Ассалому алайкум! 2 йил олдин турмушга чиққанман, ҳозирги кунда 10 ойлик фарзандим бор. Менинг назаримда ҳаммаси жойида, лекин ён-атрофдагилар мени авваллари барча нарсага эътиборли, ҳозирги кунда эса бўш бўлиб қолганлигимни айтишмоқда. Нима сабабдан бундай фикрга келишаётганлигини билмайман. Катта оилада яшаймиз. Уй ишлари, фарзандимга қарайман. У ухлаганда ва тунлари Қуръон ўқийман. Ўзимнинг бажарадиган ишларимдан "дангасаман" деб айта олмайман. Барча нарсага улгуриш учун ҳаттоки ижтимоий тармоқлардан (телеграм, инстаграмдан) ҳам фойдаланмай қўйганман. Атрофимдагиларнинг бу гаплари менга ёмон таъсир қилмоқда. Янада эътиборли бўлиш учун ўзимда нималарни ўзгартиришим керак, ўз устимда ишлашим учун нималарга эътиборли бўлишим керак?
– Ва алайкум ассалом! Хомиладор бўлганда аёл кишининг организмида турли ўзгаришлар, айниқса гармонал ўзгаришлар рўй беради. Бола туғилгач эса 10-15% аёлларда туғруқдан кейинги депрессия (послеродовая депрессия) ҳолати кузатилади. Аслида бу касаллик эмас. Аммо бу ҳолатга эътибор қилинмай қаровсиз қолдирилса у ҳолда бу касалликка айланиб стационарда даволанадиган даражада чуқурлашиб кетади. Афсуски бу депрессив ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ҳалигача охиригача ўрганилмаган. Бу муаммони қўзғатиб турувчи омиллар уйқусизлик, туғруққача ва ундан кейинги гармонал ўзгаришлардир. Аммо ҳар бир уйқуси яхши бўлмаган аёлга шу ҳолатга тушади дегани эмас. Кўп аёлларда транзитор депрессия ҳолати ҳам учрайди ва бир неча хафтада онсон ўтиб кетади. Аммо айнан шу транзитор депрессия ҳақиқий депрессияга олиб келувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун ўз вақтида ташҳис қўйилиб эътибор қилиниши шарт. Агар сизда маюслик, ғам-андуҳлик кайфияти, уйқу бузилиши, асабийлик, хотира пасайиши, эътиборнинг сусайиши ва депрессиянинг бошқа ҳолатлари кузатилса бунга эътиборлик бўлишингиз керак. Бундай ҳолат кучая борса албатта психиатрга мурожаат этиш керак. Бу ҳолатда психолог ёрдам бера олмайди. Негаки психиатр тиббий маълумотга эга шахс. Шунинг учун бундай ҳолатларда антидепрессантларни ичишни буюришига ҳақли. Психологга мурожаат қилишингиз ҳам мумкин. Психологик муолажалар қилиниши бу ҳолатда ёрдам беради албатта, аммо ўтказиб юборилган ҳолатда психологга эмас психиатрга мурожаат этилади. Енгил ҳолатлар 3 ойгача, оғир ҳолатлар 6 ойгача давом этиши мумкин. Бу вазиятларда уйдаги муҳит жуда ҳам катта ёрдам беради. Оила аъзолари ёш онага ҳар ишида ёрдам бериши, унга меҳр кўрсатиши, эътиборлик бўлиши талаб этилади. Яъни инсон ўз оиласида янги инсон туғилганини, бу катта неъматни дунёга келтириш осон эмаслигини жуда яхши англаши керак. Онги уйғоқ бўлиши керак. Боланинг туғилишига ҳам маънавий ҳам моддий ва албатта жисмоний тайёргарлик кўрилиши керак. Чунки ота-она бўлиш бу ҳақиқий меҳнат ва бу йўлда бор кучини сарф қилиш дегани. Валлоҳу аълам!