Исломда психосоматика

20:18 / 27.12.2020 | Умму Иброҳим | 734

Ассалому алайкум! Мусулмон киши ўзидаги касалликларни ўзининг психологик ҳолатига йўйса бўладими? Мисол тариқасида, агар инсоннинг оёғи оғриса, демак у ҳаётида олдинга қадам қўёлмаяпти, ёки аёлларнинг хос органларида муаммо бўлса, демак у эркакларни тан олмасликдан келиб чиққан ва кейинчалик инсон шу ҳолати билан ишласа, касаллик ўз-ўзидан йўқолади. Хуллас, бунинг турлари жуда кўп. Саволим айнан шундай эътиқодда бўлса бўладими?


Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Психосоматика илми аслида психология, химия, физика, анатомия каби илмларига ўхшаш илм. Ўрта асрларда психология ислом дини ва исломий илмлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, алоҳида билимлар деб тасаввур қилинмаган. Ўз илмий асарларида мусулмон олимлари нафс (эго ёки қалб), фитрат (инсон табиати, туғма ҳолат), қалб (юрак), руҳ, ақл (интеллект), ирода ва бошқа психологик терминларини ишлатганлар. Олим Абу Зайд Балхи (849 й) энг биринчи когнитив ва клиник психолог деб ҳисобланиб, невроз ва психозларни энг биринчи бўлиб ажратиб берган. Ислом психологияси ассоциациясининг ташкилотчиси марҳум доктор Малик Бадри Ал-Балхига “Психологик тиббиётнинг даҳоси”, “Психосоматик тиббиётининг пионери”, “Когнитив терапиянинг пионери” деб баҳо берган. Мана бундан кўриниб турибдики, психосоматика шунчаки яқинда ўйлаб топилган ибора, маълум бир йўналиш эмас, балки қадимдан бор бўлган илмдир. Бу ҳақда кўпроқ билимларга эришмоқчи бўлсангиз Ал-Балхи асарларини, Абу Али Ибн Сино асарларини топиб ўқиб билиб олишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!