Стресс

21:58 / 26.05.2020 | Nozigul | 818

Ассалому алайкум! Шу кунларда роса йиғлоқи бўлиб қолганман. Тез-тез стрессга тушаман. Ойим урушсалар ҳам, ниманидир қила олмасам ҳам, дарсларимга улгурмасам ҳам... Хуллас, ҳар нарсага йиғлайдиган бўлиб қолганман. Қаергадир узоқларга кетгим келяпти. Ҳеч ким йўқ жойларга. Фақат китоб ўқиб ўтиришни хоҳлайман. Бундан қандай халос бўлсам бўлади? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Сизда эҳтимол йоднинг сингишида муаммо бордир. Ҳар икки кунда ярим пиёла сметанани тановул қилиб туринг. Инсонда йод яхши сингмаса жаҳлдор, асабий, кўп хафаланиб қолувчи ёки йиғлоқи бўлиб қолади. Калий минерали етишмовчилигида ҳам ҳудди шундай бўлади. Шунинг учун соғлигингизга эътибор қилинг. Эндокринолог кўригига ҳам бориб кўриниб туришингиз керак. Бундай ҳолатлардан фойдаланиб кўпроқ истиғфорларни такрорлаш, зикрларни қилиш яхши амалдир. Асабингизда ўзгариш бўлганида, йиғлагингиз келганида ибодатларга шошилиш керак. Ҳамда ўша эмоцияларингиз устида ўйланиб кўринг. Бу эмоциянгиз болалигингиздаги қайси эмоциянгизга ўхшайди. Ана ўша ҳолатингизни кўз олдингизга келтириб унинг тескариси бўлган бирон ижобий эмоцияга ўгиринг. Буни уддалай ололмасангиз психолог билан суҳбатлашиб олишингиз керак. Кўпроқ пиёда юришингиз негатив эмоцияларингизни бартараф этилишига олиб келади. Расм чизишингиз ҳам мумкин. Бунда ҳеч нимани ўйламай шунчаки чизинг. Сўнг расмларингизга синчковлик билан қаранг. Нималарни чиздингиз? Чизган расмларингиз қайси ҳолатингизга ўхшайди? Чуқур мулоҳазалар қилиб кўринг. Валлоҳу аълам!