Оила масаласи

20:53 / 15.10.2020 | !....? | 640

Ассалому алайкум! Мени бир муаммо қийнайди. Қайнонамнинг қилиқлари жонимдан ўтиб кетади. Ўзлари ҳожи оналар, лекин намоз ўқимайдилар. Кўп ғийбат қиладилар. Уларнинг бу ишларига асабим бузилади. Ўзим ва эрим намоз ўқиймиз. Эрим онасига "намоз ўқинг", дейди. Лекин у киши "мен ҳаж сафарида ўқиганман", дейди. Қайнонам эримнинг олдида бошқача, улар кетгандан кейин бошқа одам. Қайнонамнинг икки юзламачилиги жонимга тегди. Уларга чидашга мажбурманми? Асабларим тамом бўлган. Маслаҳат беринг, нима қилай? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Турмуш ўртоғингиз агар ўз оиласи билан алоҳида яшашга имконияти бўлса у ҳолда бу уйдан чиқиб кетгунингизча сабр қилиб турганингиз яхши. Агар бунинг имкони бўлмаса, у ҳолда ҳам айнан қайнонангиз билан бўлаётган бу вазиятда сабр қилиб турганингиз яхшидир. Негаки қайнонангиз ўзининг бу амаллари учун ўзи жавоб беради. Сиз эса сабрингиз учун ажр-мукофот оласиз иншааллоҳ. Қайнонангизга ақл ўргата олмайсиз. Ундан ҳам оғирроғи уни ўзгартира олмайсиз. Аммо турмуш ўртоғингизга нола қилаверсангиз иккалангизнинг ўртангизга совуқчилик тушиб қолишига ўзингиз сабабчи бўласиз. Шунинг учун доно аёл бўлишга ҳаракат қилиб қайнонангизга эътибор қилмай яшашга ўрганинг. Негаки эҳтимол айнан шу сабрингиз сизни жаннат учун етаклайдиган йўл бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!