Ассалому алайкум! Мен сизлардан ёрдам сўрамоқчи эдим. Турмуш қурганимга 6 йил бўлди. Қайнонам мени жуда ёмон кўрадилар. Эримга янги келинлик пайтимда ёмон кўрсатиб қўйганлар. Шундан буён, эрим мен билан умман иши йўқ. Қайнонам ишмдан айб топадилар, мени урган пайтлари ҳам бўлган. Турмуш ўртоғим ҳозир яхшигина пул топади. Ота онамни, улар олиб берган мебелни менсимайди. Қайнонамнинг кўнгилларини 6 йилдан бери ҳеч ололмадим. Улардан жуда нафратланаман. Қайнонам қайнотам билан ажрашиб кетган. Ёрдам беринг! Жуда қийналиб кетдим.
– Ва алайкум ассалом! Аввал ўзингизни яхши кўришингиз керак. Ўзини яхши кўриш бу атроф-муҳит билан ҳамоҳанг бўлиш, ҳар лаҳзада роҳат ҳис этиб яшаш, ҳаммадан рози бўлиш, ёмонликлар ҳақида ўйламаслик, ўзини шумланиш ва гумонхўрликдан ҳамда бошқа гуноҳ ишлардан эҳтиёт қилиш, соғлигини қадрига етиш, инсонлардан фақат яхшилик кутиб яшаш каби ишлардир. Мана шуларнинг устида ишлай бошласангиз қайнонангиз билан ҳам тил топиб яшаб кета оласиз. Ўзининг қадрини билган инсонни атрофдагилар ҳам қадрлайди. Турмуш ўртоғингизнинг ҳам сизга бўлган муносабатлари ин шаа Аллоҳ ўзгаради. Умуман инсон атрофдагиларининг унга бўлган муносабатини ўзгаришини ҳоҳласа аввал ўзининг уларга бўлган муносабатларини ўзгартириши керак. Келинг, тасаввур қилиб кўрамиз. Сиз ана шу ёмон қайнонасиз. Аммо у ўзи учун яхши инсон. Демак сиз ўша ёмон қайнонанинг ўрнидасизу, лекин келинингизни ёмон деб тасаввур қиласиз. Ўйлаб кўринг келинингиз сизга яхши муомала қилиши учун нималар қилиши керак? Сиздек қайнонага келинингиз қандай муомала қилса сиз ҳам унга яхши муомала қиласиз? Табиий буни устида ишлаш қийинроқ масала. Инсон ташқаридан ўзига қараши мушкул. Шунинг учун ҳам психолог суҳбатига борилгани яхши. Агар бунинг имкони бўлмаса мана шу каби тасаввурлар орқали ўз устингизда мустақил ишлаб кўришингиз мумкин. Валлоҳу аълам!