Ўзимни қўлга ололмаяпман

00:57 / 11.08.2020 | Rakhmonova Nilufarkhan | 1059
Ассалому алайкум! Менда жуда асабийлик, норозилик кайфияти кучайиб кетяпти. Сабабсиз ўз-ўзидан ҳам кайфиятим тескарига ўзгариб қолади. Бунга сабабни икки ой олдин ҳўжайинимни бошқа аёл билан гаплашганини эшитганимдан деб биляпман. Уларни Аллоҳ учун кечирдим, лекин ҳали ҳам эсимга келиб қолса қийналиб кетаман. Ҳаёлпарастман, бир ишни охирига етказгунча қолган бошқа ишларим эсимдан чиқиб қолади. (Бу ҳолат авваллари ҳам бор эди, ҳозир кучайган.) Икки ёш ўғлим бор, уйқуси кам. Кечқурун 1 ёки иккигача ухламайди. Шунинг учун менда ҳам уйқу кам. Оиладагилар билан муносабатим аъло дея олмайман, лекин авваллари унча бунча гапни ўзимга оладиган эмасдим, шунгами ҳозир ҳар томонлама қийналяпман. Бу ҳолат ўтиб кетиши мумкинми?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Агар уйқуингизни сифатлик қила олсангиз, албатта бу ҳолатингиз ўтиб кетиши мумкин. Сиз онасиз. Болаларингизнинг ҳам уйқусини режалаштириш асосан сизга боғлиқ иш. Жуда эплаб бўлмаса, демак уларни невропатолог кўригига олиб бориш керак бўлади. Болалар тўққиз соат, сиз саккиз соат ухлаши ва эртароқ ухлаши керак. Тоза ҳавода сайр қилиш, тўғри овқатланиш, жисмоний машқларни бажариш орқали асабларингизни жойига келтириб олишингиз мумкин. Албатта бир кунда бир соат вақтни шахсан ўзингизга, сизга ёққан машғулотингизни бажаришига ажратишингиз керак.  Валлоҳу аълам!