Ассалому алайкум! Ёшим 37 да, 3 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим билан кўп келишолмай қоламиз. Алҳамдулиллаҳ ҳаммамиз намоз ўқиймиз. Одамлар билан гаплашганда, сўрашганда турмуш ўртоғим кўп ҳолатларда кибрга берилиб, менсимай, ҳурматсизлик қилади. Мен ундай қилманг десам, мени ёмон гаплар билан сўкади. Менга маслаҳат беринг, нима қилишни билмаяпман.
– Ва алайкум ассалом! Эркак кишини тарбиялаб бўлмайди. Сизнинг ҳатти-ҳаракатингиз уни тарбиялашга киради. У ўзини ўша ҳолатларда ёш боладек ёки бир мукаммал инсонмасдек ҳис этгани учун жаҳли чиқади. Сиз яхшиси турмуш ўртоғингиз бировга яхши муомала қилганида уни шу учун самимий мақтаб қўйинг. Шунда у янада ўзининг бу каби қирраларини ривожлантиришда ҳаракат қила бошлайди. Гўё гулга сув қуйилганда у ўсиб гуркираб, гуллаб кетгани каби инсоннинг ҳам яхши фазилатларига урғу бериб турилса, унинг бу фазилатлари кўпаяверади. Аксинча унинг салбий қилиқларини эслатиб “сув қуйилса” ўша томонлари гуркираб ривожланаверади. Валлоҳу аълам!