Зулҳижжани қаршилаб!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Файзли кунлар шукуҳи яқинлашгани сайин бу улуғ кунларни ўзига муносиб тарзда кутиб олиш масъулияти ҳис қилинади. Йилнома варақлари кун сайин камайиб, яна бир неча кундан кейин кундузги рўзалари бир йиллик рўзага менгзалган, тунларидаги бедорлик Қадр кечасига тенглаштирилган ўн кунлик – Зулҳижжа ойининг ўн кунлиги яқинлашмоқда. Ушбу фурсатни бой бермаслик учун унга аввалдан тайёргарлик кўриш, бу борадаги илмларни мустаҳкамлаш лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?!» дейишди. «Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Бироқ бир одам жони ва моли билан чиқса-ю, булардан ҳеч бири қайтмаса, бундан мустасно», дедилар. Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ:  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ушбу ўн куничалик», деганлари Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги деганларидир.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, бу ҳадисда мазкур кунларда рўза тутиш ҳақида бевосита сўз юритилаётгани йўқ. Балки солиҳ амал қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Нафл рўза тутиш эса энг солиҳ амаллардан бири ҳисобланади.

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунида кўпроқ солиҳ амал қилишга қаттиқ тарғиб этишдан мурод, ўша кунлари қилинадиган солиҳ амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб амал эканлиги сабабидандир.

Саҳобаи киромлар бу сўзларни эшитгунларича Аллоҳ учун энг маҳбуб солиҳ амал Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш деб юрганлари учун «Мазкур ўн кунликдаги солиҳ амал Аллоҳ ҳузурида унинг йўлида қилинган жиҳоддан ҳам маҳбуброқми?» деб сўрадилар. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида қилинган солиҳ амаллар  Аллоҳнинг йўлидаги жиҳоддан ҳам афзал эканлигини тасдиқлаш билан бирга, биргина ҳолат бундан мустасно эканлигини таъкидладилар. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг йўлида молию жони билан жиҳодга чиқиб, шаҳид бўлган одамнинг иши устун эканлигидир.

Демак, Зулҳижжа ойиниг биринчи ўн кунлигида кўпроқ солиҳ амаллар қилишга уринмоғимиз лозим.

«Умму Салама ёки Ҳафса розияллоҳу анҳумолар дедилар:

«Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжанинг тўққиз кунида ва Ашуро кунида рўза тутар эдилар». Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Албатта, бу рўза тутиш у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажга бормаган пайтларида бўлган. Чунки Зулҳижжа ойи ҳаж ойи бўлиб,  унинг тўққизинчи куни Арафот куни бўлади ва у куни рўза тутиш мумкин эмаслиги айтилган.

 Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилинадиган маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир», дедилар. Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ва ундан олдинги ҳадисларда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида кўп ибодат қилишга, хусусан, ўша ўн кунликнинг кундузларини рўза тутиб, кечаларини ибодат билан бедор ўтказишга тарғиб қилинмоқда.

Албатта, Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити байрами бўлиб, ўша куни рўза тутиш мумкин эмаслиги алоҳида айтилмаган, чунки бу ҳаммага маълум.

Барчаларимизга Аллоҳ таолодан ушбу кунларнинг фазлини топишни, солиҳ амалларни кўплаб қилишга  Ўзи қодир қилишини сўраб қоламиз!

muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Бир куни бир боғда ўтўланлар ва дала гуллари орасида атиргул очилди. Атофидаги барча ўсимликлар унинг давоми...

22:33 / 13.12.2016 4275
gallery linkfile ids5653,5652,5650,5649 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг таъзия маросимларининг иккинчи давоми...

06:29 / 03.02.2017 12498
АЁЛЛАР ФИҚҲИ Савол Таҳорат аъзоларини уч маротабадан кўп ювишнинг ҳукми нима Жавоб Бепарволик туфайли уч давоми...

13:43 / 18.05.2017 5110
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Етимларни то никоҳёшига етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эсиҳуши давоми...

19:41 / 20.01.2017 4280