Ассалому алайкум! Мен 5 маҳал намоз ўқийман, алҳамдулиллаҳ. Лекин онам билан орамиз яхши эмас. Чунки онам мени кўп уришадилар, арзимаган нарсалар учун ҳам кўп қарғайдилар. Айниқса намозимни қўшиб қарғайдилар. Мен онамни яхши кўраман, онам менга меҳр беришларини ҳохлайман. Балки айб ўзимдадур, Аллоҳимдан ўзимга инсоф сўрайман. Лекин кўпинча арзимаган нарсалар деб мени кўп уршишлари тўғриси, мени бездириб онамдан узоқлаштиряпти. Нима қилай? Қандай йўл тутай?
– Ва алайкум ассалом! 3 та инсонга насиҳат, танбеҳ берилмайди. Бу ота-она, эр, устоз. Уларда бирор камчилик кўрилса улар ҳаққига дуо қилинади. Бундан ташқари атрофимиздаги негативлар бизнинг ички кечинмаларимиздаги негативларнинг акси ҳисобланади. Шундай экан, ислоҳ қилишни атрофдан эмас, ӯзимиздан бошлашимиз керак экан. Онангизни ҳам тушунишга ҳаракат қилинг. Она сифатида фарзандидан уларни айблашингиз унинг учун оғирдир. Онангиз қараганда баджаҳл аёлни эмас, маъсума, ҳаёт синовларида асаблари чарчаган, аммо қалби пок, сизни фаҳм-фаросатли қилиб тарбия қилган аёлни кӯринг. Онангизга бӯлган барча айбловлардан воз кеча олсангиз, онангиз буни ҳис этадилар ва сӯзларингизни тӯғри қабул қилишлари мумкин. Одатда ёшлар бироз билим эга бўлиб дарров бошқалардаги камчиликни кӯришни бошлашади. Бу эса ӯзида камчиликлар кӯпайишига сабаб бӯлади. Валлоҳу аълам!