– Ва алайкум ассалом!
ҒИЙБАТНИНГ ДАВОСИ
Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.
Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.
Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.
Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабни йўқ қилиш ила бўлади.
(“Руҳий тарбия” китобидан)