Қўрқув

07:15 / 17.12.2020 | Bintu_ | 556

Ассалому алайкум! Ёшим 20 да. Менга маслаҳатингиз керак. Касбим ҳамширалик, ҳозирда уйдаман. Иш қидираман, ишга бораман, негадир кўнглимга ёқмайди ва боришни истамайман. Баъзида менда одамларнинг орасига киришга қўрқув бор бўлса керак, деб ўйлайман. Ўзим "ёпиқ" характерли инсонман, кўпчилик билан чиқиша олмайман. Бир инсонни яхши танимай, билмай у инсон билан танишгим, гаплашгим келмайди. Бир ишни бошлашдан олдин жуда узоқ ўйланаман, кўпинча охир-оқибат у ишни қилишга хоҳшим қолмайди. Худди ҳеч нарсага қизиқишим йўкдек. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Сизнинг бу ҳолатингиз темпераментингизга боғлиқ бўлса керак. Меланхолик темпераментидаги инсонлар шундай бўладилар. Аммо характерингиз устида ишласангиз бу ҳолат сизни безовта қилмайди. Меланхоликлар кўпроқ салбий фикрлайдиган, уйқуси ва иштахаси яхши эмас, оҳиста ҳаракат қиладиган, тез чарчаб қоладиган, кўп иккиланадиган, арзимаган нарсаларни ўйлаб сиқилиб юрадиган, одамови, камгап, инсонлар ичида ноқулайликлар ҳис этадиган бўладилар. Аммо улар мутафаккир инсон бўлиб, агар ўз устиларида ишласалар, кўп ўқиб мулоҳазалар қила олсалар илмли ва билимли бўла оладиган жуда яхши шахсдирлар. Албатта инсонлар орасига киришга ҳаракат қилинг. Алоҳида бўлиб юраверсангиз ҳаётда ўзингизни қийнаб қўясиз. Инсонлар билан муносабат қуриш учун уларни кузатинг, улар ҳақида кўпроқ тафаккур қилиб кўринг. Ҳар бир инсонда Яратган унга ато этган яхши фазилатларини кўришга ҳаракат қилиб кўринг. Бу ишга ўргансангиз, мулоқот қилишда, одамлар ичига киришда онсонлик сеза бошлайсиз. Валлоҳу аълам!