Фарзандимдаги салбий ўзгариш

01:52 / 26.05.2020 | Дилором | 495

Ассалому алайкум! Менинг қизим 16 ёшда. Қизим аввал шаърий билимларга қизиқар, иродаси мустаҳкам эди, ҳозир ўқишдаги муҳит туфайли мусиқага, дугоналарга ва бошқа қизиқишлари пайдо бўлган. Фарзандимни солиҳа, диний билимлари зиёда олима қиз, рўзғорда чаққон, буюк фаросат соҳибаси бўлишини истардим. Ҳозирда ўтиш даври бўлгани учун панд-насиҳатлар оғир қабул қилинябди. Мен хам натижада асабийлашиб кетябман. Дуо қилинглар, менинг қизим хам сизлардек илмли қиз бўлсин. Аҳли илмларнинг бошқа бир инсон учун дуолари қабул бўлади дейишади. Менга диний ёки психологик маслаҳат беринглар! 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Бир оз сабрлик бўлишингиз керак. Ўтиш даврида баъзи болалар шу каби ҳатти-ҳаракатларни қиладилар. Бундай вазиятларда иложи борича қизингизга яхши гапиришга, мулойим муомала қилишга, кўп ақл ўргатишдан эҳтиёт бўлиб, баъзида насиҳатларингизни воқеаларнинг мисолида гапириб берганингиз маъқул. Мисол учун фалончи фалон иш қилибди бунинг эса шариатимизда ҳукми мана бундай экан, Қуръон оятларида мана бу қиссанинг шарҳида бундай дейилган, мана бу ҳадис ривоятида мана бундай экан каби. Албатта Ўзингиз қизингизга катта ибратдирсиз. Сизнинг ҳозирги ҳолатингиздан қизингиз мушкул вазиятлардан қандай чиқиш кераклигини ўрганиб олади ва келажакда ўзини сиз каби тута бошлайди. Шунинг учун ўзингизнинг ҳиссиётларингизни ҳам контрол қилишингиз зарур. Она ҳар қандай вазиятда фарзандига ибратдир. Қизингизнинг дуосида ҳам ошкора ҳам махфий бўлаверинг. Мумкин қадар ўзингизнинг ибодатларингиз, илм ва зикрларингиз, истиғфорларингизда муқим бўлсангиз қизингизга бу ишингиз албатта намунали бўлади. Уни қўллаб-қувватлашни унутманг. Уни тушунишга ҳаракат қилинг ва ўзига ҳам тушунишингизни билдиринг. Шунда яхши муносабатларингизни сақлаб қоласиз. Ва албатта у сизга сиз истайдиган қиз бўлишга ҳаракат қилади. Набодо танқид қилсангиз, қўпол муомалада бўлсангиз, ишингиз фақат ақл ўргатишу ўзингизни ёки бировларнинг болаларини намуна қилишдан иборат бўлиб қолса у ҳолда қизингиз сизнинг айтганларингизни тескарисини қилаверади. Ҳар бир инсон хатолари орқали ўзини ўнглаб олади. Шунинг учун қизингизни ҳадеб тергайверишдан, ҳамма хатолардан муҳофаза қилаверишдан сақланинг. Унга Аллоҳнинг тўғри йўлини одоб билан кўрсатинг ва намуна бўлиб туринг. Ўзи фикр қилиб олади ин шаа Аллоҳ. Валлоҳу аълам!