Шу тўғрими?

09:52 / 28.12.2020 | Хумайра | 662
Ассалому алайкум! Қуйидаги матн телеграмда, группада, олий маълумотли ёши катта инсондан келди. Мен автори йўқ, ровийси йўқ маълумотларга ишонмайман. лекин бу маълумотни аввал хам эшитгандим. Лекин қаерда эшитганимми аниқ айтиб беролмиман. Шу тўғрими ёки тўқимами айтиб бероласизми илтимос. "Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғли бўлибди. Бир куни пешин намозига о дамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқасига қараса, ўнг томонида ўн бешта ўғли, чап тамонида ўн бешта ўғли ўтирибди экан. Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб: Ўзимизам бир жамоа эканмизку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз. Худо хохласа ўттиз ўғлим бор, хақ динни бутин элга узим етказаман деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибди. Худога Довуд пайғамбарнинг бу иши ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида ассалому алейкум ва Рахматуллох деб ўнг тамонга салом берганда ўн бешта ўғли жон топширди. Чап тамонга салом берганда қолган ўн бешта ўғли бандаликни бажо келтирди. Хатосини уққан Довуд пайғамбар кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўради. Рахми чексиз Оллох ўттизта ўғлингни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми деб сўради. Сенинг амринг икки бўлмайди. Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин. Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас. Айтганинг бўлсин. Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман. Майли шунисигаям шукр деб Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўради. У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (абдаста), елкасига сочиқ осиб: Ўғлим сен энди бизнинг уйга келган мехмонларнинг ёшми, қариями хаммасининг қўлига сув қуюб тургин. Сувни уч марта узиб узиб қуясан. Тўртинчи марта агар мехмон сўраса қуясан. Ота нега узиб қуйишим керак? Сабаби ўликни ювушганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясанда ўғлим. Иккисини фарқи бор дейди. Довуд пайғамбарга келган ёш қарининг хаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга юзга кир болам, қўлинг дард кўрмасин, катта олим бўлгин, подшо бўлгин, умринг узоқ ризқинг бутин бўлсин деб рахматлар айтарди. Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди. У пайтда боласи тўққизга тўлгач уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. Лекин Оллохнинг болага фақат тўққиз йил умр бераман дегани Довуднинг эсида эди. Бир куни Довуд пайғамбар сахарда Оллохни зикр қилиб ўтириб, Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса болани унаштириш лозимлигини айтди. Шунда Хақ Таоло менинг исмларимдан бири Халқдур. Минглаб одамлар сенинг болангга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман. Сулаймон узоқ умр кўради У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга хукмронлик қилади деб жавоб берди." Оллох илмингизни зиёда қилсин. Ишларингизга хайр-барака берсин. Рахмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бу ривоят ғирт тўқима.

«Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом «Бу кеча юзта хотинни айланиб чиқаман, ҳар бир хотин Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган биттадан ўғил туғади», деди. Шунда фаришта унга «Иншааллоҳ, дегин», деди. У айтмади, унутди. Бас, у(аёл)ларни айланиб чиқди. Уларнинг бирортаси ҳам туғмади. Фақат биргина аёл ярим инсон туғди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар «Иншааллоҳ», деганида, қасамини бузган бўлмас эди ва ҳожатига эришишига умидлироқ бўлар эди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Ушбу ривоятни бу ерда келтиришдан мақсад, ўтган Пайғамбар алайҳиссаломлар ичида Сулаймон алайҳиссаломга ўхшаб, юзта хотинга уйланганлари ҳам борлигини билдиришдир.

Сулаймон алайҳиссаломнинг шариатларида хоҳлаганча аёлга уйланиш жоиз бўлиб, Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзларининг юзта хотинлари бор экан. У кишида зурриётни, Аллоҳнинг йўлида хизмат қиладиган фарзандларни кўпайтириш нияти бўлган экан. Зотан, никоҳдан кўзда тутилган мақсадлардан бири ҳам шу.

Бир куни Сулаймон алайҳиссалом «Бу тунда юзта хотиним билан бир-бир ётиб чиқсам, биттадан ўғил туғсалар, Аллоҳнинг йўлида хизмат қиладиган юзта ўғил туғилади», дебдилар. Фаришта «Бу гапни «Аллоҳ хоҳласа», деб айтгин», дебди. Аммо Сулаймон алайҳиссаломнинг ёдларидан чиқиб қолиб, айтмабдилар. Ўша кечаси хотинларини айланиб чиқибдилар. Лекин «Иншааллоҳ», демаганлари учун улардан бирортаси ҳам бола туғмабди. Фақат биргина аёл чала бола туғибди. Чунки «Аллоҳ хоҳласа», дея У зотга таваккал қилиш табаррукдир, шунинг учун ҳам бир ишни қилмоқчи бўлган инсон «Иншааллоҳ», демоғи лозим.

«Батаҳқиқ, Сулаймонни синадик ва курсисига жасадни ташладик. Сўнгра, у кўп тавба қилди» («Сод» сураси, 34-оят).

Ушбу ояти каримадаги зикр қилинган синов нимадан иборат? Курсига ташланган жасад нима эди? Бу саволга бошқа оятларда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам жавоб йўқ. Шунинг учун ҳам турли асоссиз қисса ва ҳикоялар кўпайиб кетган.

Эътиборли тафсирчиларимиз бу оятга бевосита боғлиқ ҳадислар бўлмаса ҳам, бир саҳиҳ ривоят борлигини айтиб, «Эҳтимол, ўша ривоят бу оятни тўғри тушунишга ёрдам берар», дейдилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Сулаймон «Бу кеча етмиш аёлни айланиб чиқаман, уларнинг ҳар бири Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз туғади», деди. «Иншааллоҳ», демади.

Бас, у аёлларни айланиб чиқди. Улардан биргина аёл ҳомиладор бўлиб, яримта (чала) бола ташлади. Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар «Иншааллоҳ», деганида, уларнинг ҳаммаси чавандоз бўлиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилар эдилар».

Бу ҳадиси шарифни оятга боғлиқ, деб биладиган бўлсак, қуйидаги маънолар келиб чиқади.

«Батаҳқиқ, Сулаймонни синадик».

Демак, Сулаймон алайҳиссалом ҳам бошқа Пайғамбарлар сингари, хусусан, оталари Довуд алайҳиссалом каби, Аллоҳ таолонинг синовига учраганлар. Синовнинг бир қисми у зотга отларнинг кўрсатилиши эди. Сўнгра отларни кўриб, Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз ўғиллари бўлишини орзу қилдилар. Шунда ҳадиси шарифда келганидек, хотинларидан етмиштасига бир кечада айланиб чиқишни ва улардан етмишта чавандоз ўғил кўришни ният қилдилар-у, лекин «Иншааллоҳ», демадилар. Ўзларидан ўтган бу кичиккина сустликни қалблари дарҳол сезди. Бунинг устига, ашёвий далил ҳам келди.

«Курсисига жасадни ташладик».

Ўша кеча ҳомиладор бўлган биргина хотинлари ҳам чала бола туғиб қўйди. Ўша яримта жасад Сулаймон алайҳиссаломнинг курсиларига келтирилди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом гап нимада эканлигини тўла англаб етдилар.

«Сўнгра у кўп тавба қилди».

Аллоҳ таолога юзландилар. Ҳеч қачон Унинг зикридан бошқа нарсага кўнгил бурмасликка ва «Иншааллоҳ» демасдан, бирор иш қилмасликка қарор бердилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

  Валлоҳу аълам!