини қўлга киритдилар. Ундаги мавзу «Исломий фиқҳдаги уруш асоратлари» бўлиб, унда саккиз мазҳаб (тўртта сунний, тўртта шийъа) ва умумий давлатлараро қонунчилиги орасини қиёслаш хусусида эди.
1963 йили Дамашқ шаҳрида мударрис бўлиб, 1969 йили ёрдамчи устоз, 1975 йили умумий устоз бўлиб тайинландилар. Мана шу йилдан бери дарс, таълиф, кўрсатма бериш, умумий ва хос лекциялар билан машғуллар. Устоз бир кунда 16 соат ишлаганлар.
Ишлаган лавозимлари
– Дамашқ университетининг шариат факультетида Исломий фиқҳ ва мазҳаблари бўлимининг раиси.
– Дамашқ университетининг шариат факультетида вакил сўнгра ваколат билан тўрт йилга декан (1967–1970).
– Араб муассасаларидаги Исломий банкларидаги шаръий кузатув ҳайъати, Исломий банклардаги муассасалар шаръий ўқув ҳайъати раиси, Исломий банклар шаръий мажлиси аъзоси.
– Исломий фиқҳ ва мазҳаблар қисми раиси.
– Макка, Жидда, Ҳиндистон, Америка ва Судандаги фиқҳ академияси аъзоси.
– Араб амирлигидаги университет қошидаги шариат ва қонун факультети, Исломий шариат бўлими раиси сўнгра тўрт йил муддатга декани.
– Иорданиядаги «Оли байт муассасаси» қошидаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академияси аъзоси.
– Етмишдан ортиқ магистр ва докторлик рисолаларига Дамашқ, Байрут ва Хуртум шаҳарларидаги раҳбарлик.
– Сурия ва Араб амирлиги давлатларидаги дарслик дастурларини ишлаб чиқишда раҳбарлик.
– 1988 йили Қувайт университетида шариат ва Исломий билимлар журнали ташкилотчиси.
– Сурия радиосида Қуръон тафсири асосида «Қуръондаги қиссалар», «Қуръон ва ҳаёт» номли эшиттиришлар муаллифи.
– Дамашқ, Амирлик, Қувайт, Саудия ва бундан бошқа давлатларнинг фазовий каналларидаги чиқиш. Бундан ташқари, мазкур давлатлар газета ва журналларидаги интервюлар.
– Араб амирлиги университетида шариат ва қонун журнали асосчиси.
– Амирликдаги университет қўлёзмалар ҳайъати ва олий маданият ҳайъати раиси.
– Дамашқдаги «Ислом дастури» журнали таҳрир ҳайъати аъзоси.
– Дияр Атийя шаҳридаги шайх Абдулқодир мактаби идорасининг ҳайъат раиси.
– Дамашқдаги Усмон жомеъ масжиди ва ёз фаслида Дияри Атийядаги «Иймон» масжиди имом-хатиби.
– Покистон, Судан ва бундан бошқа кўпгина давлатларда ўзлари таълиф этган машҳур «Ислом фиқҳи ва унинг далиллари» номли китобидан ўтадиган дарслари.
Дамашқдаги устозлари
1. Шайх Маҳмуд Ёсин – Ҳадиси набавийдан
2. Шайх Маҳмуд Ранкусий – Ақидадан
3. Шайх Ҳасан Шаттий – Мерос илмидан
4. Шайх Ҳошим Хатиб – Шофеий фиқҳидан
5. Шайх Лутфий ал-Файйумий – Усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадисдан
6. Шайх Аҳмад ас-Симақ – Тажвиддан
7. Шайх Ҳамдий Жувайжотий – Тиловат илмидан
8. Шайх Абулҳасан Қассоб – Наҳв ва сарф фанидан
9. Шайх Ҳасан Ҳаббанакка ва шайх Содиқ Ҳаббанакка ал-Майдоний – Тафсирдан
10. Шайх Солиҳ Солиҳ Фарфур – Балоғат араб адабиётидан
11. Жавдат Мординий эса – Хатобадан
12. Устоз Рашид Сатий ва Ҳикмат Сатийлар –Тарих ва ахлоқдан
13. Доктор Нозим Маҳмуд ва Маҳир Ҳамадалар – Шариат тарихидан
Бошқалар эса химия, физика ва инглиз тилидан дарс беришган.
Мисрдаги устозлари
1. Азҳар шайхи имом Маҳмуд Шалтут
2. Имом Абдураҳмон Тож
3. Шайх Ийсо Мунавван – қиёсий фиқҳ
4. Шайх Жодуррабб Рамазон – Шофеий фиқҳи
5. Шайх Маҳмуд Абдуддайим – Шофеий фиқҳида
6. Шайх Мустафо Абдулхолиқ ва у кишини укалари шайх Абдулғани Абдулхолиқлар – усулул фиқҳдан
7. Шайх Муҳаммад Али Заъбий – Ибодат фиқҳидан
8. Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, шайх Али Хафиф, шайх Муҳаммад Баннолар – қиёсий фиқҳдан.
Ваҳба аз-Зуҳайлий уч энциклопедия муаллифидирлар.
1. «Исломий фиқҳ ва унинг далиллари” 8 мужаллад. Уни турк, малайзия, инглизча, урдуча ва бундан бошқа тилларга таржима қилинган.
2. “Мунир тафсири» 16 мужаллад. Уни қисқартириб «Тафсиру важийз» бир мужаллад, «Тафсири васийт» деб уч мужалладда чоп этилган.
У турк тилига таржима қилинган. (Ва яна ушбу ўзбек тилига таржима қилиниб «www.quran.uz» сайтига кўйиб келинмоқда).
3. «Исломий фиқҳ усуллари» Икки мужаллад. Турк тилига ҳам таржима қилинган.
У кишининг, бундан ташқари, «Ақидадаги Ислом низоми», «Ҳукм низоми, давлатлараро алоқалар ва Ислом олами муаммолари», «Саид ибн Мусайяб, Убода ибн Сомит ва Умар ибн Абдулазиз» каби улуғларнинг шахсий ҳаётлари таҳлили каби китоблари ҳам бор.