Ассалому алайкум! Сизга жуда муҳим саволим бор. Укам бетоб, тузалмас дард экан. Яратгандан дардига ҳаммамиз шифо сўраймиз. Мени бир нарса қийнайди. У ота-онамни жуда беҳурмат қилади, хатто "сенлар" деб гапиришни бошлади. Тушунтиришга ҳаракат қилдик, эшитишни истамайди, гуноҳлигини билади. Отам ва онам унинг бетоблигига айбдор эмиш. "Ҳаммаси Аллоҳдан, ундай ёмон гуноҳга ботма", десак қулоқ солмайди. Яратган эгам барчамизнинг гуноҳларимизни Ўзи кечирсин. Унинг гуноҳини ҳам кечирармикин, тавба қилишга улгурмаса, деб қўркиб кетаман. Ахир бу ота-онага оқ бўлиш билан тенг, деб эшитгандим. Нима қилишни билмайман. Ота-онамга таскин беришдан бошқасига кучим етмаяпти. Аллох ҳаммамизга вақтида ҳидоят берсин. Олдиндан раҳмат! Унинг ҳаққига дуо қилсангиз, илтимос! Шоядки унга ҳам ҳидоят берса.
– Ва алайкум ассалом! Бундай ҳолатда укангиздан хафа бўлмасликка ҳаракат қилиш керак. Ота-онангизга ҳам буни тушунтиринг. Унинг ҳолати ёмон аҳволда. Ҳозир уни фақат эмоциялари (ҳиссиётлари) бошқаради. Онг эмас. Ота-онангиз буни тушуниши керак. Инсоннинг бошига бу каби синов тушса, ўзининг онгини эмоциялари устидан ҳукмрон қилиши, ақлини ишга солиши онсон иш эмас. Шу ҳолатни ота-онангиз яхши идрок этишса укангизни оқ қиладиган даражада ундан кўнгли оғримайди. Шунда бир-бирларидан рози-ризочилик ҳисси пайдо бўлади. Укангизга ҳаммангиз мулойим муомала қилиб тураверинглар. Уни тушунишга ҳаракат қилаётганингизни билдиришингиз керак. Аллоҳим оила аҳлингизга офият, хотиржамлик ато этсин. Валлоҳу аълам!