Ассалому алайкум! Жуда инжиқ бўлиб қолганман, ҳар нарсадан шубҳаланаман. Кўпроқ нажосат текканмикин, тегмаганмикин деган шубҳага бораман. Намоз ўқимоқчи бўлган кийимимга ёки бирор аъзойимга кўпроқ нажосат тегса, мен нажосат текканини билмасдан ўша туришда намоз ўқисам шу ўқиган намозим қабул бўладими? Уйимиздагилар ҳўжайиним кўп тозаликка эътибор бермайдилар. Кийимимга сал нам тегиб қолса дарров нажосат деб ўйлайман. Кийимимга айтилган миқдордан кўп нажосат теккан бўлса, намозим қабул бўладими? Илтимос аниқ қилиб жавоб берсангиз, раҳмат.
– Ва алайкум ассалом!
ПОК ВА НАЖАС НАРСАЛАР БОБИ
Ҳақиқий нажосат икки турдан иборат:
Биринчиси: енгил нажосат, бунга мисол:
1-Отнинг пешоби, туя, сигир, қўй ва кийикка ўхшаш гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби.
2-Бургут ва калхатга ўхшаш гўшти ейилмайдиган қушларнинг ахлати.[1]
Иккинчиси: оғир нажосат, бунга қолган нажосатлар киради. Мисол учун:
1-Инсон ёки ҳайвоннинг пешоби, от ва гўшти ейиладиган бошқа ҳайвонларнинг пешоби бундан мустасно.
2-Инсон ва ҳайвоннинг ахлати, ит, ёввойи ҳайвон ва бошқаларники каби.[2]
*Ҳавода ахлат чиқармайдиган товуқ ва ўрдакка ўхшаш қушларнинг ахлати ҳам.[3]
3-Ит шер, бўрига ўхшаш йиртқич ҳайвоннинг сўлаги ва тери.
4- Инсон баданидан чиқиши билан таҳоратни кетказадиган нарсалар, оққан қон, маний, мазий, йиринг ва оғизни тўлдириб қусиш каби нарсалар.
5-Ўлимтикнинг гўшти ва териси.
6-Ҳайвон бўғзидан чиққан қон.[4]
7-Ароқ.[5]
8-Чўчқа, у барча бўлаклари билан нажаснинг ўзидир.
ЕНГИЛ ВА ОҒИР НАЖОСАТ ОРАСИДАГИ ФАРҚ ВА
АФВ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИ
Ҳар икки турга ҳам нажосат ҳукми берилади, уларни поклаш кайфиятида орасида фарқ йўқ, сув ва бошқа нарсалар ҳар икки турдаги нажас сабабли нажосатланишида ҳам. Лекин иккиси афв қилинган миқдорга кўра бир-биридан фарқ қилади.
Оғир нажосат кийим ёки баданда дирҳам[6] миқдорича бўлса, авф қилинади. Ушбу миқдорча нажосат текканда намоз ўқиш кароҳат ила жоиздир. Ундан зиёдасида, нажосатни ювиш вожиб бўлади. У билан намоз дуруст бўлмайди.
Енгил нажосат кўп бўлмаса, афв қилинади. Кўпнинг миқдори нажосат теккан бадан ёки кийимнинг тўртдан биридир. Яъни бадандан қўл, оёқ ва шуларга ўхшаш аъзоларнинг тўртдан бири. Кийимда эса енг ёки этакнинг тўртдан бири. Ушбу миқдорча нажосат текканида ёки ундан кўп миқдорда намоз дуруст бўлмайди.
Нажосатдан бу миқдорининг афв қилиниши тангликни кетказиш учундир. Лекин нажосатни кетказишда мусулмон кишига танглик бўлмаса, уни кетказиб, сўнгра намоз ўқиши лозим.
Афв қилинадиганлардан:
*нажосати бор кўчанинг лойи ва балчиғи зарурат учун афв қилинади, магар киймида нажасотнинг айни ўзини кўрса қилинмайди.
*Пешобнинг сачраши игна учи каби бўлса авф қилинади.[7]
*Нажосатнинг тутуни нажосатлантирмайди, бунга тезак ёниб, унинг тутуни сув ёки кийимга тегишини мисол қилиш мумкин.
НАЖОСАТ АСАРИ КЎРИНМАГУНИЧА КИЙИМ ЁКИ БАДАН ПОКЛИГИЧА ҚОЛАДИГАН МАСАЛАЛАР
*нажас теккан тўшак устида ухласа ёки унга оёғини қўйса ва тўшак унинг тери билан ёки оёғининг нами билан намланса, агар нажосатнинг асари[8] бадан ёки оёқда кўринса, нажосатланади, бўлмаса йўқ.
*Шунингдек, хўл кийим нажосат бўлган қуруқ ерга ёйилса, ер кийимнинг хўлидан намланса, кийимда нажосатнинг асари кўринмаса, нажосатланмайди.
*Пок қуруқ кийим озгина намлиги бўлган нажас кийимга ўралса, нажосатланмайди.[9]
Қоида: «Нарсалардаги асл ҳолат покликдир»: бу муҳим қоида бўлиб, нарсалар то нажосатлиги аниқ билингунига қадар пок эканлигини баён қилади. Бу қоидадан қуйидаги фаръий масалалар келиб чиқади:
*Агарда бир адолатли киши сувнинг поклигининг хабарини берса, бошқа бир адолатли киши эса уни нажас деса, бу ерда шак туғилади, шунда уни текшириб кўриш керак, бордию бунинг имкони бўлмаса, сув асли поклигида қолган бўлади.
*Агар ўзгарган сув топилса, у нажосат ёки кўп туриш билан ўзгарган бўлиши эҳтимоли бўлса, бу ҳолатда у билан покланиш сувнинг асли поклигига кўра жоиз бўлади.
*Ҳовузнинг сувига нажосат теккан ёки тегмаганлигида шубҳаланса, сув асли пок ҳисобланади, унда таҳорат қилади.
*Фосиқ ва зиммийларнинг кийимлари пок. Шунингдек кофирлар ясайдиган идишлар ва тўшаклар ҳам.[10]
Қоида: «Ким покликни(таҳоратни) аниқ билса ва ҳадасда шубҳа қилса, у покдир».
Ўтган қоида умумийдир. Бу эса ҳукмий таҳоратга хос қоиладир. Ким таҳорат қилганини аниқ билсаю, унинг кетгани ёки кетмаганлигида шубҳаланса, у пок ҳисобланади, намози ҳам дуруст бўлади.[11]
Шунингдек, ким бетаҳоратлигини аниқ билсаю, таҳорат олганида шубҳа қилса, у бетаҳорат ҳисобланиб, таҳорат олиши лозим, бўлмаса намози дуруст бўлмайди. Чунки умумий қоида: «Аниқ нарса шак билан кетмайди», дейди.
(«Муяссар фиқҳ» китобидан)
[1] Кабутар ва чумчуққа ўхшаш ҳавода ахлат чиқарадиган, гўшти ейиладиган қушларнинг ахлати эса бизнинг мазҳабда пок ҳисобланади.
[2] Шунингдек бизнинг мазҳабда от, хачир, эшак ва сигир ва филнинг тезаклари ҳам оғир нажосат ҳисобланади.
[3] Бошқа ахлат ва пешоблардан ва бошқа нарсалардан истисно қилинган.
[4] Сўйилган ҳайвоннинг гўшти ва томирларида ҳамда жигар, қораталоқ ва юрагида қолган қон эмас, шинингдек бадандан чиққандан кейин оқмайдиган қон ҳам.
[5] Бошқа шароблар хусусида ихтилоф қилинган. “наҳр”да енгил нажас эканлигига қайтилган. “Баҳр” да эса оғир нажас эканлигига.
[6] Дирҳамнинг миқдори баёни айтиб ўтилган, у тахминан уч грамм ёки кафт чуқурчалигидек.
[7] Бу агар бадан ёки кийим ёки маконга сачраса, аммо кам сувга сачраса, уни нажас қилади.
[8] Таъм, ранг ёки хид каби. Мана шу нарсалардан бирор нарса баданда кўринса нажас бўлган бўлади. Зоҳир бўлмаса йўқ.
[9] Ўша хўл кийим сиқилганида сув чиқмайдиган даражада бўлса. Нажосатнинг асари пок насрсада кўринмаслиги шарт қилинади. Нажосатнинг тутни ва нажосатдан эсиб ўтган шамол нажас бўлмайди. Шунингдек нажса сувнинг буғлари ҳам зарурат юзасидан нажас бўлмайди.
[10] Ким идиши ёки кийими ёки баданига нажосат тегдими ёўқми шубҳага борса, аниқ текканини билиагунича у покдир. Шунингдек йўлларга қўйилган қудуқ ва ҳавзлар, ундан кичиклари катталар мусулмонлару кофирлар сув оладилар. Шунингдек шикр аҳли қиладиган ёғ, нон таом ва кийимлар ҳам. (татархония)
[11] Агар кенглик бўлса эҳтиётан ва афзали қайта таҳорат қилиб намоз ўқишидир.
Валлоҳу аълам!