Ассалому алайкум! Ёшим 18 да. Мени қийнаётган нарса шуки, инсонга танишларидан кўра, ота-онасининг фикри аҳамиятлироқ экан. Лекин ойим буни тушунмайдилар. Ўқишга кира олмадим, ўзимни энди тушкунликдан чиқариб, ўқишга кира олмаганимни яхшиликка ёйиб, ўзимни қўлга олдим. Лекин ойимга ўқишга кира олмаганлар тўғрисида айтишса, одамнинг иқболи бўлиши керак экан, омадли бўлиш керак экан, иқболи бўлмаса қийин дейди. Бу гап албатта менга ҳам тегади. Бу тушунча ойимда шу даражада мустаҳкамлигидан мен ростан ҳам омадсизман, иқболим йўқ деган тушунча қамраб олаяпти. Ахир биз ҳар ишдан ёмонлик қидираверсак, албатта ўша ёмонликни ўзимизга, фарзандимизга чақираётган бўлмаймизми? Бу мени тушкунликга солиб қўйяпти, ойим нимани ўйлашимни, характеримни билмайди. Бирор нарсага сал хафа бўлсам, бу ўқишга кира олмаганига сиқилиб қолган, тушкунликдан чиқа олмаяпти дейди. Аслида эса мен умуман ўқиш тўғрисида ўйламаётган бўламан. Менинг номимдан ҳаммага гапириб чиқади. Бирор мен истамаган иш бўлса, яхшиликка, ҳайирлиси шу экан, ҳаммаси яхши, сиқилма, сен омадлисан, бу воқеа ҳеч нарсани ҳал қилмайди, ўзинга ишон, мен сенга ишонаман, деган сўзларни она бўлиб, ўзи ҳам бунга ич-ичидан ишониб айтишнинг ўрнига баттар эзади. Тепаликка чиқаман десам, оёғимдан пастга тортаётган инсонга ўхшайди. Ахир фарзанд ота-онасидан далда олмаса, кимдан далда олади? Оилада ёлғиз фарзандман. Қандай қилиб бу тушкунликдан чиқсам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Онангиздан хафа бўлишингиз ноўриндир. Негаки, онангиз ҳам сиз каби ўз онасидан шундай тарбия кўрган, унинг онаси ҳам эҳтимол сиз онангиздан кутган гапларни унга гапирмагандир. Шу сабаб, ўз фарзандига қандай қилиб далда беришни билмас. Онангиз ўзи билганича сизни катта қилди, билолганича меҳр берди, уддасидан чиққанича бағрига босди. Ундан ортиғига тоқати йўқ. Сиз онангиздан у умуман билмаган нарсаларни талаб қилаяпсиз. Онангиз сиз истайдиган даражада меҳр беришини, қўллаб-қувватлашини ҳоҳласангиз ана шуларни онангизга ўзингиз бериб ибрат бўлинг, ўз ҳатти-ҳаракатингиз орқали ўргатинг. У қўлидан келганича сизга тарбия ва муҳаббат беролди холос. Сиз катта қизсиз. Ҳозирги ёшларнинг ақли кўп нарсалар етадиган даражада ўткир. Шунинг учун, ўзингиз изланинг, ўқинг, ўрганинг ва содда онангизга ўргатинг. Онангизнинг қилаётган ҳатти-ҳаракати ҳақиқатдан ҳам соддаликдандир. Соддалик эса уқувсизликдан, илмсизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ўзингиз онангизга устоз бўлинг. Фақат устоз бўлиб буюринг, бошқаринг эмас. Балки ибрат бўлинг. Ҳали жуда ёшсиз. Кўп ўқиб ўргансангиз ўқишга ҳам кириб кетасиз. Агар бу сизнинг асл мақсадингиз бўлса, мақсадингиздан қайтманг. Елиб югуринг. Тинмай ҳаракатда, изланишда бўлинг. Эҳтимол онангизни ҳам ўзгартириш, уни рўшноликка олиб чиқиш қўлингиздан келар. Валлоҳу аълам!