Оилавий

20:49 / 23.05.2020 | Shohida | 667

Асаллому алайкум! Саволим ўринлими билмадим, лекин менга фақат Аллоҳ ёрдам бермаса бошқа ҳеч ким ёрдам беролмаслиги аниқ. Эсимни танибман, дадам фақат онамни ҳўрлайди. Жанжал қилса, ажрашаман деб ҳайдашдан нарига ўтмайди. Менинг ёшим 21 да, укам бор 18 ёш. Ҳеч қачон дадам бизни ўйламаган. Аллоҳдан инсоф сўраб чарчадим. Онамни кўрсам яшашдан умидим сўнади. Менинг тақдирим ўзимга аён эмас, лекин ҳар доим яхши, тақволи қиз бўлишга ҳаракат қилганман. Назаримда дадам бошқаси билан юради. Бугун онамни арзимаган баҳона билан дўппослабди. Аям ажрашаман деб айтганида ҳаётдан умидларим сўнди. Нима маслаҳат берасиз? Олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин!


Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсоннинг мизожига (темперамент), ота-онаси, оила аъзоларидан олган тарбиясига ва мулоқот қилган инсонларидан, дўсту биродарларидан олган ибратларига яраша ўзига хос характери, дунёқараши, ҳаёт давомида шу инсонни бошқарадиган ҳоҳиш-истаклари ҳосил бўлади. Отангиздан хафа бўлиш ноўрин. Чунки бу тарбияни, дунёқарашни у юқоридаги ҳолатларга мувофиқ ўзида мужассам қилиб бўлди. У ўзгариши мумкин. Фақатгина ўзи истасагина ўзини ўзи ўзгартира олади. Бу ҳоҳишни пайдо бўлишида эса сиз ва онангизнинг жуда катта ролингиз бор. Агар отангиз спиртли ичимликлар ва наркотик каби ҳаром нарсалардан фойдаланмаса ва психиатрик касаллиги бўлмаса у ҳолда сиз ва онангиз унга таъсир кўрсата оласиз. Таъсир кўрсатиш учун эса оилангиздаги бу каби ҳасратли ишларга, отангизнинг бу кирдикорларига хафа бўлмасликка, эътибор қилмасликка одат қилишингиз керак. Албатта менга айтиш онсон ва бу ишни сизга ва онангизга бажариш ўта мушкул. Аммо келажакда ҳаммангиз тинч, тотув, бахтли яшашингиз учун қанчалар мушкул бўлсада ҳаракат қилинса уддаласа бўладиган иш. Бунинг учун онангиз ва сиз Осиё онамиз ва бошқа саййида аёллар тарихини яхшилаб ўқиб ўрганиб чиқинг. Уларнинг ҳаётлари биз инсонлар учун катта ибрат ва ҳаётимиз мобайнида жуда яхши қўлланмадир. Ўша замонда ва ҳозирги замонда ҳам ўша инсонлар ҳали ҳам ўша инсон. Ҳар бир замонда одамлар ўзига яраша “Фиръавн”ларга учраб яшайди. Бу дунёга инсон фақат роҳат учун келмайди. Жаннатга эришиш йўллари шундай “тиканлардан” иборатдир. Бу дунёнинг ўзига яраша синовлари ва мушкулликлари мавжуд. Сиз ва онангиз ўзингизни англаш, бу дунёга нима учун келганингиз, ҳаётингизда Аллоҳ Таоло ва Унинг бандаларининг олдида қандай масъулиятларингиз борлиги, қандай илм олишингиз келажагингизни ўзгартириши мумкинлиги, кайфиятингизни қандай ишлар кўтариши мумкинли, яшашдан мақсадингиз нималардан иборат эканлиги ҳақида чуқур мулоҳазалар қилиб жавоб қидириб кўришингиз керак. Ана шу жавоблар сизга бу чуқурликдан чиқиб кетиш учун йўл-йўриқ бўлади. Аммо биринчи ўринда соғлигингиз ҳақида қайғуришни эсингиздан чиқазманг. Негаки миянгизга келган бу жавобларни амалда қўллаш учун куч-қувват керак бўлади. Валлоҳу аълам!