Бефарзандлик

20:26 / 26.05.2020 | Iqlima Yusupova | 934

Ассалому алайкум! Оила қурганимга 8 ой бўлди. Шифокорлар фарзанд кўриш учун бошқа одамнинг фолекуласини ўтқизсак бўлади деб айтишяпти. Қайнонам "мана ҳамма "кўтардими" деб сўраб ётибди", деди. Донорликка рози, шу ишни қилишимни айтяпти. Шундан кейин қаттиқ ҳафа бўлиб, бу ҳаромлигини, ундан кўра, ўғлини ҳалолига уйлантиришини айтдим. Ҳаммадан жуда ҳафа бўп кетдим. Хўжайним "пешонамизга ёзгани бўлади", деб айтяпти. Ҳозирда даволанаяпман, Аллоҳга таваккал қиляпман, фақат тушкунликдан қандай чиқай? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳнинг мўжизаларидан умидвор бўлиб яшаш керак. Бунинг учун асло тушкун бўлиш керак эмас. Ҳикматини Ўзи билгувчи. Ҳаётда турли мўжизавий воқеалар бўлиб туради. Даволаниб туринг, аммо Аллоҳга таваккул қилиб юринг. Қуръони Каримнинг Марьям сурасини маънолари таржимаси ва шарҳи билан ўқиб юринг. Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва ҳаёт” китобларидан бир парча келтираман:
«Анбиё» сурасида Закариё алайҳиссалом ҳақларида бир оз кенгроқ маълумот келади:
«Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди» (89-оят).
Закариё алайҳиссаломнинг «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма», дейишларидан у зот динга даъват қилишда Бани Исроилнинг қаттиқ қаршилигига учраганликлари кўриниб турибди. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ҳақиқатда ҳам ўша вақтда Бани Исроил ҳаддан ташқари туғёнга кетиб, ҳар қандай нобакорликни тап тортмай қиладиган ҳолатга етган экан.
Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломни бефарзандлик балосига дучор қилган эди. Аммо Закариё алайҳиссалом ноумид бўлмадилар. Ўзлари ва хотинларининг ёшлари ўтиб қолган бўлса ҳам, сабр ила Аллоҳдан фарзанд сўрайвердилар.
«Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди».
Яъни Закариё алайҳиссалом Аллоҳга «Мени дунёдан бефарзанд ҳолимда ёлғиз ўтказма, менга фарзанд бер», деб илтижо қилдилар. Шунингдек, энг яхши ворис Аллоҳнинг Ўзи эканлигини ҳам қўшиб қўйдилар. Бу билан у киши «Мен ортимдан меросхўр қолишини эмас, дин ва бошқа ишларни давом этказувчи фарзанд қолишини сўраяпман», демоқчи бўлдилар.
«Бас, Биз уни (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳъёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйсунувчи эдилар» (90-оят).
Шунинг учун кўпроқ ибодатда, дуода бўлиб тураверинг. Инсонлардан хафа бўлиш ноўрин. Ҳар бир инсон ўзи билмаган ҳолда хато қилади. Атайлабдан сизни хафа қилиш учун бўлмаган бу ҳатти-ҳаракатлар. Ҳар ким қўлидан келганича бирон йўл ахтаради ва ҳаёлига келган фикрни тўғри деб ўйлайди. Кимдир фаросатли бўлиб бировни дилини оғритмай дейди. Кимдир бефаросатлик қилиб ҳаёлига келганини шартта айтади қўяди. Бефаросатликдан хафа бўлиш шундай инсонлар билан тенглашиб қолишдай гап. Валлоҳу аълам!