Намозда жалса ҳолати

12:21 / 14.09.2020 | Muattaroy | 983
Ассалому алайкум! Намозда жалса ҳолатида аёллар қандай ўтирадилар? Кўзлар ва оёқлар ҳолати қандай бўлади? Мен шу пайтгача намозларимда қаъдада қандай ўтирилса жалсада ҳам шундай ўтирар эдим. Бу нотўғри эканлигини билиб қолдим. Уйимиздаги намоз китобда жалсада қандай ўтириш берилмаган экан.
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Жалса билан қаъда битта нарса.  

Ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабининг уламолари:
“Намоз ўқувчи қиёмда назари сажда қиладиган жойда бўлиши, рукуъ қилганида икки оёғининг орасида, қаъдада ўтирганида эса, ишора қилган бармоғига қараб ўтиришни мустаҳаб” деганлар.

Намозда кўзни юмиб олиш макруҳ. Чунки бунда бутпарастларга ўхшаш ва суннатни тарк қилиш бордир. Осмонга қараш ҳам жоиз эмас.

НАМОЗДА ОСМОНГА ҚАРАШ ҲАҚИДА

أَنَّ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ حَدَّثَهُمْ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم: «مَا بَالُ أَقْوَامٍ يَرْفَعُونَ أَبْصَارَهُمْ إِلَى السَّمَاءِ فِي صَلَاتِهِمْ». فَاشْتَدَّ قَوْلُهُ فِي ذَلِكَ حَتَّى قَالَ: «لَيَنْتَهُنَّ عَنْ ذَلِكَ أَوْ لَتُخْطَفَنَّ أَبْصَارُهُمْ».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга нима бўлганки, намозда осмонга қарашяпти?!» дедилар. Кейин сўзлари кескинлашиб, ҳатто: «Ё бу ишдан тўхташади, ёки кўзлари ўйиб олинади», дедилар».

НАМОЗДА У ЁҚ-БУ ЁҚҚА АЛАНГЛАШ ҲАҚИДА

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم عَنِ الْاِلْتِفَاتِ فِي الصَّلَاةِ، فَقَالَ: «هُوَ اخْتِلَاسٌ يَخْتَلِسُهُ الشَّيْطَانُ مِنْ صَلَاةِ الْعَبْدِ».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳақида сўрадим. «У – шайтон банданинг намозидан уриб қолишидир», дедилар».
(“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).

Намозда кўкрагини ҳам қибладан буриб, ўнг ёки чап тарафларга қарайдиган бўлса, намози бузилади.

 Валлоҳу аълам!