Ассалому алайкум! Мен 21 ёшдаман. Синглим бор, 5 ёш. Ўзим педогогика олийгоҳида, мактабгача таълимда ўқийман. Синглим оилада кичик фарзанд бўлгани учун эркароқ. Баъзан унга муомалам қўполлашиб қолади. Баъзан қилма деган нарсамни қилиб тураверади ва қаттиқ гапирганимдан кейин тўхтатади. Шунда унга яхши, мулойим гапиришим кераклигини биламан, аммо негадир қўпол гапириб, овозимни баландлатаман. Қаттиқ уршиб юборсам ўзим қийналиб юраман, ичим ачийди. Маслаҳат беринг! Ишим нотўғрилигини биламан. Болалар психологиясидан озгина бўлса ҳам хабарим бор. Синглимга қиладиган қаттиқ муомаламни келажакда фарзандларимга ҳам қилмасликни хоҳлайман.
– Ва алайкум ассалом! Сизда эҳтимол, йоднинг сингишида муаммо бордир. Ҳар икки кунда ярим пиёла сметанани тановул қилиб туринг. Инсонда йод яхши сингмаса жаҳлдор, асабий, кўп хафаланиб қолувчи ёки йиғлоқи бўлиб қолади. Калий минерали етишмовчилигида ҳам ҳудди шундай бўлади. Шунинг учун соғлигингизга эътибор қилинг. Эндокринолог кўригига ҳам бориб кўриниб туришингиз керак. Синглингизга бўлган бу муомалангизни тагига етиб кўришингиз керак. Масалан асабингизга теккан вақтида ўша эмоцияларингиз устида ўйланиб кўринг. Бу эмоциянгиз болалигингиздаги қайси эмоциянгизга ўхшайди. Ана ўша ҳолатингизни кўз олдингизга келтириб унинг тескариси бўлган бирон ижобий эмоцияга ўгиринг. Буни уддалай ололмасангиз психолог билан суҳбатлашиб олишингиз керак. Валлоҳу аълам!