Ва алайкум ассалом. Балоғатга етган киши кунида беш маҳал намоз ўқиш шарт. Қиёмат куни биринчи бўлиб ҳисоб китоб қилинадиган амал намоздан бўлади. Ўша куни балоғатга етганингиздан бошлаб ўтган умрингизда қанча намоз ўқишингиз фарз бўлган бўлса, ҳаммаси ҳисобланиш учун тарозига солинади. Бордию бирор ракҳати кам чиқиб қолса ҳам иш чатоқ. Агар намозингиз ҳисоби яхши чиқса, бошқа ҳисобларинги ҳам яхши бўлади. Борди-ю акси бўлса –Аллоҳ кўрсатмасин-қолган ишларингиз ҳам яхши бўлмайди. Ўша куни намозларингиз ҳисоб қилинаётганида нима дейсиз? Қўйидаги ҳадиси шарифдан кейин бирор ракҳат намозингизни қолдирмайсиз, деган умиддаман. Валлоҳу аҳлам.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга:
«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар ундан (намоздан) бирор нарса камайган бўлса, У зот:
«Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, «Бандамнинг нафл (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди.
Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизий келтирган лафзда:
«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) дуруст бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса камайиб қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган.
Шарҳ: Қиёмат куни отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қиз билан, қизнинг она билан, эрнинг хотин билан, хотиннинг эр билан иши бўлмайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳамма У куннинг даҳшатидан титрайди. Ҳамма ўзининг ҳоли қандай бўлишидан хавфда бўлади. Ҳамма ҳисоб-китобни кутади. Ана шу пайтда бандаларнинг бу дунёда қилган амалларининг ҳисоб-китоби бошланади. Банда дастлаб намоздан сўралади:
«Сенга намоз фарз бўлганидан бошлаб қанча намоз ўқидинг?»
«Қанча намозни қазо қилдинг?»
«Қанча намозни тўлиқ ўқидинг?»
«Қанчасини ўз вақтида ўқидинг» ва ҳоказо.
Мана шунинг ўзи намознинг қанчалар аҳамиятли эканини яққол кўрсатиб турибди.
Келинг, ушбу улуь ҳадиси шарифдан чиқадиган фойдаларни бирма-бир ўрганайлик:
1. Қиёмат куни одамларнинг энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намоздир.
2. Агар банда намозни бу дунёда ўз вақтида адо этган бўлса, у банда ютуққа эришади, нажот топади. Дўзах азобидан қутулиб, жаннатга киради.
3. Агар банда бу дунёда намозни ўқимаган ёки чала адо этган бўлса, шўри қурийди, у кунда ноумид бўлади, хусронга учраб, дўзахнинг қаҳридан жой олади.
4. Аллоҳ таоло Ўзи билиб туриб, фаришталарга:
«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди.
Бу билан намозни тугал ўқиганларга иззат-ҳурмат кўрсатиш, қиёмат куни фаришталар ва бутун халойиқ олдида уларни шарафлаш бўлади. Шу билан бирга, намоз ўқимаганлар ва намозни тўлиқ ўқимаганларни шарманда қилиш юзага чиқади. Улар ўша кунда ҳамманинг олдида шармисору, хору зор бўладилар.
5. Фаришталар банданинг намозига назар соладилар. Агар намози тугал бўлса, «тугал» деб ёзиб қўядилар ва банданинг иши хурсандчиликка айланади.
6. Фаришталар назар солганида, агар намозидан бирор нарса кам бўлса, баҳзиси ўқилмаган ёки камчилик билан ўқилган бўлса, унинг нафл намозидан олиниб, ўша камчилик тўлатилади.
7. Бунда нафл намознинг аҳамияти намоён бўлмоқда. Шунинг учун нафл намозни кўпроқ ўқиш керак.
8. Нафл намози йўқларнинг аҳволи чатоқ бўлиши.
9. Закотни тўлиқ ва ўз вақтида беришга тарьиб.
10. Закотнинг ками бўлса, қиёмат куни нафл садақалардан ўрни тўлдирилиши.
11. Ҳамма фарз амаллардан камчилик бўлса, ўша амалларнинг нафлидан ўрни тўлдирилиши.
12. Нафл ибодатларга тарьиб.
Намозида камчилик бўлганларнинг ҳоли шу бўлса, умуман намози йўқларнинг ҳоли нима бўлишини ақли бор одам ўзи билиб олаверади.
Иш шундай бўлганидан кейин бир ракҳат фарз намозни ҳам қолдирмай, ўз вақтида яхшилаб ўқишимиз лозим. Бошқа вақтларда иложи борича кўпроқ нафл намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Токи, қиёмат куни шарманда бўлмайлик. Ҳисоб-китобимиз аввалидан яхши бошланишига муяссар бўлайлик. Намозимиз тугал чиқиб, ютуққа эришиб, нажот топиб, жаннатга мушарраф бўлайлик.