Ассалому алайкум! Алҳамдулиллаҳ, учта ўғлимиз бор. 10, 9 ёшли ва етти ойлик. Катта ўғлим тиклар, болалар неврози туфайли бир неча марта даволанди. Ҳозирги муаммо, гапираётганда кўзи узоқроқ вақт юмилиб кетади. "Чарчаяпман", дейди. Ҳозирда қўшимча математика ўқияпти, ўзлаштириши аъло. Лекин орада ҳеч нарса ёқмай, ҳеч нарса қизиқтирмай қўяди, ёлғон гапириб қўяди. Менга унчалик меҳр бермайди, қучоқлаб, "дўстим, ўртоғим", дейман, фойдаси кам. "Мутлақо ҳеч нарса керакмас ва қизиқмас", дейди. Мен нима қилишим керак, илтимос маслаҳат беринг. Яқинда тўлиб-тўлиб йиғлади, "чарчадим, икки-уч йил дам олай", деди. Асаблари чарчаб кетган одамга ўхшатдим. Оиламиз тинч, фойдали бир чора тополмаяпман.
– Ва алайкум ассалом! Ўғлингизни болалар психологи қабулига олиб боришингиз керак. Бу яхши ҳолат деб айтиб бўлмайди. Тик борлигининг ўзи катта муаммо. Устига устак "2-3 йил дам олай", дейиши жуда ғалати. Бундай ёшда бола ҳеч нимадан чарчамайди. Тўлиб тошиб, ғайратли бўлиб ўзини у ёққа бу ёққа урадиган вақт. Болани тилини тушуниб олишингиз керак. "Мутлақо ҳеч нарса қизиқмас" дейиши ҳам бу ёшдаги болага хос гап эмас. Аслида бола жуда қизиқувчан бўлади. Уй шароитида боланинг бундай ҳолатида чора кўриб бўлмайди. Албатта мутахассисларга кўрсатилгани маъқул. Валлоҳу аълам!