Қайнонам билан келишолмайман

02:50 / 08.01.2021 | Amina Kamolovna | 554

Ассалому алайкум! Ёшим 23 да. Аллоҳга шукур, 2 фарзандимиз бор, турмуш қурганимизга 5 йилдан ошди. Эримни ҳурмат қиламан, яхши инсон. Аммо қайнонам билан кўпинча келишолмаймиз. Қўлимдан келганча хизматларини қилишга ҳаракат қиламан, аммо мана 5 йилдирки, улар мендан ҳали ҳам норозилар. Доим ишларимдан айб қидирадилар. Қайнотам иккинчи хотинга уйланганлари учун кўп уришишади. Аламларини эса мендан оладилар. Бу ҳолат мени анча қайғуга ботириб қўйди. Эътибор бермай десам ҳам бўлмаяпти, ҳозирда ҳомиладорман. Табиатан камгаплигим учун ҳам кўп гап эшитаман. Нима десалар "хўп" дейишга ҳаракат қиламан, аммо баъзан бунинг иложи бўлмайди. "Сиз келинсиз", дейдилар. Наҳот менинг ўз фикримни айтишга ҳаққим бўлмаса? Менга аҳмоқ одамга муомала қилгандек гапирадилар. Шундай бўлса ҳам бирор марта гап қайтармаганман. Жуда йиғлоқи бўлиб қолганман. Илтимос, маслаҳат беринг. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Инсон ўз қадрини билиб яшаши керак. Ҳозир ўз соғлигингизни биринчи ўринга қўйинг. Соғлигингизга путур етса болаларингиз нима бўлади? Ўз қадрини билиш учун инсон соғлигини қадрини билиши керак. Қайнонангизга эътибор қилмасликка ҳаракат қилишингиз керак. У барибир ўзармайди. Унинг феълига эътибор қилаверсангиз соғлигингизга путур етади. Қайнонангизни турмуш ўртоғингизни тарбиялаган, сизнинг онангиз каби мўътабар она ўрнида кўринг. Сизни тарбия қилган онангиз каби у ҳам кўп мушкулликлар билан турмуш ўртоғингизни тарбия қилиб сизга турмуш ўртоқ қилиб берди. Мана шу ишларни билсангиз қайнонангизнинг жиззакилик қилишию, инжиқлик қилишларига эътибор қилмай қўясиз. Суннатга мувофиқ кулиб юрсангиз, "олам гулистон"! Табассум қилган инсонга бошқалар ҳам табассум қилади. Қайнонангизга қалбингизда яхшилик тилаб, табассум қилиб турсангиз унга бу энергиянгиз боради ва у ҳам сизга табассумлик бўлади. Табассум қилган инсонга биров ёмонлик қилгиси келмайди. Ҳаёлларингизни тозалашга ҳаракат қилинг. Негатив ўй-ҳаёллар келса уларни тўхтатинг. Ҳаёлингизда қайнонангиз билан она боладек бўлиб кетганингизни, энг бахтлик инсон эканингизни, хотиржам яшаётганингизни тасаввур қилинг. Бу яхшилик гумонида бўлишга элтувчи йўлдир. Валлоҳу аълам!