Ассалому алайкум! Ёшим 20 да. Онамнинг 2-турмуши. Мен ва 18 ёшли синглим 10 йилдан буён ўгай дадам билан яшаймиз. Дадамнинг характери жуда оғир, ёшлари 62 да. 10 йилдан буён жанжалсиз кун деярли йўқ. Арзимаган нарсага бақираверадилар, то йиғламагунимизча тўхтамайдилар. Йиғласак кайфиятлари жойига тушиб, ҳурсанд бўлиб индамай қоладилар. Шу нарсалар таъсириданми, ёки бошқами, жуда жиззаки бўлиб қолганман. Дадамга сабр қилиб, савоб оламан дейман, истиғфор айтаман, лекин баъзан мен ҳам гапириб юбораман. Бошқаларнинг ҳам гапини кўтаролмайман. 1ойдан кейин тўйим бўлади, қўрқаяпман. Бу феълим билан қандай қилиб у оилада яшаб кетаман? Қайнона, қайнотам жуда инжиқ одамлар экан. Қандай қилиб ўзимни ўзгартирсам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Жамиятимизда қанча одам бўлса, ҳар бирининг феъл-атвори ўзига яраша бўлади. Сизга бегона оилада ва умуман жамиятга қўшилиб яшашингиз, ишлашингиз учун одамларга ўзгача қараш орқали назар солишга ҳаракат қилинг. Яъни ёмон инсонлар йўқ, ноқулай вазиятлар бор халос. Мисол учун, бирор инсон сиздан норози бўлса, сизни ҳақорат қилса, аслида ўша вазият шуни тақозо қилган, шунчаки шундай қилишга уни ўша вазият мажбур қилган. Бундан ташқари, одамлар бировга нисбатан қўпол муомала қилиши, инжиқликларини кўрсатишининг асосий сабаби ўша инсоннинг ўзида ички муаммолари кўплигидан далолат беради. Агар шуни тушуниб олсангиз ва инсонларга шу назар билан боқсангиз ҳеч кимдан хафа бўлмайсиз. Чунки сизда “у инсонни ўзини бундай тутиши ўз муаммолари сабабидан, демак бу гаплари менга тегишли эмас, мени қалбим бундан оғримайди” деган тушунча, ишонч ҳосил бўлади. Агар сизда инсонлардан хафа бўлиш, ғазабланиш ҳисси бўлмас экан, демак, сизни ҳам ҳеч ким хафа қила олмайди. Ўгай отангизнинг ҳам аслида кўп ички муаммолари бор. Буларни ҳал қила олмай сизларни, ожизаларни хафа қилиш ҳисобига ўзи учун хотиржамлик топиб олаяпти. Негаки ўзига бўлган ишончи паст бўлиши ва бу ҳолатдан қутулиш учун ожизаларни хафа қилиш ҳисобига ўз кўз олдида ўзига бўлган ишончи, баҳоси ошяпти. Албатта бу нотўғри йўл. Аслида бундан 10 йил олдин онангиз сизларни психолог олдига олиб бориши ва ўзи аллақачон психолог билан суҳбатлашиб олиши керак эди. Оилангиздаги вазиятнинг тубига қарайдиган бўлсак онангизда ҳам ўзининг ички руҳий дардлари, кечинмалари кўп. Онангизга бекорга бундай турмуш ўртоқ учрамаган. Ўз устида ишлаб, ўзига яраша фикр-мулоҳазалар чиқариб олиши керак. Бу вазиятнинг энг ноҳуш томони шундаки онангиздаги бу реакцияни сиз ҳам такрорлашингиз мумкин. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Шу каби вазиятларда ўзини қандай тутиш кераклигини сиз ҳам онангиздан ўргангансиз. Бошқача йўллари ҳам борлигини билмайсиз. Набодо бироз ноқулай вазиятларга тушсангиз ўзингизча бирон йўл-йўриқларни қилманг. Албатта психолог ёрдамига мурожаат этинг. Валлоҳу аълам!