Ассалому алайкум! Менда баъзида юрагим тез ургандай бўлади, тиқ этган товуш ҳам ёқмайди. Бу ҳолат 11-12 ёшларимдан бошланган олдин унчалик билинмас эди, ҳозир 24 ёшдаман. Энди бирданига шундай бўлади ва қулоқларимми беркитиб ўтириб қоладиган даражагача етиб келдим. Масалан, овқат қовураётганимда бирор масаллиқни солинганда чиқадиган овоз, беланчак, бешикни тебратгандаги овоз, қишлоқдаги қўлда чиқариладиган краннинг овози, бирор нарсани арралагандаги, ишқалангандаги шунга ўхшаш овозлардан бўлади. Доим эмас, кўпинча ва бирданига. Баъзида ҳеч бир сабабсиз ўзидан ўзи бўлади. Шунақа пайт тиқ этган товуш ҳам ёқмайди, тавҳид ва калимайи шаҳодатни айтаман. Ҳозир Фалақ, Нас, Ихлос сураларини ўқиб юрибман. Бундай ҳолат 3-4 мин да ўтиб кетади. Лекин доимий чарчоқ, қизиқишнинг йўқолиши, ҳолсизлик, кўкрак қафаси, ўпка (менимча) ва юракдаги оғриқлар, намозда турли хил васвасалар, ибодатда қоим бўлолмаслик каби ҳолатдаман, фақат ётгим, ухлагим, ё йиғлагим келади. Охирги 1 йил ичида ҳаётимни тубдан ўзгартирган ҳодисалар кўп бўлди. Аллоҳни қадарига рози бўлолмаган ҳолатларим жудаям кўп бўлди, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Ҳозир унаштирилганман, лекин у инсон билан муносабатларимиз яхши эмас, игнани учида ўтиргандай гапираман, арзимаган нарсалардан ҳам жанжал чиқиб бақириб кетади, сўкиниб. Жуда кўп таъқиқлардан, миннатлардан чарчаганман. Мени ҳам аёл сифатида тушуниб, фикларимми эшитишини, мени тушунишини истайман, улар аёл бўйсуниши керак, лом-мим демаслиги керак, дейдилар, лекин зулмни ҳам, чеклов, таъқиқлар ҳам меъёрида бўлиши керак эмасми? Ҳатто зарурат юзасидан ташқарига чиқсам ҳам айтишга мажбурман, тел қилишса кўтара олмасам бақир-чақир бўлади, вазиятни секинлик билан тушунтирсам гап қайтаряпсан дейдилар. Бунданам кўп сиқиламан, иложи борича кўп гаплашмасликка ҳаракат қиламан, депрессияга тушиб қоляпман. Шу ҳолатимда нима маслаҳат берасиз? Ўтган йили юрагимниям асабларимниям кўрсатганман, тайинли гап айтишмаган,яхши дейишган. Ўзим вилоятдаги туманлардан бирида яшайман, юзма-юз психологга боришни имкони йўқ, топа олмадим. Қайси шифокорларга кўринай? Яна шунақа ваҳима босганда қайси дуоларни ўқисам бўлади?
Руҳшунос:
– Ва алайкум ассалом! Ҳозирча солатан нарияни қўлингиздан келганича ўқиб юраверинг. Иложи борича тезроқ, айниқса турмуш қуришингиздан олдин яхши мутахассис бўлган психиатр ёки невропатолог, невролог ҳамда эндокринолог шифокорларининг қабулига боришингиз керак. Кун тартибини тузиб олишингиз керак. Яъни соғломлаштирувчи таомлар истеъмоли ва сифатли уйқу билан ўзингизни таъминлашингиз керак. Валлоҳу аълам!