Кибр ва ишончсизлик ораси

02:03 / 29.09.2020 | Qalbimda_imon | 676

Ассалому алайкум! Инсон кибр ва ўзига ишончсизлик ўртасидаги тўғри йўлни қандай топиши мумкин? Мақсадларимга бўлган ишончим кучим етадиган даражадагидан анча пастлигини сезаман. Бирор ютуққа эришганимда уни бошқаларга айтишга тортинаман. Лекин ютуқларимни эшитганларнинг табрикларидан фахр пайдо бўлади. Баъзида у кибрга ҳам ўхшаб кетади, фақат қалбимда. Ёки бу шайтон васвасасимикин? Хуллас, олтин ўрталикда бўлиш учун нима қилишим керак? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳга ишониш керак. Мувофақият ва ютуқни Аллоҳдан деб билиш керак. Шунда ҳар қандай натижани осон қабул қилиб олинади, шунингдек ғурурга ҳам берилиб кетилмайди. Бинту Содиқ каналида Хислатли ҳикматлар шарҳини бериб боряпмиз, шуларни ўқинг. Ҳар қандай кибр инсоннинг инсоний фазилатларини йўққа чиқазувчи ва алал оқибат катта гуноҳларга етакловчи омилдир. Бировнинг олдида қилинган ҳар қандай амалнинг мақтов эшитиш учун қилингани ҳам кбрга олиб келади. Инсон борича ҳокисорликка қараб интилиши зарур. Қилган яхши амалларини бандасига билдирмаслиги керак. Шундагини унда ҳокисорлик ҳосил бўла бошлаши мумкин. Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва ҳаёт” китобларида шундай дейилган:
“549. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозда кибру ҳаво ила изорини осилтирса, бас у Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас», дедилар».
Икки ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ жалла зикруҳу ҳузурида ҳалолда ҳам эмас, ҳаромда ҳам эмас» деганлари Аллоҳнинг ҳузурида унинг ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ, деганидир.
Ушбу ҳадисда намозда ман қилинган кийимни осилтириш кибру ҳаво учун бўлганлиги очиқ лафз билан таъкидланмоқда.
Кибру ҳавони хоҳлаган мутакаббирни Аллоҳ таоло у ўйлаган нарсанинг тескариси – қадр-қимматсизлик билан жазолаши турган гап экан.
Шунинг учун намоз пайтида инсоннинг ҳеч бир томонидан, ҳатто кийимидан ҳам кибру ҳавонинг асари кўринмаслиги керак. Ўта хору зор бўлган ҳолда намоз ўқиш лозим.” 

 Валлоҳу аълам!