– Ва алайкум ассалом! Сабр сўраш жоиз. Валлоҳу аълам!
«Сабр зиёдир».
Луғатда «сабр» нафсни хоҳлаб турган нарсаларидан қайтариш, унга оғир келадиган ибодатларга ундаб туриш ва турли машаққату қийинчиликларга бардош беришдир.
Бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка «зиё» дейилади. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик «зиё» деб аталади. Бир жисм бошқа жисмдан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, «нур» дейилади. Ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун уни «ой нури» деб айтамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган Зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади.
Сабрнинг зиё бўлиши, аввало инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқиши, қолаверса, сабр бора-бора мўмин қалбида зиёга айланишидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлларини унга ёритиб беради. Шу билан бирга, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрда ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.
Кўпчилик орасида сабр тушунчаси нотўғри талқин қилинади. Сабр деганда, биров томонидан қилинган зулмга жавоб қилмай, жим туриш тушунилади. Аслида бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр эса ижобий тушунча.
Исломда сабр дейилганда, аввало иймон-эътиқод, дину диёнат йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш, Аллоҳнинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб, чидатиш тушунилади. Сабр деганда, Аллоҳнинг калимаси ер юзида ҳамма калималардан устун бўлиши учун кураш қийинчиликларига дош бериш назарда тутилади. Ислом дини адолатидан бутун дунёни баҳраманд қилиш учун барча машаққатларга кўниш, ҳалол-пок юриш, яшаш ва ишлаш қийинчилигига чидаш сабр дейилади. Ана шу нарсаларга сабр қилишга ўрганайлик, шояд, сабр қалбимизда зиё бўлиб, турли машаққатларнинг осон бўлишига ёрдам берса, қабримизда, қиёмат кунида бизга зиё бўлиб, Аллоҳ таоло бизни унинг ёруғидан баҳраманд этса!
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Кимки сабр қилиб, қийинчиликларга чидаб, савоб умидида мусулмонлар диёрига бирор нарсани келтириб, ўша куннинг нархида сотса, Аллоҳнинг ҳузурида шаҳидлар мартабасига эришади», деганлар.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )