Тўғри йўл кўрсатинг

08:44 / 08.10.2020 | Mashrapova Shahnoza | 561

Ассалому алайкум! Мен бир қизнинг номидан ёзмоқдаман. У сайтга кира олмаяпти. Шунинг учун мендан саволига жавобни сўраб беришни сўради. Илтимос, динни ҳамда психологияни умумлаштириб жавоб беринг! 1.Унинг айтишича, Қуръон хатм қилар экан, лекин биров кўриб қолса ёки ўқиётганида олдига бир инсон кириб қолса тезда ўқишни тугатиб, Қуроънни олиб қўяр экан. Яъни, бировнинг олдида, айниқса, ойисининг олдида ўқимас экан. Кўп шундай ҳолат бўлиб Қуроънни ўқимай қўйибди. Лекин Қуръон ўқимай гуноҳкор бўлишдан қўрқаётган экан. 2. Шунга ўхшаш ҳолат диний китоб ўқиётганда ҳам бўлар экан. Оила аъзоларига айтолмас экан. Улар уни уйда бекорчи деб сўкар, бақирар эканлар. Бунинг сабаби эса, улар бошқаларга айтсалар, мақтасалар, риё бўлади деб айтмас экан. 3.Олдинлари хато қилган экан. Яъни, ўғил болалар билан қўл бериб кўришиб, улар билан гаплашиб юрган экан. Лекин ҳозирда тавба қилиб у ишларни қилмаётган экан. Ҳозир мулойим бўлиб, ота-онасига доимо итоат этишни хоҳлар экан. Аммо кўп жаҳлларини чиқарар экан. Нима маслаҳат берасизлар? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! 1. Қуръон хатм қилишда бардавом бўлавериши керак. Буни яширадиган жойи йўқлигини ўз онгига сингдириши керак. Биров кўрса нима қилибди? Ўша биров ўз оила аъзоларику. Бу фикрда қолаверса, ўзини шунга ишонтираверса ва яна давом этаверса шайтон миясига яна ва яна бошқа фикрларни киргизаверади. Шунинг учун ҳеч нимага қарамай бўш вақти бўлдими хатмга ўтиравериши керак. 2. Уйдагилари мақташни ҳоҳлашса мақтайверишсин. Бу инсонни диний таълимотли бўлишдан тўсиб қолмаслиги керак. Инсон шариатни яхшилаб ўрганиши учун ўз “йўлларини” тозалаб илм олишда давом этаверади. У қиз эса диний таълимотни тўхтатиш учун ўз йўлини тўсиш билан овора. 3. Ота-онасининг жаҳлини чиқармай, "хўп" деб мулойим муомала қилавериши керак. Бундан ҳам ўзини ўзи чегараламаслиги керак. Ота-онасини хафа қил деб биров мажбурламайдику. Ўз ақли билан шу ишни қилади. Демак ақлининг "хўжайини" инсоннинг ўзику. Ўзини қўлга олиш керак бўлди. "Нима маслаҳат берасизлар?", дебсиз. Маслаҳатимиз шундан иборатки инсон нима яхшию нима ёмон эканлигини ўз ақл-фаросати билан тушунади. Демак яхши ишни қилиб ёмон ишдан воз кечиш керак. Валлоҳу аълам!