Ассалому алайкум! Мен 25 ёшдаман. Талабаман. Бу йил ўқишни битираман. Турли сабаблар билан турмуш қуришим кечикмоқда. Яқинда ҳам бир йигит билан унаштирилишимиз керак эди. Лекин фотиҳа кунимиз оиламдагилар йигит бизга тўғри келмаслигини айтиб уларга рад жавобини беришди. Бундан жуда хафа бўлдим. У йигит менга жуда маъқул бўлган эди. Бир мартагина кўришган бўлсак ҳам кўнглим боғланиб қолган экан. Энди бошқа ҳеч кимдан совчи келмаяпти. Атрофдагиларнинг гап-сўзларидан жуда сиқилиб кетяпман. Ҳижоб ўрайман, алҳамдулиллаҳ. Лекин рўмолим ортидан ҳам турли гап сўзлар чиқаяпти. Оиламдагилар рўмолим сабаб мендан ранжишяпти. Уларга тушунтиролмаяпман. Жуда чарчадим. Муаммоларимни ҳал қилолмаяпман. Бирор ишга қўл уролмаяпман. Кўп йиғлайман. Асабийман. Мени турмушга бермаганликлари учун отамдан жаҳлим чиқяпти. Нима қилишни билмаяпман. Менга маслаҳат беринг.
– Ва алайкум ассалом! Турмушга чиқишингизнинг вақти соати келмаган ҳали демак. Тақдирингизда битилгани борки, вақти ҳам тайин қилинганки ўша вақти келмагунича, ўша инсон учрамагунича минг ҳаракат қилинмасин барибир никоҳ бўлмайди. Шунинг учун чиройли сабр қилиб, хайрли никоҳ бўлишини сўраб дуода бўлиб туришингиз керак. Ўша сиз хоҳлаган йигитга никоҳланганингизда демак сиз учун ва у учун хайрли иш бўлмаган бўлар эди. Аллоҳ Ўзи билгувчи. Сиз учун хайрли бўладигани ҳаётингизга иншааллоҳ энди кириб келади. Кўриб турибсизки ота-онангиздан хафа бўлишингиз ноўрин. Ота-онангизнинг хизматларини чиройли адо этинг, дуоларини олиб юринг. Шунда бахтингиз ҳам чиройли бўлади. Валлоҳу аълам!