Қайтар дунё

03:11 / 13.10.2020 | Азиза | 628

Ассалому алайкум! "Қайтар дунё" бор, бунга ишонаман. Агар сенга "урмаса", фарзандларинга "уради", дейдилар. Онам келинойиларимни гоҳида, ҳар ойда бир қаттиқ урушадилар, лекин зулм қилмайдилар. 1 ойлик камчиликларни битта қилиб айтадилар. Балки чиндан ҳам келинойиларим иш қилишни билмас, онам бекорга урушмаслар. Бу қилган ишлари учун мен қайнонамдан ҳар ҳафта дакки эшитаман. Гоҳида "қайтар дунё" борку, қайинопаларимга қайнонаси шундай зулм қилармикин?", деб ўйланиб қоламан. "Йўқ, чунки улар алоҳида яшайдилар, 2 ҳафтада бир кўришадилар, бундай ҳолат бўлмайди", дейман. Баъзан "нимага уларда "қайтар дунё" бўлмаяпти?", деб ичим қоралик қилади. Қайнонамнинг зулмларидан чарчадим. Мен кетолмайман, эрим ёлғиз ўғил. Гоҳида ичим шундай қоралик қилса нима қилай? Онамни қандай йўлга солай? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Умр жуда қисқа. Вақт бир зумда ўтади кетади. Ичи қоралик ва турли олди-қочди ўй-ҳаёлларга берилмаслик керак. Қўлингиздан келганича охиратингиз учун савоб ишларни қилиб улгуриб қолинг. Ўтган ишларни эсламасликка ҳаракат қилиш керак. Негаки ўтган ишларни ўйлаб юриш сизнинг келажак учун қилишингиз керак бўлган ишларингизга зарур бўлган энергиянгизни сарф қилишдир. Қора ниятли ҳисобланувчи барча амаллар, ҳаёллар сиздаги ҳурсандчилик гармони бўлган дофамин гармони ҳосил бўлишига салбий таъсир этади. Кўнглингизни ҳеч нима ёриштирмай қўяди. "Қора ниятим" деябсиз, бу ҳолатингиз аслида ҳасад дейилади. Ҳасад гуноҳ ишлардан. Сизга Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва Ҳаёт” китобларидан иқтибос келтирмоқчиман.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. (Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берса-ю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса, (иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берса-ю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишмиз.
«Ҳасад» аслида бошқага берилган неъматнинг заволини орзу қилишни англатади. Бу гуноҳ ҳисобланади. Гоҳида «ҳасад» сўзи «ҳавас қилиш» маъносида, яъни бошқа кишига берилган неъматни кўриб, уни ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш маъносида ҳам ишлатилади. Бунга араблар «ғибта» дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги «ҳасад» сўзи ана ўша ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.
Демак, фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб туриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиш мумкин.
«(Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берса-ю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса».
Яъни, «Менга ҳам Аллоҳ шу одамга бергани каби молу дунё ато қилганида, мен ҳам шу одамга ўхшаб, уни яхшилик йўлида сарф қилар эдим», деб ҳавас қилса бўлади.
«(Иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берса-ю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса».
Ўша одамга ҳам бошқа мусулмонлар ҳавас қилса бўлади. Илм билан ҳукм чиқариш ўша илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдан иборатдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мол-дунёни тўғри йўлда сарфлашга тарғиб.
2. Мол-дунёси йўқ кишилар ҳам, агар молу дунёси бўлса, яхшилик йўлида сарфлашни орзу қилишларига тарғиб.
3. Илмга амал қилиб, уни одамларга ўргатишга амр.
4. Бошқаларни ҳам илм олиш, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатишга тарғиб. 

 Валлоҳу аълам!